Ҳукумат ўзбекистонлик ишчиларни хорижга ишга юборишни авж олдирмоқда

Image caption Туркияда аллақачон ўн минглаб ўзбекистонликлар ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон меҳнат муҳожирларини Германия, Қозоғистон ва Уммон Султонлигига ишга йўллаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Маҳаллий интернет нашрларига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Равшан Ибрагимов Ўзбекистон ишчилар юбориладиган давлатлар рўйхатини мунтазам равишда кенгайтирмоқда.

"Авваллари Жанубий Корея, Россия, Япония ва Польша каби давлатларга ташкиллаштирилган ҳолда ишчи йиғиларди. Энди Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳам ҳамкорликни бошлаяпмиз. Шунингдек, агентлигимиз Германия, Қозоғистон ва Уммон Султонлиги билан меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни ўрнатиш йўлида иш олиб боряпти", - деб айтган Ибрагимов.

Душанба куни эса агентлик Туркиянинг Тayga group компанияси билан ўзбекистонлик ишчиларни Туркияга жўнатиш бўйича ҳужжатларга имзо чекди.

Турк компанияси Ўзбекистондан уй хизматкорлари, идиш-товоқ ювувчилар, фаррош, вахтёр, официант, бармен, меҳмонхона хизматкорлари, ошхона ишчилари ва ошпазларни ишга йиғмоқда.

Ишчилар Туркияда душанба-жума кунлари ишлаши ва ойига 430 доллар ойлик олишлари кутилади.

Турк томони сафар ва яшаш харажатларини қоплаши айтилган.

Агентлик жорий йилда Россияга расман яна 50 минг мигрантни йўллаши кўзда тутилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek