Нарх-наво: гуруч ва гўшт қимматлади

Май ойида Ўзбекистонда гўшт ва гуруч нархи кўтарилган, сабзавот нархлари пасайган.

Андижонда гўшт нархи 29 минг сўм қилиб белгиланди

Ўзбекистон Марказий банкининг маълум қилишича, янги ҳосил бозорга кириб келиши натижасида помидор, бодринг ва картошка нархларининг 63,8, 30,2 ва 27,6 фоизга арзонлашиши кузатилган.

Марказбанк сариёғ ва арранда гўшти нархлари ҳам ( 2,4 ва 1,3 фоиз) ҳам қайд этган.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб гуручнинг ўртача нархи 16,7 фоизга кўтарилган.

Бунга об-ҳавонинг қуруқ келиши ва сув захиралари етишмаслиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Сув танқислиги боис Ўзбекистон гуруч етиштириладиган майдонлар ҳажмини 40 фоизга қисқартирмоқчи.

Бу ҳақда Президент Мирзиёев 29 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида айтган.

Президентга кўра, ҳукумат Хоразм ва қорақалпоғистонлик фермерларга Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан гуруч етиштириш учун ер ажратишни режаламоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalq bilan muloqot

Марказбанкнинг қайд этишича, май ойида гўшт маҳсулотлари нархининг ўртача ўсиши давом этган.

Жумладан, мол ва қўй гўшти нархлари мос равишда 5,0 ва 3,7 фоизга ошгани қайд этилади.

Гўшт нархининг ошишига асосий сабаб ем маҳсулотлари нархининг ошиб бораётгани ҳамда яйловларда чорва моллари учун ўт камлиги экани айтилмоқда.

Айни пайтда ноозиқ-овқат маҳсулотлар, хусусан, маиший техника ва гигиена маҳсулотлари нархи арзонлаб бораётганини кузатилади.

Марказбанкка кўра, бу чегара савдоси ҳажмининг ошиши ва ўзбек сўми қадрининг мустаҳкамлангани натижасидир.

Ўтган йили ҳукумат озиқ-овқат нархларини назорат қилиш бўйича махсус комиссия тузганди.

Комиссия ички бозорда нарх-навонинг сунъий кўтарилиб кетишига қарши чораларни ишлаб чиқиши айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар