Миннатдор ўзбеклар: Каримов, Мирзиёев ва эътибор

Энг аввало Каримов, кейин ҳам Мирзиёевдан миннатдормиз... - бу ҳозир Россия пойтахти Москвада бўлиб турган ўнлаб ўзбекистонликлардан бирининг сўзлари бўлади.

Унинг айтишича, бу икки президент ўзларига жуда катта имкониятлар яратиб беришган. Қилаётган ишларини янада жонлантиришган.

Бу ўзбекистонликлар барчаси ҳунармандлар, шу кунларда Москвада бўлиб ўтаётган "Дўппи"("Тюбитейка") Шарқ бозори ёйма-кўргазмаси иштирокчилари.

Улар Россия пойтахтида иккинчи бор ўз маҳсулотларини намойиш этишмоқда, бир маънода, ўзлари учун янги имкониятлар эшигини очиб, Россия бозорини забт этишга уринишмоқда.

Айримларининг айтишича, бунгача қатор хориж давлатларида ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этишга улгуришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Бухоролик каштачилар ва рассомлар дейсизми, шаҳрихонлик пичоқчилар, тошкентлик ёғоч ўймакорлари ва ёки водийлик шойи-ипакчилар - бу ерда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидан келган ҳунармандларни учратиш мумкин.

Жилоси кўзларни қамаштирувчи заргарлик буюмлари атласу адрас либослар, турли кашталару сўзаналар эса, ёғочу сопол идишларга уланган. Улардан кейинги растада Шаҳрихоннинг минтақага машҳур пичоқлари тартиб билан тизиб қўйилган.

Ўзбеклар, асрларки, қўл ҳунармандчилиги билан шуғулланиб келишган, уларнинг ижодлари дунёнинг манаман, деган давлатлари, энг ҳассос харидорларини ҳам тан олдириб келган.

Аммо ҳунармандларга, улар қилаётган меҳнатга ҳукумат даражасидаги эътибор ҳар доим ҳам бу каби эътирофларга сабаб бўлмагани ҳам бор гап.

"Дўппи"("Тюбитейка") Шарқ бозори ёйма-кўргазмаси Россия пойтахтидаги энг йирик савдо марказларининг бирида бўлиб ўтмоқда.

Кўргазма ўзининг илк куниданоқ россиялик қўл меҳнати ихлосмандларининг эътиборларини яхшигина ўзига тортишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик ҳунармандлар Москвадаги ярмаркада

Ўзбек санъати ва меҳмондўстлигини дунёга кўрсатишни истадим

Инглиз меҳмоннинг "Ўзбекистон" кундалиги. 1- кун

Кайфият, фазо ва муҳит

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Кўргазмани бевосита ёритаётган Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳаётнинг айтишича, ўзбекистонлик ҳунармандлар, айниқса, сўнгги йилларда ўз ижод маҳсуллари билан россияликлар кўнглига йўл топишнинг анчагина уддасидан чиқа олишган.

"Россияликлар бунга ўхшаш кўргазмаларни беэътибор қолдиришмайди, чунки, ҳақиқатан ҳам қўл меҳнатини яхши кўришади, яхшигина қадрига етишади", - дейди мухбиримиз.

Маълум бўлишича, улар энг кўп сополдан ишланган идишлар, пичоқлар ва ипак матоларга жуда ўч.

Улардаги бу қадар қизиқишни кўриб, ҳатто, охирги пайтларда пойтахт Москвадаги айрим савдо марказларида ҳам бу каби маҳсулотлар кўзга ташлана бошланган.

Ҳозирча ҳукумат ва масъул идоралар даражасидан кўра, кўпроқ россиялик якка тадбиркор ва тижоратчиларнинг ўзлари томонидан бу хилдаги уринишлар бўлмоқда, дейди мухбиримиз.

Аммо, унинг айтишича, Россия аҳолиси орасида бу каби маҳсулотларнинг кенг истеъмолда ва шу орқали чўнтакларибоп бўлишини истовчиларнинг сонлари ҳам йил сайин ортиб бормоқда.

Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд бўлади.

Биргина расмий ҳисоб-китобларнинг ўзида ҳатто ҳозир ҳам уларнинг сони бир миллиондан ортади.

Норасмий манбаларда эса, уларнинг сони бундан бир неча бор кўп экани ҳам тахмин этилади.

Айниқса, сўнгги йилларда бутун Россия бўйлаб ўзбек емакхоналари, чойхоналари ва дўконларининг сони кескин ортган.

Ташкилотчиларига кўра, "Дўппи" кўргазмасидан мақсад ҳам Россияда Ўзбекистоннинг миллий маданияти ва ҳунармандчилигини янада кўпроқ тарғиб қилиш бўлади.

Умидлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Аммо, бошқа томондан, бу каби Шарқ бозори ёйма-кўргазмалари ўзбек ҳунармандлари учун янги бозор воситасини бажариши, улар тижоратини янада жонлантириши ва Ўзбекистонга янгидан-янги туристларни жалб қилишнинг энг мақбул воситаларидан бири бўлишига оид умидлар ҳам йўқ эмас.

Агар, Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳаётнинг сўзларига таянилса, ҳозир ўзбекистонлик каштачиларнинг қўл меҳнати маҳсули бўлган битта сўзана $1000 доллардан ортиқроқ туради.

Аммо худди шу манзарада маҳаллий харидорлар ўзбекона битта сопол пиёлачани 3-4 долларга ҳам сотиб олишлари мумкин, дейди у.

Мухбиримизнинг айтишича, сўнгги йилларда ўзбекистонлик ҳунармандлар ҳам нарх дейсизми, ранг ва ёки безаклари - ҳар томонлама Россия бозори ва россиялик харидорларга мослаша бошлашган.

Бу каби кўргазмаларга Россия оммавий-ахборот воситаларининг қизиқишлари ҳам ортган. Бу ҳақда россиялик машҳур блогерлар ҳам ёза бошлашган.

"Дўппи" эса, асли ўзбекистонлик дизайнер Фотима Орифжонова Москвада иккинчи бор ташкиллаштирган ёймасидир.

Унинг айтишича, "Дўппи - меҳр тимсоли. Шу боис ҳам, ҳар бир иштирокчидан то ташриф буюрувчигача Москванинг қаҳратон кунида ўзбекона меҳр тафтини ҳис қилишларини исташади".

Ташкилотчилар бу кўргазмада нафақат ўзбек, балки форс, афғон, татар, турк ва Россиянинг ўзидаги бошқа туркий халқлар қўл меҳнати асосида яратилган миллий маҳсулотлар савдосини ҳам уюштиришган.

Маълум бўлишича, мазкур кўргазма доирасида турли семинар-тренинглар, ўзбек кинофильмлари намойиши, миллий урф-одатларни ўз ичига олган саҳна кўринишлари ва концерт дастурлари ҳам уюштирилмоқда.

21 феврал куни очилган кўргазма тўрт кун давом этади.

Би-би-си Ўзбек хизматининг мазкур ёйма кўргазмадан тайёрлаган жонли дастурини "Facebook" ва "Одноклассники"даги саҳифаларимизда томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek