АҚШ элчиси Муҳаммад Бекжон билан учрашди

Image caption Муҳаммад Бекжон (чапда) 18 йил умрини қамоқда ўтказган

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен жума куни Тошкентда собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон билан учрашган.

Муҳаммад Бекжон: "Алвидо, "Жаслиқ!"

Бу ҳақда Би-би-сига Муҳаммад Бекжоннинг ўзи маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Спратлен хоним 64 ёшли журналист ва мухолифат фаолининг қамоқдаги ҳаёти, Ўзбекистондаги ўзгаришларга муносабати ҳақида сўраган.

"Шавкат Мирзиёев ҳақида илиқ фикр билдирдим. Спратлен хоним ҳам Мирзиёев ҳақида ижобий фикрдалигини айтди", - дейди Муҳаммад Бекжон.

Унга кўра, АҚШ элчиси Ўзбекистон ҳукумати собиқ сиёсий маҳбуснинг фарзандларини кўриш учун Қўшма Штатларга сафар қилишига рухсат беради, деган фикрда.

Ўтган ой Муҳаммад Бекжон Ички ишлар вазирлигининг назоратидан чиқарилгани маълум бўлган.

У ҳозирда АҚШга сафар қилиш учун чиқиш визаси олиш ҳаракатида.

Муҳаммад Бекжоннинг АҚШда истиқомат қилаётган фарзандларини 19 йил кўрмаган.

Энг узоқ ўтирган журналист

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, 64 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ҳисобланади.

У мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва "Эрк" рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.

Муҳаммад Бекжон ва яна бир журналист Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин Украинада қўлга олиниб, ўзбек ҳукумати талаби билан ватанига экстрадиция қилинган.

Маҳкама жараёнида Бекжонов ва Рўзимуродов портлашларга алоқадорлик айбларини рад этганлар ва қийноққа солинганларини айтишган.

Маҳкама Муҳаммад Бекжонни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган, 2003 йилда унинг жазо муддати 3 йил 8 ойга қисқартирилган эди.

2012 йил январда жазо муддати ниҳоясига етишидан олдин ўзбек маҳкамаси Бекжоновни қамоқхона тартибини бузганликда айблаб, унинг жазо муддатини яна беш йилга чўзган.

Муҳаммад Бекжон ўзининг озодликка чиқарилиши Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгаришининг натижаси бўлганини айтган.

"Каримов тирик бўлганида мени ҳеч қачон қамоқдан чиқармасди", - деб айтган мухолифат раҳбарининг укаси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek