Би-би-си Тошкентда ўтадиган анжуманни ёритишга рухсат олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Myday.uz
Image caption Анжуман "Ўзбекистон" Халқаро форумлар саройида бўлиб ўтади.

Би-би-си журналистлари 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги конференцияни ёритишга рухсат олдилар. Анжуманга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мезбонлик қилади.

Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжонов Facebook'даги расмий саҳифасида билдирди.

Унинг ёзишича, Тошкент конференциясига дунё оммавий ахборот воситалари катта эътибор қаратмоқда.

"Мамлакатимизда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари «ВВС», «DPA» «Deutsche Welle», «Times», «The New York Times», «NHK», «Жэньминь жибао» каби нуфузли хорижий ОАВлар конференцияни ёритиш истагини билдирган", - деб ёзди у.

Би-би-си ўзбек хизмати 2005 йилда Тошкентдаги ваколатхонасини ёпганидан бери унинг интернет саҳифаси Ўзбекистонда очилмайди.

Аммо, эркин матбуот бобидаги охирги ўзгаришлар доирасида Би-би-си ўзбек хизмати ўтган йили Тошкентда мухбир ёллашга рухсат олди ва унинг аккредитация аризаси тез кунларда ижобий ҳал қилинишига умид қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуман Афғонистондаги тинчлик масаласига бағишланган.

Унда 20 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.

Хусусан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган.

Анжуманда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари ҳам қатнашиши режалаштирилган.

Афғонистон Президенти Бухорони зиёрат қилди

Мирзиёевнинг орзусига АҚШ, Афғонистон ва Покистон тортишуви тўсиқми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek