Ўзбекистон-Россия: АЭС “сиёсат”ми ва ёки “иқтисод”?

Россия билан ҳамкорликда қурилиши расман келишилган ва Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган янги атом электр станцияси экспертлар орасида худди ана шу каби қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлмоқда.

Янги АЭСнинг қурилиш ишларига икки давлат раҳбарлари биргаликда расман старт беришлари, бу иш Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифи доирасида амалга оширилиши маълум қилинган.

Бу ҳам расмий матбуот ва ҳам экспертлар талқинида Россия раҳбари Тошкентга ташрифининг энг муҳим ва асосий тадбирларидан бири сифатида кўрилган, эътироф этилган.

Маҳаллий вақт билан бугун, 19 октябрь куни Тошкентга етиб келгани расман хабар берилган президент Путин ўзбекистонлик ҳамкасби билан аллақачон музокараларини бошлаб юборган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил апрель ойида Россия билан атом электр станцияси қурилиши бўйича келишувни имзолашга умид қилаётганларини расман маълум қилган.

Ўзбекистон раҳбари кўзда тутган битим орадан тўрт ой ўтиб, мамлакат Бош вазири Абдулла Ариповнинг Москвага расмий ташрифи чоғида имзоланган.

Қисқа вақтнинг ичида янги президенти бошчилиги остида расмий Тошкент томонидан қўйилган бу қадамлар ҳали ўша пайтдаёқ эксперт ва таҳлилчилар орасида яхшигина мунозараларга сабаб бўлиб улгурган.

Президент Мирзиёев Путинга қанчалик яқин бўлиши керак?

Ўзбекистон-Россия: "Ўзбекистон Беларусь, Мирзиёев Лукашенкога ўхшайди"

Ўзбекистон қайта Россиянинг таъсир доирасига тушиб қолиши мумкинми?

Геосиёсатми ёки...

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мазкур келишув дунёнинг икки глобал қудрати - Россия ва АҚШ ўртасидага алоқаларга жиддий дарз етган, икковлоннинг манфаатлари тўқнашган минтақада геосиёсий танглик кучайган бир пайтга тўғри келган.

Таҳлилчилар худди шу манзарада ўзларининг эътиборларини Россиянинг, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари ва таъбир жоиз, Грузия ва Украина "тажрибаси"дан кейин, бу йўлда " геоиқтисодиёт - АЭС сиёсати йўлига ўтгани"га эътибор қаратишган.

Янги осмонўпар лойиҳа мустақил Ўзбекистонни яна сиёсий жиҳатдан Россияга тобеъ қилиб қўйиши, уни қайта Москванинг "орбитаси"га тушириб қўйиши мумкинлиги хусусида сўз юритишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Уларга кўра, Кремль сўнгги йилларда имкон қадар босимлар сиёсатини чеклаб, иқтисодий боғлиқликни кучайтиришга интилаяпти.

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бошқарган ва ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов "Россияга, умуман, Россиянинг ҳар қандай иштирокига жудаям шубҳа билан қараб келган.

Россия етакчилиги остидаги сиёсий-иқтисодий ташкилот ва блокларга қўшилишга ҳам рўйхушлик бермаган.

Марҳум президенти даврида Ўзбекистон ҳукумати юритган ташқи сиёсат аксарият халқаро таҳлилчилар томонидан "беқарор" эканликда баҳо топиб келган.

Россия сўнгги йилларда Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолган.

Бунга "Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни" ва сўнгги АҚШ сайловларидаги "аралашуви" сабаб бўлгани айтилган.

Айрим минтақавий экспертлар фикрича, худди шу боис ҳам, "АЭС лойиҳасининг ташаббускори, уни катта куч билан олдинга сураётган Ўзбекистон эмас, айнан Россия бўлади".

"Россия шу йўл билан Ўзбекистонни ўзининг "империалистик амбицияларини кўзда тутган" лойиҳаларига тортишга қаттиқ ҳаракат қилмоқда".

Уларга кўра, бунга "ҳозир Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлари билан, Европа билан алоқалари жадаллик билан ривожланиб бораётгани ҳам сабаб бўлмай қолмаган".

Геоиқтисод?...

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Айрим сиёсий таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистоннинг янги президенти "Шавкат Мирзиёев геосиёсий эмас, геоиқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилаяпти".

Чунки янги битим ижросига Ўзбекистоннинг шундоқ ҳам Марказий Осиёда энг катта бўлган аҳолиси сони 33 миллиондан ортган бир пайтда киришилмоқчи.

Мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг тобора ортиб бораётган электр энергиясига бўлган бўлган эҳтиёжини қондириш эса, бугун Ўзбекистон тўқнаш келиб турган, раҳбарияти амалий ечимини имкон қадар жадаллик билан топиши керак бўлган энг ўткир муаммолардан бири бўлади.

"Минтақа учун барқарор электр таъминоти манбаси - тинч атомдир", деган ғоя эса, қатор таҳлилчилар томонидан бундан анча илгари олдинга сурилган.

Ўзбекистон ҳукумати Айдаркўл яқинида атом электр станцияси барпо этиш режасида эканига оид хабарлар ҳали 2014 йилда бўй кўрсатган, аммо "Ўзбекэнерго" ширкати уларни ҳақиқатга тўғри келмайди, деб рад этганди.

Ўша пайтда айрим минтақавий экспертлар, "Ўзбекистоннинг ўзи АЭС барпо этиш таклифи билан чиқиши лозим", деган фикрларни изҳор этишган, бу билан Ўзбекистон ўзидаги энергия тақчиллигини бартараф этиш баробарида, бутун минтақага арзон электр энергиясини экспорт қилишга ҳам қодир бўлиши" ҳақида айтишган.

Аммо бу каби таклиф ва чиқишлар ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви остида Ўзбекистоннинг, айниқса, сув-энергия ресурслари - ГЭСлар юзасидан минтақадаги қўшнилари билан алоқаларига жиддий дарз етган бир пайтда кузатилган.

Ички эҳтиёж

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ўзида Ўзбекистон қўшнилари билан муносабатларини тубдан яхшилашга муваффақ бўлган, Қирғизистондаги Қамбар ота бўладими ва ёки Тожикистондаги Роғун, ўзлари яқин-яқингача кескин қарши бўлган йирик ГЭСларни ҳамкорликда барпо этиш истагини изҳор этган.

Айрим минтақавий экспертлар эса, "Ўзбекистон ўзининг 1 Гвт атрофидаги электр энергиясига бўлган йиллик эҳтиёжини бемалол ўзидаги табиий ресурслар ва қўшнилари ҳисобига қондира олиши мумкин"лигини назарда тутиб, янги атом электр станцияси масаласида ҳозир иқтисоддан кўра, сиёсат устунлик қилаётгани ҳақида айтишмоқда.

"Россия бу ерда Ўзбекистонга таъсири катта экани, Марказий Осиёда ҳалиям аввалгидек ўрни, гегемон мавқеини сақлаб қолгандек кўрсатиш учун қилинаётган бир нарса бу", дейди, жумладан, Тошкентдан эксперт Анвар Мирзо Ҳусаинов.

Аммо эксперт, ўз ўрнида, "АЭС қурилиши тараққиёт масаласи экани, узоқ келажакда, иқтисодиёт, саноат, ишлаб чиқариш кенг ривожланиши учун, мамлакатда қайта ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилганда, 3-4 Гвт электр энергиясига эҳтиёж пайдо бўлганида керак" эканини ҳам рад этмайди.

Худди шу манзарада Ўзбекистон ташқарисида бўлган айрим таҳлилчилар ҳам, "бу келишувнинг жуда тезлик билан амалга оширилгани"га диққатларини қаратишган.

"Мамлакатда энергия таъминоти ва хавфсизлиги стратегияси муҳокама қилинмади. Атом энергетикасида бу каби лойиҳаларнинг қурилиши истиқболлари ҳам муҳокама қилинмади. Бунинг ортида нима тургани борасида жамоатчиликка етарли маълумот берилмади. Яхши танловни амалга ошириш учун тендер ҳам ўтказилмади. Буларнинг бирортаси амалга оширилмади", - дейди Лондондаги SOAS - Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг илмий ходими Алишер Илҳомов.

Суҳбатдошимиз наздида "бу - раҳбариятнинг узоқни кўзлаб эмас, балки қисқа муддатли мақсадлар билан иш қилаётганидан дарак беради".

"Умуман олганда, мени хавотирга солаётган нарса - давлат мустақиллигини таъминлашда қандайдир чекинишлар бўлаётгани", - дейди у.

Сиёсат ва иқтисод

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Россия Ўзбекистоннинг ҳарбий-техник соҳадаги энг асосий ҳамкорларидан бири бўлади.

Бундан ташқари, пост-совет ҳудудидаги энг йирик савдо шерикларидан бири ҳам саналади.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари ҳам айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Биргина расмий ҳисоб-китобларда уларнинг сони ҳозир бир миллиондан ортиши айтилади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағ, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалардан бири бўлади.

Маҳаллий кузатувчилар эътирофича, бу пуллар Ўзбекистонни эҳтимолий ижтимоий портлашлардан ҳимоя этиб келаётган "муҳофаза камари" вазифасини ҳам ўтаб келади.

Аксарият таҳлилчиларга кўра, икки давлат ўртасида янги атом электр станцияси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланишида худди шу омилларнинг таъсири ҳам озмунча бўлмаган.

"Ўзгача модел"

Шу ўринда Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг модели мамлакат марҳум раҳбари Ислом Каримовникидан бироз фарқли.

"У Ўзбекистон тўқнаш келиб турган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун сиёсат, геосиёсатдан кўра кўпроқ геоиқтисод билан шуғулланмоқчи", - дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимовга кўра, Ўзбекистоннинг янги президенти "Россия томонидан жиддий таҳдид кўраётгани йўқ".

"Мирзиёевда яқин йиллар ичида Россияга нисбатан оҳиста, юмшоқ ва ижобий кўзқараш сақланиб туради. Лекин зиддиятлар кейинчалик шаклланиб боради. Бир томондан, Ғарб, Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги зиддиятлар кейинги даврда шаклланади. Лекин Ўзбекистонда янги ҳокимият бўлганлиги учун ҳалича мана шу зиддиятлар даражасига етиб боргани йўқ".

"Ўзбекистоннинг албатта мустақил, ўзининг сиёсатини ўзи юритишга ҳақли давлат" эканини ҳам алоҳида урғуларкан, суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, "Каримов даврида ҳам, ҳозирги даврда ҳам Ўзбекистон қудратли давлатларнинг ресурслари ва уларнинг яширин позициялари билан, албатта, ҳисоблашишга мажбур бўлади", дейди.

"Чунки бунинг аксилоқибатини Грузияда кўрдик, Грузия мажруҳланди, парчаланди. Буни Украинада кўрдик, ҳалигача Украина шарқида можаролар давом этаяпти".

"Россия агрессив давлат. Россия суверенитет билан, халқаро ҳуқуқ билан унчалик ҳам ҳисоблашмайдиган бир давлат. Сиёсат шундай бир маҳорат, шундай бир соҳаки, у реаллик билан ўлчанади", - дейди суҳбатдош.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Унга кўра, ҳозир "Ўзбекистоннинг олдида турган зиддиятли вазифа, бир томондан, Россия билан муносабатларни "конфликт" даражасига киритмаслик ва параллел равишда Ғарб билан ўзига манфаатли бўлган муносабатларни кучайтириб бориш".

Таҳлилчи наздида АЭСга оид битим "Ўзбекистон ўз мустақиллигини тўлиқ йўқотди, дегани эмас".

"Путин (президентликдан - таҳр.) кетганидан кейин, икки томонлама муносабатлар, албатта, қайтадан кўриб чиқилади. Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти у пайтда анча барқарор, мустаҳкам ҳокимият бўлади. Ўзаро алоқалар Ғарб давлатлари билан муносабатларни мувозанатлаш тарафига қайтадан кўриб чиқилиши мумкин", дейди у.

"Россияда Владимир Путиндан кейин қудратга ким келади ва унинг дунёқараши қандай бўлади, кўп нарса мана шу ҳолатга ҳам боғлиқ бўлади".

Россия ва АЭС

Хабарларга кўра, Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат АЭС қурилиши режаланган.

Унинг биринчи блогини 2028 йилда ишга тушириш режаланаётгани маълум бўлган.

Янги АЭСнинг қиймати тахминан 11 миллиард долларни ташкил қилади, аммо, ҳозирча унинг қай бир томон тарафидан, қай тариқа молияланишига оид муфассал тафсилотлар имконли эмас.

Лойиҳа Россиянинг "Росатом" корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ҳозир жаҳонда 436 та атом реактори электр ишлаб чиқараётгани маълум.

Атом электр станцияси қуриш бўйича дунёда тўртта мамлакат катта тажрибага эга.

Булар - Россия, Хитой, Франция ва Канада бўлишади.

Жаҳондаги тажрибага қаралса, қайси мамлакат мутахассислари АЭСни барпо этишса, станцияга техник хизматни ҳам айнан улар кўрсатишади.

Аммо Япониядек технологик илғор давлат ҳам АЭС хавфини буткул бартараф этишнинг уддасидан чиқа олмаган, бунга Украинадаги Чернобиль атом электр станциясининг "аччиқ тажрибаси" ҳам мисол тариқасида тилга олинади.

Бундан ташқари, экспертлар 40-45 йил ишлатилганидан кейин, бу каби АЭСлардан қутилишнинг ўзи ҳам жиддий бир муаммо эканига алоҳида эътибор қаратишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek