Ўзбекистон: Янги солиқ тизими қайси озиқ-овқат маҳсулотлари нархига таъсир қилмайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin/Getty Images
Image caption Янги солиқ тизими аҳоли орасида тушунмовчиликларга сабаб бўлди

Ўзбекистонда 1 январдан янги солиқ тизими ишга тушар экан, мамлакат аҳолиси орасида ҚҚС (қўшима қиймат солиғи) ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши ўртасидаги боғлиқлик ҳақида хавотир юзага келган.

Давлат солиқ қўмитаси хабар қилишича, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида қўшилган қиймат солиғига тортилмайдиган товарлар рўйхатини тасдиқлади.

Ушбу рўйхатдан жой олган озиқ-овқат маҳсулотлари қуйидагилар:

1) Гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, ҳайвонлар (қорамол ва парранда)

тирик ҳолдаги ва уларнинг сўйилган маҳсулотлари;

2) Балиқ;

3) Картошка;

4) Пиёз;

5) Тухум;

6) Гуруч (барча навлари);

7) Шакар, шу жумладан, импорт қилинган;

8) Нон маҳсулотлари.

Давлат солиқ қўмитаси рўйхатда кўрсатилган товарларга берилган имтиёз солиқ тўловчилар томонидан фақат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг чакана ва улгуржи реализацияси (нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш бундан мустасно) амалга оширилганда қўлланилишини маълум қилди.

"Жазавага тушманг"

"Корзинка" супермаркетлар тармоғининг асосчиси Зафар Ҳошимов ҳам бу хавотирларни аритишга уриниб ўз Телеграм каналида фикр билдирди.

"Кеча чекларни кўриб, шахсан ўзим шаҳримиздаги бир қанча супермаркетларни (бизнинг супермаркетларимиз ишламаганини яна бир бор ёдга солсам) айланиб чиқдим. Харид қилиб, чек ҳамда нарх ёрлиқларидаги нархларни текширдим. Чекларда ҚҚС билан биргаликда инобатга олинган нархлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, маҳсулотларнинг умумий қиймати, шу жумладан, ҚҚС ҳам бир тийинга ошмаган эди. Харидорларнинг ўзлари ҳам бунга осонгина ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Барча нарх ёрлиқларида нарх ўрнатилган сана мавжуд. Шу таҳлит, пештахталарда нархи билан кўрсатилган ушбу маҳсулотларнинг барчаси октябрь, ноябрь ва декабрь саналарида қайд этилган. Мен саналар билан бирга кўрсатилган юздан ортиқ нарх ёрлиқларини кўздан кечирдим. Чакана савдода нархлар ўсмаганига амин бўлдим", - деб ёзди у.

Ҳошимовнинг қўшимча қилишича, солиқлар ҳар доим нархларда акс эттирилган, аммо фарқи шуки, бундан буён у шаффоф бўлади.

"Эҳтимол ушбу сўзларим айрим харидорларимиз учун бирмунча янгилик бўлар, аммо хоҳлайсизми, йўқми, ўзимизга маълум ёки номаълумми, барчамиз томонимиздан харид қилинадиган маҳсулотларнинг нархлари таркибида солиқлар бор. Солиқларнинг миқдори ҳамда устамаларининг чекларда пайдо бўлиши маҳсулотлар нархларининг таркибидаги солиқларнинг намойиш этилишидан бошқа нарса эмас. Бу эса жуда ижобий ҳолат, деб ўйлайман. Биз аввал ҳам ушбу ва бошқа шу каби солиқларни тўлаб келганмиз. Илк марта мазкур жараён шаффоф ва очиқ намоён этилмоқда, бу улкан тараққиёт. Шахсан мен учун бу талваса ёки жазавага тушиш учун сабаб эмас, балки хушхабардир. Яна бир бор таъкидлайман, солиқ олишнинг янги тартиби жорий этилганига қарамасдан, чакана савдодаги нархлар ўзгаришсиз қолган."

"Бизнес шок ҳолатида ҳозир - 1 январдан ким қандай солиқ тўлайди?

Ботир Парпиев Солиқ қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek