Ўзбекистон: Бир йилда учинчиси - "Ўзбектелеком"нинг бу раҳбари нимани ўзгартиради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzonline.uz
Image caption Кетти.., кетти.., кетадими?

"Ўзбектелеком" акционерлик компаниясининг раҳбарияти бу йил ҳисобига учинчи марта ўзгарди.

Компания бош директори вазифасини вақтинча бажариб келаётган Шуҳрат Қодиров 29 октябрь куни лавозимидан озод этилди.

Қодиров бу лавозимда атиги икки ой ишлади.

Ундан аввал эса Фарҳод Рўзиев компания олдидаги вазифаларни бажармагани учун ишдан олинганди.

Рўзиев мазкур лавозимда тўрт ой ишлаган, холос.

Эндиликда Назиржон Ҳасанов "Ўзбектелеком" АК бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Назиржон Ҳасанов ўзбекистонликлар ва мамлакат раҳбарияти томонидан кўплаб танқидларга учраган бу компанияга қандай инновацияларни олиб келиши айтилмади.

Ҳасанов кўп йиллардан бери "Ўзбектелеком" сафида турли лавозимларда ишлаб келган.

Интернетнинг аҳволи

Интернет тезлиги ва ижтимоий тармоқларнинг бот-бот ишламай қолиши ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари орасида норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ўз бизнесини асосан интернет орқали юритувчи блоггерлардан бири Умид Ғофуров тўрт кун аввал қуйидагича шикоят қилганди:

"Интернет жонга тегди. Нимани бунча узоқ ўрнатаяпсизлар? Офисдаги интернет учун 900 минг сўм тўлайман. Бўлмағур 3 мегабит учун. Тезлиги эса худди Dial Up'дагидек. VPN'сиз умуман ишламайди. Ҳатто VPN ҳам яхши ишламаяпти. Ҳатто телефонимдаги 4G энди 2G'дан ёмон бўлиб қолди. Ҳамма компанияларни синаб кўрдим. Қанча чидаш мумкин?"

Сентябрь ойида Ўзбекистонда Facebook'ка кириш муаммога айлана бошлади. Google қидирув сайтида ҳам картографик ва навигацион хизматлар ишламай қолмоқда. Октбярь ойида эса муаммо навбати YouTube'га етти.

"Ўзбектелеком" Facebook билан боғлиқ вазият ҳақида изоҳ берар экан, "Ўзбектелеком томонидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳамма нарса штат режимида ишлаб турибди. Компаниямизнинг Facebook'ка кириш бўйича юзага келган муаммоларга алоқаси йўқ".

Компания YouTube узилишлари бўйича изоҳ бермади.

Интернет фойдаланувчилари орасида эса "Ўзбектелекомнинг бунга алоқаси йўқ" каби кесатқи гаплар тарқалди.

Мирзиёев талаблари

Ўтган ой Президент Шавкат Мирзиёев ўз мажлисларидан бирида асосий эътиборни айнан Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасининг бугунги аҳволига қаратди.

Йиғинда телефон ва интернет фойдаланувчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифати пастлиги эътироф этилди.

Мавжуд алоқа тармоқларининг атиги 27 фоизи оптик толали, қолгани мис симли линиялардан иборат экани танқид қилинди.

Интернет тармоғига уланиш тезлигини ошириш, алоқа тармоқларини тўлиқ оптик толага алмаштириш бўйича кўрсатмалар берилганди.

Бу мамлакат раҳбарининг интернет сифати борасидаги биринчи танқиди эмасди.

Йил бошида Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган ва айни муаммолар муҳокама қилинган.

Ўтган йил 25 декабрида эса Президент Мирзиёев парламентга мурожаат қила туриб, Ўзбекистонда интернет тезлиги келгуси йилда 2,5 баробарга оширилади, деб айтганди.

У 4 мингдан ортиқ таянч мобил алоқа станциялари ишга туширилишини ҳам ваъда қилган.

Ахборот-коммуникациянинг ривожланиш халқаро рейтингидаги 176та мамлакат ичида Ўзбекистон 95-ўринни эгаллаб турибди.

Президент, шунингдек, интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида тўрт баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича топшириқ берган.

"Ўзбектелеком" компаниясида кўп йиллар ишлаб келган Назиржон Ҳасанов бу топшириқларни бажаришда компаниянинг аввалги раҳбариятидан нима билан ажралиб туриши ҳозирча ноаниқ.

Ўзбекистон, интернет тезлиги: “Мирзиёев, ёрдам беринг”, “Проста кааааашмар”

Имтиҳон-2018: Яна қаерда интернет ўчирилади?

Ўзбекистонда интернетнинг "ўлиши" уни "жонлантириш" ишлари билан боғлиқми?

Ўзбекистонда интернет орқали савдо қилиш осонлашади