'Мен харитадан топиб бўлмас мамлакатда дунёга келганман'

Словения Югославия таркибига кирган мамлакат эди. Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Словения Югославия таркибига кирган мамлакат эди.

Мен туғилган мамлакатни ортиқ харитадан топиб бўлмайди. 2011 йилнинг кузида, парчаланиб кетганига 20 йил ошгандан сўнг, ниҳоят, ватаним Югославияни топиш учун йўлга отландим. Менинг мамлакатим ортиқ сиёсий харитада мавжуд эмаслиги эса мени ташвишлантирмас эди.

Бу вақтга келиб Ню-Йорк менинг доимий қўнимгоҳимга айланган эди. Мен тажрибали сайёҳ сифатида фаолият юритар эдим. Саёҳатчи-ёзувчи сифатидаги ҳаётим қуйидагича кечарди: бир кун Галапагос оролларини кезиб юрсам, эртасига Бора Бора оролидаги сув устида қад ростлаган мўъжаз уйчада дам олаётган бўлар эдим. Бир кун Лиссабоннинг жин кўчаларида сайр қилсам, бошқа куни Боливиянинг бўз тупроқли йўлларини чангитиб юрар эдим. Менинг кунларим мана шундай ҳар бир инсон ҳаётида бир марта бўлсада, бошдан кечиришни орзу қиладиган саргузаштлар билан ўтар эди.

Мен дунёнинг ҳамма ерига сайр қиладиган, лекин асл ватани йўқ инсон эдим. Адоқсиз саёҳатларим ичида икки савол мени тинимсиз қийнар эди:

Менинг Ватаним қаерда?

Менинг Ватаним борми?

Қаерлардадир ватанимдан қолган ерлар ястаниб ётибди.

Мен бир вақтлар Югославиянинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлган Загребда катта бўлганман. Ҳозир бу шаҳар Хорватиянинг пойтахти. Болалигимда еттита Барби қўғирчоғим бўлар эди. Биттасидан ташқари қолган олтитасини сочлари узун ва малла эди. Ўша биргина ажралиб турадиган Барбини малласоч бўлиши менга ёқмаган эди. Шу сабабли унинг сочларини қайчи билан кесиб, маркерда қора рангга бўяб қўйган эдим. Менинг бир жуфт пуштиранг Нике кроссовкам бўларди. Дадам уни Мексикадаги хизмат сафаридан олиб келган эди. Мен Америкада ишланган «Beverley Hills, 90210» комедик сериалини кўрардим ва сериал қаҳрамони Дайлан менинг севгилим эди. Томас Стирнс Эллиот шеърларини ўқирдим, «The Smiths» рок гуруҳи қўшиқларини мароқ билан тинглар эдим. Ота-онам Ғарб маданиятига кўнгил қўйганим сабабли кўп ташвишланар, бир-бири билан кўп тортишар эдилар. Қисқача айтганда, менинг болалигим бахтли ўтган эди.

Бироқ Югославияни парчалаб юборган ўша даҳшатли уруш бошлангандан сўнг менинг дунёйим торайиб кетди. Мен жудаям тор қути ичида қамалиб қолгандек ҳис қилардим ўзимни. Имкон бўлиши билан бу қутини ёриб чиқиш ҳақида ўйлардим. Мен эркинликда яшашни истадим ва ватанни тарк этдим.

Мен қочқин эмас эдим. Ҳеч ким мени ҳайдаб солгани йўқ эди. 1993 йилда ватанни ташлаб кетиб, 15 йил давомида бутун дунёни кезиб чиққанимдан сўнг англаган нарсам шу бўлдики, мен она юртдан кетишимни ҳеч қачон қабул қила олмабман. Бу худди ярим тунда кимдир оёғим тагидаги гиламни зарб билан тортиб олгану, менинг оёқ қўйишга бошқа жойим қолмаганга ўхшарди. Деярли афсонага айланган юртим ҳақидаги хотиралар билан ватан соғинчини жиловлашга уринар эдим.

Бруклиндаги уйимда ҳаёл суриб ётган кунларимнинг бирида собиқ ватаним чегараларини яна бир бор кезиб чиқиш ғояси миямга ярақлаб урилди. Мен 1991 йилда бошланган ва Словениянинг мустақиллиги билан якунланган урушлар кетма-кетлигини англашга уринар эдим; 1995 йилга қадар давом этган Хорватиянинг мустақиллик учун кураши тафсилотларини хотирлашга ҳаракат қилар эдим. Дейтон Шартномаси имзоланиши билан расман якунланган Босниядаги қонли уруш ва 1999 йилда НАТО томонидан Сербиянинг бомбаланиши воқеалари ҳам кўз олдимдан ўтар эди. Қўлимдаги муддати ўтиб кетганига узоқ йиллар бўлган Югославия паспортига тикилиб, ўша давр воқеаларига шўнъгишни истадим. Ватанимнинг собиқ ерларига бориб, собиқ ватандошларимнинг кайфиятини билишга ошиқар эдим.

Сафар қилиш учун маблағим чекланган эди. Аммо бу мени ташвишга соладиган асосий муаммо эмасди: мен кўпроқ урушнинг дахшатли хотираларини ёдга олиш орқали собиқ югославияликлар ярасига туз сепиб қўйишдан қўрқар эдим.

Мен октябрнинг баданни жунжиктирадиган тунларидан бирида Загребга қўндим. Шундан сўнг автобусга ўтириб, Македония пойтахти Скопе томон йўлга чиқдим. Олдинда 12 соатли машаққатли йўл мени кутиб турар эди. Одамлар собиқ Югославия давлатларининг ҳаммасини айланиб чиқиш режасида эканлигини эшитиб, ҳайрон қолишар эди. «Бундай ғалати саёҳатга сени нима мажбурлаяпти?»

Мен, режалаштирганимдек, олти ҳафта саёҳат қилдим. Югославиянинг собиқ давлатларининг ҳар бирига тахминан бир ҳафтадан вақт сарфладим. Улар Хорватия, Словения, Сербия, Черногория, Босния ва Герцоговина ҳамда Македония эди. Мен, ўз таъбирим билан айтганда, «бир финжон қаҳва устида» кўп одамлар билан суҳбатлашдим. Югославияда бирор ким билан кава (қаҳва) ичиб суҳбатлашиш миллий удум даражасига кўтарилган эди. Бу анъанани яна бир бор ёд олишга ҳаракат қилдим.

Саёҳатимнинг илк кунидаёқ одамларнинг мен билан баҳам кўраётган ҳикоялари мени ўзига ром этди.

Саёҳатим давомида одамларнинг кўз ўнгида она ватани парчаланиб боришидан қандай аҳволга тушганлиги, бўлиниб кетган миллат сифатида ўша кунларни қандай хотирлашини билишга ошиқар эдим.

Баъзи одамларнинг ҳикоялари менинг саёҳатим мазмунига айланди.

Олти ҳафта давомида 50 дан ортиқ одамлар билан учрашдим. Улар билан бўлган бир финжон қаҳва устидаги суҳбатларимизнинг барини ёзиб олдим. Мен ҳарбийлар, файласуфлар, сиёсатчилар ва шоирлар билан суҳбатда бўлдим. Фаоллар, артистлар ва актерлар билан қаҳвахўрлик қилдим. Мусиқачилар, ўқитувчилар ва нодавлат ташкилотлар ходимлари ҳикояларини тингладим.

«Тан олишим керак - Югославия мен учун ҳеч қачон тугамаган. Уни ҳамон соғинаман,» дейди менинг илк субатдошим Данче Чаловска. У билан Скопеда учрашган эдим.

Мен Чаловскани Ню-Йоркдаги умумий дўстимиз орқали топдим. У машҳур македон шоири Тодор Чаловскининг қизи эди.

Мавсумга хос бўлмаган илиқ кечаларнинг бирида Скопенинг Стара Чаршижа (Эски Бозор) мавзеси кўчаларини айланиб юрар эдим. Йўлларига тош босилган бу маҳаллаларда кўнчилар устахоналари, мис ва мато маҳсулотлари сотиладиган дўконлар жойлашган. Фақатгина шу мавзе дўконларидан ялтироқ тўй либослари ва опанчи - Жанубий-Шарқий Европада деҳқонлар томонидан кийиладиган анъанавий чарм оёқ кийимини сотиб олишингиз мумкин.

Ҳовлиларнинг биридан ўткир ва аччиқ ҳид келди. Мен бу қандай ҳис эканлигини аниқлашдан ўзимни тўхтата олмадим. Ҳовлининг ўртасида ўсиб ётган анжир дарахти соясида рўмолини бўйнидан танғиб ўраб олган икки аёл катта ёғоч қошиқ билан қозондаги қандайдир қизилранг бўтқани аралаштирар эди. Сабрие Элази ва Усние Фетаҳи Болқонда тансиқ ҳисобланадиган ажвар, яъни қизил гармдори жаркопини тайёрлаётган экан. Одатда гармдори ҳосили етилган пайт бўлмиш куз фасли ўрталарида пиширилувчи ушбу емак соатлаб давом этувчи оғир меҳнатни талаб қилади.

Мен ҳам қозондаги бўтқани қошиқ билан аралаштира бошладим. Усние туркча қаҳва тайёрлади, Сабрие ёғоч идишда анъанавий мевали шарбат - слатко олиб чиқди. Бу хўжағатдан тайёрланган экан. Мен Сабриедан Югославия ҳақидаги хотираларини сўрайман. «У пайтлар ҳаёт бир мунча яхши эди,» жавоб беради у.

Мен суҳбатдошларим ҳикояларини тинглаганча олти ҳафта давомида кунига 14 финжонлаб қаҳва ичиб қўйганимни ўзим сезмай қолар эдим. Кунларим уларни тинглаш, суҳбатларни ёзиб олиш, одамлар хотираларини ўз ҳаёлимда қайтадан тиклаб кўриш билаб ўтар эди. Баъзилар Югославиянинг парчаланиб кетиши сиёсий ўйинлар тўғрисида ўз қарашларини сўзлар эди. Бошқалар уруш даврида йўқотган болаликдаги дўсти, олис юртларга кетиб қолган оила аъзолари ҳақида айтиб берар эди. Ғазаб, хафақонлик, умидсизлик, кўнгил совиш, хиёнат ва шу каби ҳиссиётлар суҳбатдошларим ифода этаётган умумий кайфият эди. Бироқ мен улардан ўзим истаган саволларга жавоб ола олмадим.

Ню-Йоркка қайтганимдан сўнг ҳам бу ҳикоялар қулоғим остида жаранглашдан тўхтамас эди. Мен худди денгизга саёҳат пайтида топиб олган чиғаноғини уйга олиб келиб, уни қулоғига тутганча яна денгиз шовқинини эшитишга уринаётган одамга ўхшар эдим. Бироқ собиқ ватандошларим ҳикояларини ҳар ёдга олганимда азойи-баданим музлаб кетар эди. Шундай бўлсада, бу хотиралар менга тегишли эмаслиги, уларни бошқалар билан улашишим лозимлигини англардим.

Орадан етти йил ўтиб, киндик қоним тўкилган ватаним шунчаки афсоналардаги мамлакат бўлган, у хотирамиздан бошқа ҳеч қаерда мавжуд эмас, деган қарашни қабул қила бошладим. Балки бу ҳақиқатга кўникканим маъқулдир?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ