Ислом ва дунё: Мянмага қайтган Роҳинга қочқинларини нима кутмоқда?

  • Ник Биик
  • Би-би-си, Мянма
Кўплаб роҳингалар ҳозирда Бангладеш чегараси яқинидаги жамлоқларда яшайдилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Кўплаб роҳингалар ҳозирда Бангладеш чегараси яқинидаги жамлоқларда яшайдилар

2017 йилнинг сўнгги давридан бери 700 мингдан зиёд Роҳинга мусулмонлари Мянмадан Бангладешга қочиб ўтган. Бунга мусулмон озчилигига нисбатан ташкилланган ҳарбий зўравонлик сабаб бўлган.

Икки мамлакат - Мянма (собиқ Бирма) ва Бангладеш - ўртасида имзоланган битимга кўра, минглаб Роҳинга қочқинлари ортга қайтарилиши лозим эди. Бироқ ҳеч ким қайтишни истамагандан сўнг бу режа тўхтаб қолган. Хўш, уларни ортда нималар кутиб турган бўлиши мумкин?

1990 йилларда ҳибсга ташланган Аун Сан Су Чи "Осиё Манделаси" дея кўкларга кўтарилар, унинг Мянмадаги ялпи инсон ҳуқуқлари учун кураши олқишланар эди.

Аммо Нелсон Мандела қора танлилар ҳуқуқини поймол қилган апартеид тузумини ағдариш йўлида жон куйдирган бўлса, ҳозирда Су Чи хонимнинг Демократия учун Миллий Лига (NLD) партияси ўз мамлакатини қонга ботирган зўравонлик ва айирмачиликнинг ортида турганликда айбланмоқда.

Биз Мянманинг Рахине штатидан бўлган Роҳинга мусулмонлари Бангладешдаги қочқинлар жамлоқларидан ортга қайтгудек бўлса, уларни нима кутиб турган бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш учун бугунги кунда Рахине штатининг ўзида турган 400 минг роҳингаларнинг аҳволига бир назар ташлашимиз ақлдан бўлади: ўтган йили Мянма ҳарбийларининг қонли «тозалов амалиёти»дан қочмаган Роҳинга мусулмонлари бугун ўз ерларида ҳар кунни маҳбуслардек ўтказмоқда.

"Биз, роҳингаларга ҳайвондек муносабатда бўлишади. Чекловлар, зўравонлик, таъқиб…" сўзлайди 22 яшар Нур Дин.

Биз у билан телефон орқали кўп суҳбатлашиб турамиз, лекин унинг ўзини ҳеч кўрмаганман.

Бунинг сабаби у ўтган бир неча йилдан бери умрини Рахине пойтахти Ситеудаги Ички Кўчирилган Шахслар (IDP) учун қурилган кўплаб жамлоқлардан бирида маҳбусдек ўтказаётганидадир.

Бу жой Мянма армияси - уни Татмадав, деб ҳам атайдилар - БМТ экспертлари изоҳи билан айтганда, Роҳинга одамларига қарши геноцид уюштирган ҳудуддан 96 километр жанубда жойлашган.

Татмадав бундай айбловларни қатъиян рад этади, фақатгина полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилган Роҳинга жангариларини ҳайдаб чиқарганини таъкидлайди.

Нур Диннинг оиласи 2012 йилда юз берган буддавий-мусулмон тўқнашуви ортидан IDP жамлоғига кўчирилган. Ўшандан бери у ердан чиқарилмаган.

Рахине штатидаги роҳинга қишлоқлари ёниб кулга айланган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Рахине штатидаги роҳинга қишлоқлари ёниб кулга айланган

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг тасвирлашича, бу жамлоқ очиқ осмон остидаги қамоқхонага ўхшайди. У ерда сақланадиган одамлар эркин ҳаракатлана олмайди, тиббиёт ва таълим хизматларидан фойдаланиш имконига эга эмас.

«Ҳамманинг ўз мақсад-орзуси бор, аммо ҳукумат бунга тўсқинлик қилади,» дейди Нур Дин.

«Мен ўзимни нотинч, маҳзун ва умидсиз ҳис қиламан. Биз эркин бўлишни истаймиз, имкониятларимиз бўлишини хоҳлаймиз. Ҳукуматга арзимни етказмоқчиман: Бизни йўлимизни тўсманг.»

Бироқ бу арз-доддан бирор наф йўқдек кўринади.

Сўнгги Роҳинга талаба Ситуэ Университетига 2012 йилда ўқишга кирган. Шифокор, ўқитувчи, олим ва сиёсатчи бўлиши мумкин бўлган бир авлоднинг йўли тўсилди. Илмий, касбий ва ижодий мақсадлар эзғилаб ташланди.

БМТ Бангладешдаги миллионга яқин қочқин ортга қайтарилишидан олдин Рахине штатида ҳанузга қадар яшаётган роҳингаларга фуқаролик ва ҳаракатланиш эркинлиги берилсин, дейди.

Қочқинларнинг уйлари ер билан яксон қилинган, қишлоқлари текислаб ташланган, уларнинг узоқ асрлардан бери шаклланган белгилари Рахине харитасидан ўчириб юборилган.

Хавфсиз қайтишни таъминлаб

Бирма ҳукумати эса умуман бошқача ҳикояни сўзлайди. Яқинда мамлакатнинг асосий шаҳри бўлмиш Янгонда ўтказилган матбуот конференциясида ҳарбий ва фуқаровий расмийлар каттакон экранда ортга қайтган Роҳинга қочқинларини илиқ кутиб олиш режаларини намойиш этдилар.

Бизга Хитой ҳукумати қайтиши кутилаётган қочқинлар учун олдиндан тайёрланган 1,000 уйни хайрия қилганини айтдилар.

Қисқа муддатли истиқболда қайтган роҳингалар учун тиббий кўмак, ёш оналар учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши, овқат, тоза ичимлик суви ва киши бошига кунига 1,000 киат ($0.63) берилиши маълум қилинди.

Узоқ муддатли истиқболда эса иш топиш учун рағбатлантириш ва 42 ҳудуддан бирида уй қуриш учун имконият таклиф қилиниши айтилди. Бироқ бу айнан қандай ҳудудлар бўлиши мумкин, деган саволимиз жавобсиз қолди.

Турар-жой, йўллар ва кўприклар қуриш бошқа масала. Аммо Роҳинга мусулмонлари ва уларнинг тарихан ёнма-ён яшаб келган буддавий қўшнилари ўртасида келиб чиққан бундай қонли ихтилофнинг илдизларини ўрганиш масаласи нима бўлади?

Ҳарбийлар қонли амалиётлар, зўрлашларни якунлаб бўлгандан сўнг буддавий оломон Роҳинга қишлоқларини бирма-бир олов ичида қолдиргани ҳақида кўп айтилган. Ўта мутаассиб миллатчиларнинг Роҳинга одамларига қарши тарқатиб келган бўхтонлари, Facebook орқали улашилган таҳқиромуз маълумотларга нисбатан чора кўриш масаласи нима бўлади?

2015 йилдаги сайловлар ортидан Аун Сан Су Чи фуқаролик ҳукуматини ўрнатганига қарамай, мамлакатни бугунги кунгача ўз тизгинида тутиб келаётган Татмадавнинг фаолияти юзасидан бирор текширув ўтказиладими?

Матбуот конференциясида ортга қайтган Роҳинга одамлари учун фуқаролик бериш масаласи борасида бирор сўз айтилмади.

Бунинг ўрнига Миллий Тасдиқлов Картаси (NVC)ни олиш эвазига чекланган ҳаракат эркинлигига эга бўлиш бўйича киритилган таклиф ҳамон ўз кучида қолмоқда. Роҳингаларнинг аксарият қисми бундай картани олишдан бош тортиб келади. Уларга кўра, бундай мақомга розилик билдириш ўзини келгинди сифатида тан олиш билан баробар.

Конференциянинг савол-жавоблар бўлими бошланганда, мен Мянма ҳукумати илгари сураётган режанинг ҳаммани ташвишга солиб келаётган қисми тўғрисида сўрашга қарор қилдим.

"Агар уларнинг ўзига қарши геноцидга қўл урган ҳарбийлар яна ҳаммасига бош бўлгудек бўлса, сиз ортга қайтган Роҳинга одамларининг хавфсизлигини қай даражада кафолатлай оласиз?"

Сукунат. Узоқ давом этган сукунат. Бош зобит миқ этмади. «Қаердансиз ўзи?» ниҳоят тилга кирди ҳукуматнинг бир вакили.

Ситуэдаги жамлоқда яшаётган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ситуэдаги жамлоқда яшаётган аёл

У менинг жавобимни ёзиб олди ва қайтиш мутлақо хавфсиз бўлишига мени ишонтиришга уринди. Бундан ташқари ҳарбийлар ёки фуқаролар ичидан кимда-ким роҳингаларга қарши жиноятга қўл урган бўлса, уларнинг бари адолат олдида жавоб беражагини таъкидлади.

Ватансиз ва ноилож

Рахине штатида этник фарқларни одамларга янада чуқурроқ тушунтириш ва муносабатларни қайтадан илиқлаштириш мақсадида ҳунармандчилик устахоналари ҳам ташкил этилмоқда.

Бироқ фаоллар бундай ҳаракатлардан бирор иш чиқишига асло ишонмайди.

«Вазият янада ёмонлашиб бормоқда,» дейди Роҳинга одамларининг кўчиши ва Рахине штатидаги ўзгаришларни кузатиб борувчи Arakan Project директори Крис Лева.

"Роҳингалар NVC олишга мажбурланмоқда, агар олмаса, аҳволи ёмон бўлиши билан қўрқитилмоқда. Ҳаракат эркинлиги ҳам янада бўғилган. Ҳамма ерда блокпостлар. Зўравонлик бошланган вақтда ҳам аҳвол бунчалик оғир эмас эди. Қурилишлар қандай кетаётганини кузатиб турибмиз, лекин улар одамларни янада чўчитмоқда. Одамлар уларни янги жамлоқлар, деб ўйламоқда."

Маълум бўлишича, Мянма ва Бангладеш келишуви остида илк 2,200 нафар Роҳинга қочқинини ортга қайтариш ишлари ноябрь ойида тўхтаб қолган. Рўйхатга тушганларнинг ҳеч бири қайтишни истамаган.

Халқаро ҳамжамият ҳам бу режани қаттиқ танқид остига олган. Бироқ икки давлат буларга эътибор ҳам бермай, Бангладешда 30 декабрь куни бўлиб ўтадиган ялпи сайловлардан сўнг жараённи қайта бошлаш ниятида.

Ватансиз, ноилож роҳингалар эса совуққон сиёсатчиларнинг марҳаматига кўз тикиб яшамоқда. Аслида, уларни ортда нималар кутиб турганини ҳеч ким аниқ айта олмайди.

Кўплаб этник роҳингалар уларни Мянмада юзда ғазаб билан кутиб олишларидан хавотирда.

Аксар мянмаликлар Роҳинга одамларини жангариларни қўллаб-қувватловчи ноқонуний муҳожирлар, деб ҳисоблайди.

Шу пайт бундан бир неча ой муқаддам Рахине штати шимолида жойлашган бир қишлоқ раисининг киши этини жунжиктирадиган совуқ жавоби ёдимга тушади.

Роҳинга одамларини учта сўз билан таърифлай оласизми, сўраган эдим ўшанда. Унга битта сўз ҳам етиб ортган эди.

"Террорчилар."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek