АҚШ-Ўзбекистон: "Биз учун америкаликлар кофир экан, лекин уларнинг ёрдам пули ҳалол бўладими?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Drew Angerer/GettyImages
Image caption Америка 2017 йилда 4500 ўзбекистонликка грин карта берди

Би-би-си АҚШда кўп йиллардан бери истиқомат қилаётган ёш аёлнинг мактубини эътиборингизга ҳавола қилмоқда. Мактубдаги фикрлар Би-би-синики эмас.

"АҚШ ҳукумати ўтган йил 4,500 ўзбекистонликка Грин кард берди. Лекин, мени норози қиладигани шуки, Америкага келадиган кўп ўзбеклар инглиз тилини ўрганишдан аввал ирқчилик ва порахўрликни яхшигина ўрганиб келишади.

Кўпгина ўзбекларимиз америкаликлар билан унча аралашишни исташмайди. Қора танлиларга нисбатан очиқча ирқчи сўзларни ишлатиб, оқларни эса кофир деб сўкишади. Ўзлари эса ё Владимир Путин тарафдори, ёки коммунист бўлиб чиқади. Қизиғ-а? Яна учинчи тоифа ўзбеклар эса ўта тақводор - АҚШ қонунларига бўйсуниш ўрнига шариатга бўйсуниб яшайдилар. Улар америкаликлар у ёқда турсин, ҳатто бошқа ўзбеклар билан алоқа қилмайди.

Америка эркинлик замини эканига ишонаман. Ўз тажрибамдан келиб чиқсам, у бошқа давлатларга нисбатан анча эркин. Ўз нуқтаи назарингни изҳор қилмоқчи бўлсанг, мараҳамат, қулоқ тутишади. Сен ҳақида билгилари келади.

Лекин, кўп мен билган ўзбеклар америкаликлар ҳақида ўз мияларида шаклланган стереотипларга содиқ қолиб, маҳаллий халқдан ўзини йироқ тутади.

Мен болалигимдан шу ерда яшайман, қизлар учун махсус мактабни битирганман. Синфдошларим орасида оқ ва қора америкаликлар бор эди. Ҳозир дўконда қора танли дугоналарим билан ишлайман. Ўзбек танишларим келиб қолишса, "Вой, қора танлилар билан ишлайсанми? Қўрқмайсанми?" дея ирқчи саволларни беришади. Бири ҳатто қора танлиларнинг бари жиноятчи ва пастки қатлам аҳоли эканини айтиб, улардан нафратланишини билдирди.

Яна бирини ишга жойлаш учун бошқа дўконга олиб борсам, эртаси онаси менга телефон қоқиб, "нега қизимни қора танлилар ишлайдиган дўконга олиб бординг?" деб урушиб берди. Лол қолдим.

Нега улар тарихни билишмайди, ахир Ўзбекистонда тарих ўқитилади-ю? Африкалик америкаликлар бу ерга ўз хоҳишлари билан келмаган, уларни қул қилиб мажбуран олиб келганлар. Дудланган балиқдек кемалар омборига тахлаб келинган қуллар ичида кўплари ўлган. Улар асрларки оқ америкаликлар томонидан камситишларга чидаб келганлар.

Ўзбекларимиз турли тоифаларга бўлиниб, ўз "маҳаллалари"да яшайдилар. Тўй ва базмларини ҳам бирга қилиб, Шаҳзода ва Райҳоннинг қўшиқларини тинглайди, ёки бемаза "хонтахта" фильмларни томоша қилишади.

"Кофир" сўзидан нафратланаман. Нега ўзбекларимиз америкаликларга нисбатан бу сўзни ишлатаверади? Сўз эркинлиги экан деб бошқаларни ҳақорат қилиш ё камситиш тўғри эканми? Улар англаб етишмайдики, баъзи штатларда инсоннинг дини ё ирқига қаратилган бу каби ҳақорат оғир жиноят ҳисобланади.

"Кофир" дейишади, лекин "кофир"нинг пулидан ҳеч ижирғанишмайди. Кўплаб ўзбекларни биламан, ҳукуматнинг ёрдам пулини оладилар. Бу ёрдам пули қашшоқ ёки ногирон инсонлар учун ажратилади. Ўзбекларимиз эса бошқа ўзбеклар ёки осиёлик муҳожирларнинг ишхоналарида ишлаб, ўз даромади ёки умуман ишда эканини ошкор қилмайдилар. Кофирнинг бу пули ҳалолми?

Нечтаси диний айблар билан қамалганини биласизми? Уларга ўз динига бемалол бўйсуниб яшашга имкон берган диёр учун бу тузлиғига тупуриш эмасми?

Уларнинг мақсади - ҳукуматнинг молиявий ёрдамини олиш ва солиқ тўламаслик.

Қонуний ишлайдиган ва солиқ тўлайдиган ходим сифатида мен ўзимга нисбатан ғирромлик қилинаётганидан ғазабланаман. Нега энди мен ўз солиқларим билан бу қалбаки қашшоқ ё қалбаки ногирон ўзбекларимизни таъминлаб туришим керак? Улар 400 долларга этик сотиб олгани, ёки 1000 долларлик юқори мода уйининг кўйлагини олгани, Мерседес минганига ўз кўзим билан гувоҳ бўлганман.

Америкаликлар орасида ҳақиқий қашшоқ ва ногирон одамлар бор, лекин улар бу каби қалбаки арздорлар дастидан навбатларда узоқ туролмайдилар ва қийин шароитларда яшайдилар.

АҚШда солиқлар Янги йилдан кейин апрель ойи ўрталаригача ҳисобланади. Бу муддат давомида америкаликлар ўз солиқ формаларини тўлдиришлари керак. Агар уларнинг чиқимлари даромадидан кўпроқ бўлган бўлса, АҚШ ҳукумати уларга солиқ пулини қайтариб беради.

Ўзбекларимиз эса буни яна бир ғирромлик учун имконият деб кўрадилар. Улар ўзлари ҳатто танимайдиган одамларга ҳомийлик қилаётган бўлиб, ҳар бир киши учун ҳукуматдан 1000 доллар қайтариб оладилар.

Хўш, оддий америкаликлар нега ўзлари қучоқ очиб кутиб олган бу ғирромлардан норози бўлишини энди тушунарсиз? Доналд Трампга овоз берганларнинг аксарияти муҳожирларнинг ғирромлигидан чарчаган. Муҳожирларнинг баъзилари текин инглиз дарсларига қатнашдан кўра, қандай қилиб пул шилиб олишни ўрганишни афзал кўрадилар.

Лос-Анжелесда яшаганимда бир ўзбекистонлик қиз менга айтмасдан менинг адресимни ҳукумат пули учун аризасига киритган. Билсам, онаси аллақачон ўз адреси учун шундай ёрдам пулини оларкан.

Кичкина қиз вақтимда Ўзбекистонда борган мактабимни эсладим. Баъзи ўқитувчилар шу қадар оч эдики, қандай бўлмасин, кимдандир пул шилишни истарди. Бу ўқувчилар балки шу ўқитувчилардан ўргангандир ғирромликни?

Сиёсатдан гапиришдан қочаман, лекин мабодо шундай давраларга тушиб қолсам, улар оғизларини кўпиртириб Россия ё Ўзбекистон сиёсатини мақтайдилар. Кечирасиз, Россия ё Ўзбекистон шунақа зўр бўлса, нега бу ерга келдингиз, деб сўрасам, тикилиб қарашади.

Менинг ҳам ўзбек қўшниларим бор. АҚШнинг Мустақиллик байрамида Америка байроғини осганим учун мени қоралашди. Мен АҚШ фуқаросиман, кимга қандай ҳурмат кўрсатишимни аллақачон англаб етганман.

Аёлларга бўлган муносабатни айтмасам ҳам бўлади. Кўп ватандош йигитларимиз оқ танли америкаликларнинг барига фоҳишага қарагандек қарашади. Пиццерияда ишлайдиган бир ўзбек йигит оқ официантканинг думбасини ушлагани учун полицияга олиб кетилди. Нега бундай қилдинг, деб сўралганда, "Уларга шу ёқади-ку!" деб жавоб берибди.

Ҳамма америкаликлар оппоқ демоқчи эмасман - ўзим ҳам камситишлар ва ирқчиликларга қурбон бўлганман. Лекин, мен барибир муҳожирлар муносабатини кўпроқ қоралайман, чунки агар бизникилар ғирромлик қилмаганда ва маҳаллий халқни ҳурмат қилганида эди, жавоб ҳам шундай бўларди.

Бу билан барча ўзбекларимизни ҳам ёмон демоқчи эмасман, шунинг учун "баъзи" сўзини ишлатдим. Орамизда ҳаққоний, оқ кўнгил, меҳнатсевар ватандошларимиз ҳам бор. Лекин, биласиз, бир ёмон бузоқ бутун подани булғайди..."

АҚШдаги ўзбеклар: Америка орзуси ва Ўзбекчилик орасида

Нью-Йоркдаги ҳужум АҚШ-Ўзбекистон муносабатларида қандай аксланади?

Ўзбекистон ҳам Трамп рўйхатига тушиши мумкинми?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02