Тошкентдан мактублар: Рус тилини билмаганлар "қишлоқи"ми?

Itar-tass

Сурат манбаси, Itar-tass

1995 йилда Ўзбекистонда ўзбек тили давлат сифатида қабул қилиниб, рус тили бутунлай расмий кучини йўқотган эди. Мамлакат аҳолисининг тахминан 5 миллиондан ортиғи актив ҳолатда, 10 миллиондан ортиғи эса пассив ҳолатда рус тилида мулоқот қилади. Ўзбек аудиториясининг деярли 70 фоизи интернатдан рус тилидаги ахборотлардан фойдаланади. Тахминан 10000 га яқин умумтаълим масканларидан фақатгина 739 нафари рус тилида дарсларни олиб бориши, аммо меҳнат бозоридаги энг яхши иш жойлари рус тилини талаб қилиши мамлакатда тил хаосини юзага келтирди.

Халқ орасида рус тилини билмаган қатлам "қишлоқи", рус тилини равон гапирувчилар эса "ўзбек элитаси" гуруҳига киритилиши, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи 70 фоиз ўзбек тилида гапирувчилар 30 фоиз рус тилида равон мулоқот қилувчиларнинг соясида қолиб кетаётгани ачинарли, аммо ҳақиқат.

Охирги вақтларда Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар, тил сиёсати ҳам аниқ стратегик ишловга муҳтож эканлигини кўрсатмоқда. Ўзбек халқи мукаммал тизимга солинмаган тил туфайли ўз касбий ва академик маҳоратларини тўла намойиш эта олмаётгани, давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар ёки лойиҳаларда "ўз касбини устаси" номини олиш - рус тилини равон гапириш заруриятини туғдираётгани таълим тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги мувозонатнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда.

"Мактабни муваффақиятли тугатган бўлсам-да, Тошкентдаги олийгоҳларга кирганимдан сўнг, рус тилини билмаслигим кўп қийинчиликларга олиб келди. Ихтисослик фанларни ўзлаштиришдан кўра, рус тилига кўпроқ урғу беришим келажакда ишга киришимга кўпроқ фойда беришини тушуниб, икки йилдан бери фақат рус тилини ўрганишга вақт ва пул сарфлаяпман. Аммо ҳозиргача рус тилида ўз фикримни баён қилишга қийналаман, - дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети биология бўлими талабаси Ситора Аъзамова.

Тил муайян ғоя ёки фикрни ишлаб чиқиш, уни амалиётга тадбиқ этувчи асосий қурол эканлигини ҳисобга олсак, минглаб ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар икки тил орасида аросатда қолиб кетаётганлиги, айнан фикрлаш, ташаббус кўрсатиш ёки муайян ихтисосликка йўналиш даврида, аксарият эътиборларини тил ўрганишга сарфланаётганлари, ҳукумат ушбу муаммога жиддий эътибор қаратиши зарурлигини талаб қилмоқда.

"Аксарият илмий-амалий анжуманлар, семинарлар ва бошқа турдаги тадбирлар рус тилида олиб борилгани учун, асосий фикр-мулоҳазаларда ўзбек тилида гапирувчи аудитория иштирок этишга ҳижолат тортади. Ушбу ҳолат уларда ҳеч қандай ғоя йўқлигидан эмас, балки тадбирда ўзбекча руҳият яратилмагани сабабли юзага келади,-дейди ўрта мактаб инглиз тили ўқитувчиси Гулчеҳра Баҳриддинова.

Бу каби икки тил ўртасидаги хаос фақатгина оммавий тадбирлар жараёнида эмас, балки оддий мулоқот даражасида ҳам намоён бўлмоқда. Оддий давралардаги мулоқот даврида рус тилида гапирувчининг фикри ҳукмронлик қилиши, ўзбек тилида гапирувчининг фикрлари эса, эски ғоялар сифатида қабул қилиниши ёки унга етарли эътибор қаратилмаётгани минглаб иқтидорли инсонларнинг нотўғри тил сиёсати қурбонига айланишига олиб келди. Бу асосан, иккита муҳим омил билан тавсифланади: биринчидан, асосий янгилик ва маълумотлар оқими рус тилида қабул қилинса, иккинчидан, етакчи давлат ташкилотлари рус тилида иш юритади. Ушбу икки омил фуқароларнинг ижтимоий табақаланишига, минглаб иқтидорли ёшлар тил орқасида қолиб кетишига, ўзбек мактабида таҳсил олган яхши мутахассисни ўз маҳоратини намойиш этиши учун йиллаб рус тилини ўрганишга мажбур қилмоқда.

Албатта, ушбу муаммо бевосита бир қанча иқтисодий, сиёсий, ижтимоий омиллар билан боғлиқ ва уни тез орада ҳал қилиш имконияти йўқ. Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорлари собиқ совет давлатлари эканлиги, ҳар йили беш миллиондан ортиқ ўзбекларнинг Россияга мигрант сифатида кетиши, меҳнат бозоридаги асосий тажрибали мутахассислар собиқ совет давридагилар бўлиб, асосий иш тили рус тили экани, маълумотлар заҳирасининг аксарияти рус тилидалиги, ушбу тилнинг мамлакат ҳаётида муҳим муомала воситасига айланишининг асосий сабабларидир. 70 йил рус тили орқасида қолиб кетган ўзбек тили ҳали илмий, профессионал тил сифатида мукаммал шакллантирилганича йўқ. Асосийси, ушбу муаммо негадир доимо иккинчи даражали масала сифатида ўтказиб юборилмоқда. Зеро, халқнинг ҳар томонлама ривожланишидаги асосий қурол, бу-тил. Тил сиёсати тартибга солинмас экан, халқ ўз тилида ҳеч қандай жамият айбловларисиз, ҳижолатсиз гапира олмас экан, мамлакат тараққиёти учун масъулият бор-йўғи 30 фоиз рус тилида гапира олувчи "ўзбек элитаси" зиммасида қолаверади.

Тошкентлик тилшунос олима

Блог муаллифларининг фикрлари Би-би-си таҳририятининг нуқтаи назарини акс эттирмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek