Ўзбекистон: Онасидан сўкилган фермер - "Режани ортиғи билан бажардим, раҳмат дегани йўқ"

Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги "Зафар Муҳаммаджон чорваси" фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раҳимовнинг Би-би-сига айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалигида таклифи қилинган ислоҳотларни амалга ошириш ўрнига ҳокимлар фермерлар "руҳини синдириш"да давом этяпти. "Шу йил бошидан фермерларга фақат моддий, маънавий кўмак бериш ўрнига, уларнинг руҳини синдириб, ишга лаёқатини чўктиришяпти, қонун бўйича талаб қўйишмайди.

Муҳаммаджон Раҳимов 2013 йилда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўктам Эргашев ўзини "онасидан келиб ҳақоратлагани" учун судга мурожаат қилган.

"Ўша йиғилишда мани чақириб, онамдан сўкиб шахсиятимга теккани учун урушиб кетувдик. Ҳаммани офтобга турғазиб қўйиб, шунақа урушиб сўкиб турган".

Аммо суд мулозимга унга қандай чора кўргани маълум эмас.

Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммаджон Раҳимов фермерларга қарши тазйиқлар ва мажбурий меҳнат ҳануз этаётганини айтди.

У ўз ихтисослиги чорвачилик, аммо пахта экишга мажбурланганини айтади.

"Шартномалар тўрт, беш марталаб алмаштирилди. Буғдой экдик, давлатга 212 сўмдан буғдой топширдим. Режаларни ортиғи билан бажардим, лекин бирон марта раҳмат дейиш йўқ. Ерингни оламан, ерни топшир, дейди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Scott Peterson/Getty Images
Image caption Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги пахта чангалида қолмоқда

Муҳаммаджон Раҳимовнинг айтишича, агар пахта ё ғалла экмаса, фермерларга сув берилмайди. "Чигитлар бу йил чириб кетти, қайта экдик, биров раҳмат демади. Чорвага ерни даштдан берамиз, ерни топшир, деб қийноққа олишади чорвадорларни".

"Умуман фермерларда ишлашга тоқат қолмаган, тўғриси", - дейди у.

Президент Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул расмийларга берган топшириғига кўра, 12 центнердан кам пахта ҳосили олинадиган майдонга пахта экилмаслиги керак. Аммо, жойларда маҳаллий ҳокимиятлар фермерларни кичик майдонларга ҳам пахта экишга мажбурлаяпти.

"Бизнинг адир ерлар 10 центнер ҳам пахта бермайди. Лекин, барибир эктиради. У ерда боғдорчилик қилиниши, ёки лалми буғдойлар етиштирилиши керак. Лекин, пахта эктирди. Фермерлар бечоралар уч марталаб қайта экишди, сув йўқ лотокларда. Июнь ойидан бери мана энди сув етиб борди."

Ўзбекистон охирги икки йилда мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларига барҳам бериш юзасидан жиддий халқаро мажбуриятларни олган.

Оққўрғон туманидаги фермерларнинг мажбуран сувга тушириб жазоланиши Ўзбекистон фермерларининг аянчли аҳволига яна эътиборни қаратди.

Ўзбекистонда фермерларнинг таҳқирланиши янги кўриниш эмас.

Ҳокимларнинг фермерларни дўппослаши, ҳақоратлаши ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга мажбурлаши билан боғлиқ қатор ҳодисалар қайд қилинган.

"Зафар Муҳаммаджон чорваси" фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раҳимов

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.