Ўзбекистон: Самарқанддаги интернатда болаларни мунтазам "қийнаган" директор қўлга олинди

Болалар жароҳатлари (Суратлар газета.уз нашридан олинди)

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

Болалар жароҳатлари (Суратлар газета.уз нашридан олинди)

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўқувчиларни дўппослаб тан жароҳатлари етказишда айбланган Самарқанддаги мактаб-интернати директори Шуҳрат Садиновни ушланганини хабар берди.

Садиновга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда, дейилади прокуратура баёнотида.

Шуҳрат Садинов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш), 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилди.

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

Боланинг қўлларида калтак излари қолган

Бош прокуратура маълум қилишича, уларга 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқиётган болалардан бирининг онаси - Муҳаббат Мирзаева мурожаат қилган.

Она ўзининг фарзандига ва бошқа тарбияланувчиларга интернатнинг раҳбарияти ва ходимлари калтаклаш ва қийноқлар йўли билан тан жароҳатлари етказганини даъво қилган.

Аввалроқ бу ҳақида Мирзаева билан суҳбатлашган газета.уз нашри хабар тарқатганди. Онанинг сўзларига кўра, мактаб ходимлари, хусусан директор ва унинг ўринбосарлари мунтазам равишда болаларни урганлар, уларга нисбатан жисмоний ва руҳий босим ўтказганлар, дарс ва машғулотларни ўтмай, болаларни оғир жисмоний меҳнатга мажбурлаганлар ва уларни кўп ҳолларда оч қолдирганлар.

Мазкур мактабда қийин характерли ва жиноят содир қилган, аммо жиноий жавобгарликка тортилиш учун ёш саналган 11дан 16 ёшгача бўлган болалар таълим олади.

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

Арздорга кўра, ўқувчилар мунтазам оғир меҳнатга мажбурланган

Мирзаева ўғлининг хулқи ёмон эканини тан олади, аммо унинг зўравонлик усули билан тарбияланишига қарши. Унинг айтишича, болалар жароҳатлари мактаб ходимлари томонидан етказилганини айтганларидан сўнг, директор Шуҳрат Садиновни уларни яна урган ва кўрсатмаларини ўзгартиришга мажбурлаган.

Прокуратура ўз баёнотида қуйидагиларни маълум қилди:

"Мазкур ҳолат Бош прокуратура раҳбарияти алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, ўз фаолиятлари давомида мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), М. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.)ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганликларини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия давомида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek