Ўзбекистонда АЭС: "Мамлакатда ядровий чиқиндилар қолиши Орол фожиасидан катта фалокат бўлади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи SEBASTIEN BOZON/Getty Images
Image caption Қурилиш шартномасига имзо чекилмай, қурилишга старт берилиши кутилади

Тошкентга расмий сафар билан келган Россия Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Россия лойиҳасига биноан атом электр станцияси қурилишига старт берадилар.

Лойиҳани амалга оширувчи "Росатом" раҳбари Алексей Лихачев пайшанба куни Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси ҳақида гапира туриб, қурилиш учун шартнома 2019 йил баҳорида имзоланиши билдирди.

Россия ва Ўзбекистон жорий йил сентябрида Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро келишувга имзо чекишган. Лойиҳага кўра, ВВЭР-1200 типидаги икки энергоблок қурилиши кўзда тутилади.

Бироқ, Ўзбекистондаги расмий хабарларда бу лойиҳа борасида маълумот кам. АЭСнинг қурилиши борасида мамлакатдаги мутахассислар, хусусан экологлар ва физиклар жим.

President.uz сайтида Путиннинг ташрифига бағишланган мақолаларда қисқагина "...шунингдек, мамлакатимизда атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам ўтказилади", деган мисраларни ўқиш мумкин. Аммо, Россия сайтлари ва каналлари аллақачон Путиннинг АЭС борасида Тошкентда сўзлаган нутқини намойиш қилишмоқда.

Қуйида Ўзбекистонда АЭСнинг қурилиши борасида хавотир изҳор қилган икки таҳлилчининг фикрини ҳавола этамиз.

Анвар Назир, тарихчи ва сиёсий таҳлилчи, Тошкент

Фото муаллифлик ҳуқуқи Voice of America
Image caption Анвар Назир

Менинг тахминларим ҳақиқат бўлиб чиқди - атом станциясини қуриш лойиҳаси биз ўйлагандан кўра хавфлироқ бўлиб чиқди. Шу даражада бу лойиҳа даҳшатли эканки, бу лойиҳага бугун ҳаттоки кўпчилик вазирлар, бош вазир ўринбосарлари, Фанлар Академиясининг раҳбарлари, академиклар норасмий равишда қарши чиқишмоқда. Олдинги таклифда Москва АЭСнинг энг даҳшатли томони бўлган ўта юқори заҳарли чиқиндилар муаммосини "ўзимиз олиб кетамиз" деб ҳал этмоқчи эди, энди эса бирдан бу таклифини қайтиб олиб, бошимизга катта, мисли кўрилмаган фалокатни ташламоқчи.

Вазият нақадар жиддий эканининг кўрсаткичи - Росатом агентлиги етакчисининг баёноти. Россия томони умид қилар эмишки, АЭС қурилиши ҳақидаги контракт янаги йил баҳорида икки томон тарафидан қабул қилинади. Демак ҳали ҳаттоки контракт тайёр эмас. Контракт йўқ экан, лойиҳа демак муаммоли, баҳсли. Хуллас, Шавкат Мирзиёев бу ташаббуси билан яна битта катта муаммони бошимизга бало қилди. Тошкентда АЭС қурилишига икки президент тарафидан старт берилиши бу ҳали мавзуга нуқта қўйилди, дегани эмас, қисқаси.

Чиқиндиларни ўзимизда қолдирсак бизга қандай хавф солади, деган саволга жавоб: Ўзбекистон юқори токсик ва ўта хавфли ядро чиқиндиларининг катта йиғинига айланиши бу Орол фожиасидан баттар фалокат, инсонга нисбатан ва атроф муҳитга нисбатан таъсири бўйча.

Бугун давлатимиз яқин келажагимизни вайронагарчиликка очиб бермоқда. Булар ҳис-туйғулар эмас, бу ҳақиқатдир.

Россия эса ўз алдови билан, шерик сифатида, энг шафқатсиз душмандан кўра ёмонроқ эканини яна бир бор исботлади. Генетикаси бузуқ насл туғилиши, жиддий саратон турларининг эпидемияси, миллат генофондига ақлга келмаган улкан зарарлар - буларнинг барчаси қўрқинчли туш эмас, бу энди ҳақиқат бўлиши мумкин, яқин келажагимиз бўлиши мумкин.

Вазият ўта жиддий. Ва бу ҳали бу муаммонинг ҳаммаси эмас. АЭС ишлаши учун сувнинг кўп сарф бўлиши ҳам ҳали муаммонинг ҳаммаси эмас. АЭС иссиқ ҳароратда ишлаб чиқарадиган қувватнинг фақат ярмини ёки ярмидан камини ишлаб чиқаришга кучи этади, чунки иссиқ ҳароратда АЭСни ўта эҳтиёткорлик билан ишлатиш лозим ва буни ҳамма билади.

Энди бизда Росатом танлаган масканни қаранг - Бухоро билан Навоийнинг ўртаси, очиқ, жазирама ёндирадиган иссиқ жой. Бу жойда АЭС қурилса, айтилган қувватининг 20%ини эмас, ундан анча каминигина ишлаб бериши мумкин, агар АЭС иши умуман ёзда, кузнинг биринчи ойларида ва баҳорнинг иккинчи ярмида тўхтатилиб қўйилмаса.

Яна битта муаммо ва бу муаммо молиялаштириш билан боғлиқ: АЭСларнинг олдиндан белгиланган нархи доим, қурилиш жараёнида, қимматлашади. Россия қурган АЭСлар шундай, чунки бунга сабаб Россия иқтисодининг бугунги оғир аҳволидир. Келажакда бу аҳвол фақат оғирлашади. Рублнинг сакраши бунақа лойиҳаларни қимматлашишига олиб келади, ва биз учун ҳам бугун бу долзарб масала. АЭСнинг нархи ҳали анча мунча қимматлашади, ва бу биз оладиган кредитнинг қимматлашишини англатади. Бу дегани эртага биз учун бу қарз, фоизларини ҳисобламаганда ҳам, анча қимматг тушади.

Қисқаси, баҳоргача нима бўлмасин бу лойиҳани тўхтатиш зарур. Ҳозирги вазият ўзи жуда қийин - нон нархининг ўсиши, чексиз инфляция, электр, газ ва иссиқликнинг қимматлашиши, иссиқ сув ва газ босимининг пасайиши ҳаттоки энди Тошкентнинг марказий туманларида кузатилмоқда. АЭСсиз ҳам мамлакатда жуда қийин ва хавфли ижтимоий аҳвол. АЭС эса бу аҳволни фақат бундан баттар қилади.

Герман Трешалов, гидромуҳандис, Тошкент

Фото муаллифлик ҳуқуқи Герман Трешалов
Image caption Герман Трешалов

Яқин йиллар ичида ўнлаб катта, мини ва микро ГЭСларни ишга тушириш кўзда тутилган. Шунингдек, атом электр станцияси қуриш режаси ҳам эълон қилинди. Муқобил энергия манбалари бўлмиш шамол станциялари, биоёнилғи ва қуёш энергиясидан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракатлар пайдо бўлмоқда.

Лекин барча режаларда бўлгани каби юқоридаги лойиҳаларнинг ҳам қатор камчиликлари бор.

Анъанавий гидроэлектростанцияларни ишга тушириш узоқ вақт ва кўп ресурс талаб қиладиган жараён саналади. Бундан ташқари бундай станцияларнинг табиатга зарари ҳам сероб.

Энди атом станцияларини олсак. Афсуски, сўнгги вақтларда халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, замонавий хавфсизлик технологияларини қўллаш мумкинлиги ҳақида қанчалик гапирилмасин, бундай станциялар тўла хавфсиз эмас.

Бундай станциялардаги хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча ишларни амалга ошириш ва бу сезиларли самара бериши мумкин, лекин бундай ҳолларда станцияларнинг нархи ҳамда эксплуатация харажатлари осмонга сапчий бошлайди.

Шу омилларни ҳисобга олганда атом станцияларининг нархи ўта даражада қимматга тушади ва қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш объектнинг фойдаланишга топшириш муддатини янада ортга суради. Натижада электр энергиясини сотиш орқали станция қурилиши ва эксплуатациясига кетган харажатнинг қопланиши узоқ йилларга чўзилиши мумкин.

Шунингдек, атом станциялари фаолиятида, ҳаттоки, кичик муаммолар юзага келганда ҳам хавфсизлик нуқтайи-назаридан ишлаб чиқаришнинг катта қисмини тўхтатиш туришга мажбур бўлинади. Оқибатда электр таъминотида узилишлар пайдо бўлади, станциянинг фойда келтириш қобилияти яна ҳам пасаяди.

Три-Майл-Айленд, Чернобил ва Фукусима каби атом электр станциялари билан содир бўлган ҳолатлар шундан далолат берадики, ҳатто, энг замонавий хавфсизлик технологияларини қўллаш ҳам етарли эмас ва қўшимча ҳимоя қатламларини жорий қилиш зарур. Бу эса атом станциялари харажатини кескин оширади.

Бугунги кунда кўплаб Европа давлатлари атом энергетикасидан буткул воз кечиб, эътиборни кўпроқ муқобил энергия манбаларига қаратмоқда.

Бироқ бу муқобил энергия манбаларининг ҳам ҳисобга олиш зарур бўлган томонлари бор.

https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2013/04/130430_cy_solarenergy

"Нега амалдорлар кашфиётимизга тўсқинлик қилмоқда?"

Ўзбекистонда АЭС қуриш фурсати етдими?