Ўзбекистон: "Севимли" телеканалидаги секс саҳна ортидан эҳтирослар қизияпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/TIMOTHY A. CLARY
Image caption Фильм қаҳрамони - Эйми Шумернинг ҳазиллари асосан ўзининг тартибсиз жинсий ҳаёти ва ичкиликбозлиги ҳақида

"Севимли" телеканалида намойиш этилган секс саҳнаси ортидан юзага келган можаро ҳали ҳам сўнмаяпти. Мавзу борасида фикр билдирган машҳур блогерлардан тортиб оддий одамлар "миллий маънавиятимизга зид" саҳналар ўзи нима экани ҳақида тортишишмоқда.

15 июль куни соат 22:30дан кейин намойиш қилинган Голливуднинг "Ҳурлиқо" ("I feel pretty") фильмидаги бу шов-шувли кадрларда аёл ва эркак қаҳрамонларнинг каравотдаги ишқий амалига ишора қилинади, аммо у яққол кўрсатилмайди.

Фильм 16 ёшдан катталарга мўлжалланган. Унинг қаҳрамони Эйми Шумер АҚШнинг энг машҳур ва мубоҳасали аёл ҳажвчиларидан бўлиб, унинг ҳазиллари ўзини жозибадор қилиб кўрсатиш эмас, балки ўзининг бесўнақай ва аҳлоқсизлигидан кулишга қаратилган.

Кечки соат 10:30дан кейин ҳам нега ўзбек оилаларидаги болалар телевизор қаршисида ўтиргани ноаниқ, аммо "Севимли" канали барибир ўз томошабинларидан кечирим сўради.

"... иш бор жойда камчилик ҳам бўлади деганларидек, 15 июль куни кеч соат 22.30дан кейин эфирга узатилган фильмда техник хато туфайли миллий ахлоқимизга зид қисқа эпизод ўтиб кетиб қолди. Ўз ишига масъулиятсизлик қилган барча ходимлар ишдан бўшатилди. Бундай хато такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар кўрилди ва белгиланди. Ушбу ҳолат муносабати билан каналимиз ижодий жамоаси барча телетомошабинлардан узр сўрайди," - деб ёзди канал маъмурияти ўз Фейсбук саҳифасида.

Баъзиларнинг фикрида бу каби саҳналарни қоралаётганлар иккиюзламачидир.

"Ҳақиқатдан ҳам айюҳаннос солиб додлаётганлар телеграмдан ўша саҳналарни бир-бирларига жўнатиб ётишибди", деб ёзади бир киши.

"Бундан баттарларини интернетдан томоша қилишлариям бор нарса," дейди бошқаси.

"Каттақўрғонлик аёл мавзусини унутиш учун бу мавзу "заказ" қилинган бўлиши ҳам мумкин," дея фикр билдиради фитналар назарияси тарафдори бўлган бошқа фейсбукчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Севимли
Image caption Кадрда аёл ва эркак қаҳрамонларнинг каравотдаги ишқий амалига ишора қилинади, аммо у яққол кўрсатилмайди

Миллий қадриятларни эсга солаётган ватандошлар эса ғазабдалар.

"Интернетда кўрадиганлар бор, лекин ота-онаси, опа-синглиси билан кўрмайди-ку бунақа нарсани. Шуниям ҳисобга олинглар. Телевизор оила даврасида кўрилади. Оила даврасида эса уят ҳисобланади."

"Ким айта олади менинг 5-6-7-8-9 ёшли фарзандим умуман телевизор кўрмайди ёки кечқурун 21:00дан кейин ёки бўлмаса 16+ белгили фильмларни кўрмайди деб? Бола тарбиясида бундай намойишлар салбий оқибатларга, унинг руҳиятига зарар қилмайди, деб айта оласизларми?" дейди бошқа киши.

Таниқли блогер Муҳрим Ағзамхўжаев бунга жавобан савол ташлади:

"Бир саволим бор эди - қаҳрамонлари сигарет чекаётгани, наркотик истеъмол қилаётгани, спиртли ичимлик ичаётгани, одам ўлдираётгани, бир-бирини ҳақоратлаётгани акс этган саҳналари бор фильмларни оилавий томоша қиласизми?"

Дарҳақиқат, бу каби саҳналар ҳам ўзбек миллий қадриятларига зидми? Қотиллик ё гиёҳвандлик акс этган саҳналар ҳам кесиб ташланиши керакми? Балки умуман чет эл фильмлари ман қилиниши керак?

Бошқа фейсбукчиларни бу саволлар эмас, афтидан бошқа нарса безовта қиляпти:

"Ўша жойини манга ташаворийла, ўртоғим сўравотти."

Секс дарси Англиянинг барча мактабларида ўқитилади

«Кунига беш марта қўшилиш ҳам менга оз эди». Сексуал қарамликни даволаш зарурми?

"Мен бир йил мастурбация қилмадим" - ёш йигит жинсий алоқасиз ҳаёти қандай ўзгаришини синаб кўрди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek