Ўзбекистон: Озодлик радиоси журналисти уйига тегилмайди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Урганч туман маҳкамасининг қарорини бекор қилди.
Озодлик радиоси журналисти Шуҳрат Бобожонов ва унинг икки укаси - Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларга тегишли уй мусодара этилмайдиган бўлди.
Уй билан боғлиқ маҳкама жараёнлари бир йилдан ортиқроққа чўзилган.
Учовлоннинг шикоят аризалари асосида бу иш Ўзбекистон Олий маҳкамаси томонидан уч бор кўриб чиқилган.
Сўнгги суд жараёни бир-биридан мустақил уч ҳакам томонидан олиб борилган.
Даъвогар томонга кўра, бугун бу уч ҳакам томонидан чиқарилган ҳукм, ҳатто, Ўзбекистон прокуратураси томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.
Уйи мусодара этиш ҳукм остига тушган тарафни суд жараёнларида Ғайрат Бобожонов намоён этган.
У бугунги янгиликка, "Суд ниҳоят арзимизни эшитиб, бизнинг фойдамизга қарор чиқарганидан хурсандман. Узоқ, қийин давом этган бу жараён Ўзбек судига мурожаат қилиб ҳам, адолатга эришиш мумкин, деган бир утопия, фантазия гапни исбот қилди", дея муносабат билдирган.
"Бу укамнинг гапи. Чунки бу гапни гапиришга у кўпроқ ҳақли. Аммо мен ҳам шу гапга қўшиламан", - дейди Озодлик журналисти Шуҳрат Бобожонов бироз аввал Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида.
Олий маҳкама бунгача икки бор Озодлик журналисти зиддига ҳукм чиқарган.
Ака-ука учовлонга тегишли уйни тортиб олиш борасидаги қуйи суд инстанцияси қарорини икки бор қайта ўз кучида қолдирганди.
Шуҳрат Бобожонов шу йил февраль ойида Олий суд ҳукмига ўз муносабатини билдираркан, Ўзбекистон ҳукумати ундан мустақил журналистик фаолияти учун унинг кўчмас мулкини тортиб олиш билан "ўч олаётгани"ни иддао қилганди.
Бошқа томондан, сўнгги янгилик Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг шу ой охирида Ўзбекистонга келишига оид хабарлар манзарасида бўй кўрсатган.
Маълум бўлишича, журналист Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил январь ойида Берлинга қилган ташрифи манзарасида Германия Ташқи ишлар вазирлиги, канцлери Ангела Меркель девонхонаси ва федерал президентига шахсан ўзи хат киритган.
Уйи - ўзига тегишли хусусий мулки билан боғлиқ маҳкама жараёнлари мисолида Германия раҳбариятини қандай давлат билан музокаралар олиб бораётганини назарда тутишга чақирган.
Шуҳрат Бобожонов (ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даврида - таҳр.) Ўзбекистонда журналистик фаолиятига тўсқинлик қилингани боис, 2001 йилда Германиядан сиёсий қочқинлик мақомини олган журналист бўлади.
Штайнмайернинг режалаштирилаётган ташрифи Берлинда бошланган ўзаро ишончга асосланган конструктив сиёсий мулоқотни давом этдириш учун бир имконият экани айтилмоқда.
Маҳкама марказидаги уй
Уч ака-ука мулкининг бозордаги бугунги қиймати 180 минг долларга тенг.
Ўтган йил февралида Урганч туман суди Фуқаролик кодексининг 191 моддасига биноан, Шуҳрат Бобожоновнинг Урганчдаги уйида ҳеч ким яшамаётганини даъво қилиб уйни давлат тасарруфига мусодара қилиш қарорини чиқарганди. Судга Бобожоновлардан ҳеч ким чақирилмаган.
Бу қарор ҳақида Бобожоновлар оиласи август ойида билиб қолганлар.
Суд, шунингдек, уй давлат кадастрида қайд қилинмаганини айтган.
Лекин, Бобожоновнинг Урганч туманида яшовчи укаси Ғайратнинг Би-би-сига айтишича, уй бўш эмас ва барча ҳужжатлар жойида. Би-би-си бу ҳужжатлар билан мустақил равишда танишиб чиқди.
Шуҳрат Бобожонов айни уй қурилган ер унга Урганчда ўқитувчи бўлиб ишлаган даврида давлат томонидан берилганини тасдиқловчи ҳужжатга эга.
Унга кўра, бу уйни қуриши ортидан маҳаллий ҳокимият уйни рўйхатдан ўтказишдан мунтазам равишда бош тортиб келишган.
Шуҳрат Бобожонов ва унинг укаси Қудрат Бобожонов 2014 йилда Ўзбекистон фуқаролигидан мосуво қилинганлар. Шуҳрат Бобожоновнинг икки бошқа укаси Қудрат ва Ғайратларнинг ҳам уйлари мусодара қилингани хабар қилинади.
Би-би-cи аввалроқ ҳукм борасида муносабат олиш учун судя Ўткир Машариповга боғланганди, аммо унинг ўзи билан суҳбатлаша олмади. Би-би-cининг Урганч туман ҳокимидан изоҳ олиш ҳаракатлари ҳам зое кетти.
Би-би-cи Урганч туман суди билан боғланганида, девонхона мудири Тўлқин Матниёзов мазкур журналистларнинг ватанда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини тавсия қилганди.
"Қарордан норози бўлса, шикоят бериши мумкин кассация тартибида. Унинг уйи давлатга ўтиб кетади, ўзи бефарқ бўлиб юраверадими? Бошқа ерга ёзиш ўрнига биздан юқори турувчи судга ёзиши керак", - деб айтганди Матниёзов.
Шуҳрат Бобожон: 'Бизни сўз эркинлиги учун жазолашди'