Дунё янгиликлари: Мусулмонлар отилган ЯЗда қуролларга тақиқ ва умрбод қамалган Караджич

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жасинда Ардерн

Жасинда Ардерн: Тарихимиз абадийга ўзгарди

Бош вазир Жасинда Ардерн Крайсчўрчдаги мудҳиш жиноят ортидан Янги Зеландияда барча турдаги ҳарбий қуроллар тақиқ остига олинишини эълон қилди. Ардерн хоним ушбу таклиф этилаётган тақиқнинг 11 апрелга қадар парламент томонидан тасдиқланишига умид қилаётганини маълум қилган.

«Тарихимиз абадийга ўзгарди, энди қонунларимиз ҳам ўзгаради,»- таъкидлаган Бош вазир.

Бизнинг дунё: Келажак авлодни ўйлаб, демократия тушунчасини қайта кашф қилишимиз зарурми?

Янгиликлар: Крайсчўрч отишмаси, Брексит можароси, Олимпия қўмитаси раҳбарига айблов ва савдо уруши

Дунё янгиликлари: Facebook нимага ўчиб қолди? Россия ўзбекларга муҳтожми ва Брексит бошоғири давом этади...

Шу муносабат билан ҳарбий турдаги барча ярим автомат ва ҳужум милтиқлари эгаларига амнистия ҳам эълон қилинган. Ардерн хонимга кўра, ҳукумат қуролларни эгаларидан сотиб олади. Мамлакат миқёсида бўлиб ўтувчи қайта сотиб олиш жараёни учун $138 миллион маблағ ажратилган.

Мамлакат полицияси раҳбари Майк Буш фуқароларни қуролларни топширишга даъват этган. Амнистия муддати тугагач, қуролларини давлатга сотмаган фуқаролар 4,000 Янги Зеландия доллари ($2,766)гача жарима ва уч йилга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Италияда ҳайдовчи автобусни болалар билан бирга ёқиб юборди

Милан яқинида ҳайдовчи ичида 50 нафар бола бўлган автобусга ўт қўйиб юборди. Полициянинг маълум қилишича, бунинг оқибатида 14 инсон тутундан заҳарланган, аммо уларнинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаётир. Болаларнинг бари полиция ёрдами билан автобусдан чиқиб олишга муваффақ бўлган.

Воқеадан сўнг 47 яшар асли сенегаллик Италия фуқароси бўлмиш ҳайдовчи қўлга олинган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи тўсатдан автобус йўналишини ўзгартириб, болалар ва ўқитувчиларга «ҳеч ким омон қолмаслиги» билан таҳдид қила бошлаган. Полиция анча пайт автобусни тўхтатишга уринган. Ниҳоят, автобусни тўхтатган ҳайдовчи бензин сепиб, уни ёқиб юборишга улгурган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Автобус тўхтатилгунча учта машинани урган

Айрим хабарларга кўра, ҳайдовчи Италия ҳукуматининг миграция сиёсати юзасидан норозилик билдириб келган. Айни вақтда полиция ҳайдовчини бундай ишга қўл уришга ундаган барча эҳтимолий сабабларни ўрганиб чиқмоқда. Унинг хатти-ҳаракатлари террорчилик амалиёти, дея малакаланиши эҳтимоли ҳам истисно қилинмаган.

Радован Караджич аппеляцияси рад этилди

Гаага суди мусулмонларга қарши геноцидда айбланган Босния серблари собиқ етакчиси Радован Караджичнинг аппеляциясини қондирмади. Суд 2016 йилда Караджич учун 40 йиллик қамоқ жазоси сўраган собиқ Югославия бўйича Трибунал томонидан илгари сурилган айбловни янада қаттиқлаштириб, Караджичга умрбод қамоқ жазоси тайинлади.

Суд Караджичнинг «Сербия Республикаси» президенти сифатида имзолаган директиваси 1995 йили Сребреницада мусулмонлар қатлиомини ташкиллаштиришга асос бўлиб хизмат қилганини эътироф этган. Етти мингдан зиёд эркак мазкур қирғинбарот қурбонига айланган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Радован Караджич ва генерал Ратко Младич 1995 йилда

1992-1995 йилларда бўлиб ўтган Босния Урушидан сўнг Караджич узоқ вақт яшириниб юрган. У 2008 йилда қўлга олиниб, Гаага судига топширилган эди.

Никарагуада барча мухолифат тарафдорлари озод этилади

Никарагуа ҳукумати ўтган апрелдаги аксил ҳукумат намойишлар ортидан ҳибсга олинган 700 дан зиёд мухолифат тарафдорларини озод этишга рози бўлган.

2018 йил апрелида мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя тизимидан норози бўлган фуқаролар оммавий юриш бошлаб юборган эди. Кейинроқ бу ҳаракат ўтган 12 йилдан буён қудратда қолиб келаётган президент Даниел Ортеганинг истеъфоси талаб этилган кенг намойишларга айланиб кетган. Ҳукумат намойишларни қаттиққўллик билан бостирган, ўшандан бери юзлаб мухолифат тарафдорлари ҳибсга олинган. Аксарияти талабалар дохил ҳибсга олинганлар терроризм ва қотилликда айбланиб, ҳукуматпараст судлар томонидан узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган. Намойишларни бостириш амалиётлари чоғида 300 дан зиёд инсоннинг ҳалок бўлгани айтилади.

Бугун Америка Мамлакатлари Ташкилотининг махсус элчиси Луи Анжел Розадилла президент Ортега ҳукуматининг «намойишларга алоқадор барча шахслар»ни 90 кун ичида озод этишга рози бўлганини маълум қилди. Хабарларга кўра, шу ҳафтадан бошланувчи жараённи Қизил Хоч ташкилоти кузатиб боради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek