Путин ва Google: энг кўп сўралган саволларингизга жавоб

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Путин нега жилмаяди? У ўлганми? Унга Трамп ёқадими?

Якшанба куни ўтказилган сайлов натижаларига кўра Владимир Путин 2024-йилга қадар Россия президенти сифатида қоладиган бўлди. Путин ҳақида кўп нарса маълум бўлишига қарамай, одамлар ҳануз унинг шахси ҳақида янада кўпроқ билишни истайдилар.

Тажриба сифатида биз Google'га Путин ҳақида баъзи саволларни ёзиб кўрамиз. Энг кўп қидирилган саволлар автоматик равишда чиқиб келади. Шундай қилиб, биз энг ғайритабиий саволларга жавоб беришга қарор қилдик.

Владимир Путин...

...уйланганми?

Бизнинг билишимизча, йўқ. У 2013 йил июнь ойида 30 йиллик рафиқаси Людмила билан ажрашган. Бунга қадар ҳам улар оммага биргаликда жуда кам кўринганлар.

Путин собиқ гимнаст ва сиёсатчи Алина Кабаева билан учрашиб туриши ҳақида гап-сўзлар юради. Бироқ бу миш-мишлар ҳалигача тасдиқланмаган.

...чапақайми?

Йўқ.

...бойми?

Сайловдан олдин у ҳақида Россия Федерацияси Марказий Сайлов Коммиссиясига тақдим қилинганн маълумотларга кўра, президентнинг йиллик расмий маоши $112,000 га тенг.

Бироқ икки йил олдин АҚШ Молия вазирлиги расмийси Би-Би-Си билан суҳбатда Путиннинг «коррупцияга ботган»лиги ва бойлигини «узоқ йиллардан буён» яшириб келаётганини маълум қилган эди.

«Путин дўстлари, яқин иттифоқдошларини бойитиши, ўзига дўст деб ҳисобламаганларни эса давлат қудратидан фойдаланиб, маргиналлаштиришига гувоҳ бўлиб келганмиз,» дейди Адам Сзубин.

Кремл бу иддаоларни «ғирт уйдирма» деб атайди.

Бироқ 2007 йилда тайёрланган АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси баёнотига кўра, Путиннинг ўша пайтдаги шахсий бойлиги $40 миллиардга яқин бўлган. Яна бир таҳлилчи 2012 йилда бу рақам $70 миллиарддан юқорилигини маълум қилган эди. Агар бу рақамлар ҳақиқат бўлса, Путинни дунёнинг энг бадавлат одами, деб аташ мумкин.

...ўлганми?

Куни кеча бўлиб ўтган сайлов натижаларидан хулоса қилинса - йўқ.

Эслатиб ўтиш жоиз - 2015 йилда 10 кун давомида оммага кўринмаган Путин тўғрисида шундай миш-мишлар тарқалган эди.

Ўшанда Путинни ҳокимиятдан ағдаришди, вафот этди, яна ота бўлди қабиладаги тахминлар урчиган эди. Яна омма олдида пайдо бўлган Путин бу миш-мишлар ҳақида мийиғида кулиб, «ғийбатсиз ҳаёт зерикарли бўлиб қолади,» деб изоҳ берганди.

Путин нега...

...кулади?

Унинг бошқа одамлардан биологик жиҳатдан фарқи йўқ: одам хурсанд бўлганда танасида эндорфин (бахт гормони ҳам дейилади) ишлаб чиқарилади, асаб толаларидан юз мушакларига сигналлар жўнатилади ва мушаклар тортишиб, жилмаяди.

Балки итлар билан қорда умбалоқ ошиш уни ҳамма нарсадан кўпроқ кулдирар?

...Украинага бостириб киришни истайди?

У аллақачон Украинага бостириб кирди - Қримни аннекция қилинди.

Расман Россия қуролли кучлари 2014 йилда Украинанинг шарқий ҳудудларига бостириб кирмаган - Путин фақатгина «кўнгиллилар» бу ҳудуддаги руспараст исёнчиларга кўмак берганини тан олган. Бироқ дунё рус ҳарбийлари Шарқий Украинага кирганига ишонади.

Путиннинг ҳарбий ўйинлари яқин иттифоқдоши Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин бошланган эди. Европа томон одимлаётган Украина Россияга камроқ тобе бўлишидан хавотирланган Путин бу ўйинларни бошлаб юборади.

...Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлайди?

Ҳудудида иккита рус ҳарбий базаси мавжуд бўлган Сурия Россия учун стратегик жиҳатдан жуда муҳим давлат саналади.

2011 йил Сурияда фуқаролар уруши бошланганда Россия президент Ассадни қўллаб-қувватлади, лекин 2015 йил сентябрига қадар инқирозга очиқ аралашмади.

Россиянинг инқирозга ҳарбий аралашуви икки муҳим натижани юзага чиқарди - Ассад ҳокимиятда сақлаб қолинди ва Россия халқаро саҳнада ўзини кўрсата олишига имконият яралди.

Владимир Путин...

...ўғил фарзанд кўрганми?

Йўқ. Унинг икки қизи борлиги маълум: Катерина собиқ раққоса бўлиб, ҳозирда Москва Давлат Университетида ишлайди ва Мария. Мариянинг эндокринолог эканлиги тахмин қилинади.

Путиннинг қизлари ҳақида маълумот жуда кам. Бироқ 2015 йилда Reuters агентлиги томонидан ўтказилган текширув Катерина ва унинг турмуш ўртоғи катта бойликка эга эканлигини аниқлаган эди.

...инглизчада сўзлаша оладими?

Ҳа. Бир қанча тасвирларда унинг инглиз тилида бемалол гапираётганини кўриш мумкин. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Путин баъзи ҳолларда гапини инглизчага нотўғри таржима қилаётган тилмочларга танбеҳ бериб туришини айтган эди.

...Трампни ёқтирадими?

Буниси жуда ҳам қизиқ савол.

13 Россия фуқароси ва Путинга яқин шахслардан бири 2016 йилда ўтказилган АҚШ президенлигига сайлов жараёнига Доналд Трамп ғалабасини таъминлаш учун аралашишда айбланмоқда.

Лекин Путин Трампни ёқтирадими ёки йўқми, деган саволга фақатгина унинг ўзи жавоб бериши мумкин.

Владимир Путин...

...«Super Bowl» узугини ўгирлаганми?

(«Super Bowl» узуги - Америка Миллий Футбол Лигаси томонидан йиллик чемпионлик ўйинлари ғолибларига тақдим этиладиган эсдалик совғаси)

Бу ҳам ғалати савол, лекин унинг ўзига яраша тарихи бор.

2005 йилда «New England Patriots» американча футбол жамоаси эгаси Роберт Крафт Россия президенти билан учрашади.

Санкт-Петербургга ташриф чоғида жаноб Крафт жамоасининг «Super Bowl» кубогидаги ғалабаси шарафига ясалган 124 каратли олмос узугини Путиннинг қўлига беради.

Ўша вақтда жаноб Крафт узукни Путинга совға қилганини айтган эди. Бироқ 2013 йилда у ўз ҳикоясини ўзгартиради - энди даъво қилишича, ўшанда Путин узукни шунчаки чўнтагига солиб, кетиб қолган экан.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Путин «агар узук жаноб Крафт ва унинг жамоаси учун шунчалик қадрли бўлса» янгисини ясатиб беришини маълум қилади.

...мемларга тақиқ қўйганми?

Россия ҳукумати интернет мемларига тақиқ қўйгани ҳақидаги гаплар 2015 йилда чиққан эди. Бироқ ҳукумат бу тақиқ эмас, шунчаки тавсия эканлигини таъкидлаганди.

Ўтган йили эса Россия Адлия вазирлиги Путин гей сифатида ҳажв қилинган ва шунга яқин бошқа суратларни «экстремистик материал» деб баҳолади.

Путин Қрим татарларини 'сотиб олмоқчи бўлганди'

Путин энг зўр президентми ё мафиячи?