AIBA Президенти этиб сайланган Ғафур Раҳимов қандай одам? - Би-би-си фильми

Москвада ўтган Халқаро Бокс Ассоциацияси Конгрессида ўзбекистонлик зиддиятли ишбилармон Ғафур Раҳимов AIBA президенти этиб сайланган.

У ўз чиқишида агар бокс Олимпия ўйинларидан чиқарилса, президентликдан кетишини айтган.

Аввал-бошда Раҳимовнинг ягона номзод бўлиши кутилганди, аммо конгрессга бир неча кун қолганда Спорт бўйича арбитраж маҳкама (SAS) қозоғистонлик Серика Конакбаев номзодига рухсат бериш ҳақидаги қарорни чиқарган.

Шу йил январида Ғафур Раҳимовнинг AIBA президенти вазифасини бажарувчи этиб сайланиши Халқаро Олимпия Қўмитасининг норозилигига сабаб бўлганди.

Ғафур Раҳимов жаҳон ҳаваскор бокси келажагига таҳдидми?

ХОҚ ягона Ғофур Раҳимов номзоди қолганидан норози

Ўтган ой ХОҚ агар Халқаро Бокс Ассоциацияси бир ой ичида бошқарувдаги муаммоларини бартараф этмаса, боксни 2020-йилдаги Токио Олимпия ўйинларидан чиқариш билан таҳдид қилган.

Британиянинг Гардиан газетаси ёзишича, Халқаро Олимпия Қўмитаси ўзбек ишбилармон Ғофур Раҳимовни уюшган жиноятга алоқадор деб билади.

2012 йилда АҚШ Молия вазирлигининг санкциясига тушган Ғафур Раҳимов уюшган жиноий гуруҳлар ҳамда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор кўрилади.

Америка ҳукумати Ғафур Раҳимовни "героин савдоси билан шуғулланадиган йирик халқаро наркосиндикатларга раҳбарлик қилган"ини айтган.

Раҳимовнинг ўзи бу айбларни рад этади.

Ўтган ой "Around the Rings" нашрига интервьюсида Ғафур Раҳимов ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясига Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова бошчилик қилганини айтган.

Ўзбекистонда Ғофурбой номи билан танилган зиддиятли тадбиркорнинг айтишича, Каримова ва шериклари қасддан тарқатган ёлғон маълумотлар асосида АҚШ Молия вазирлиги уни "қора рўйхат"га киритган.

2013 йилда Ғафур Раҳимов Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Россия фуқаролигини олганди.

Ўзи ва аёлига нисбатан 2013 йил февралида иқтисодий айблар билан эълон қилинган жиноий қидирувнинг бекор қилиниши ортидан Ғафур Раҳимов шу йил ёзида Ўзбекистонга келган.

Би-би-си 2003 йилда Тошкентда Ғафур Раҳимов билан суҳбатлашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар