Ўзбекистон: Одамлар норози бўлса, нима қилиши керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media
Image caption Охирги ҳафталарда Тошкентда аҳолининг йирик миқёсдаги уй-жойлар бузилиши ва ипотека фоизларининг бирданига кўтарилишидан норозиликлари кузатилган

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг расмий Телеграм каналида фуқароларни рухсат этилмаган намойишлар ўтказишга қарши огоҳлантириши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлди.

17 апрель куни эълон қилинган расмий огоҳлантириш пойтахт Тошкентда уйи бузилаётган аҳолининг норозилик чиқишлари манзарасида янграган.

"Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон: Президент Қабулхонаси олдидаги жанжалга ким сабабчи?

Ноҳақ ҳукмдан норози ота-оналар дўппосланди

Тошкентда "қийноққа тутилганлар"нинг яқинлари намойиш ўтказди

Агарда ҳаракат ташкилотчиси айнан шу каби ҳаракатлар учун илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унда ушбу шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Бунда максимал жиноий жазо сифатида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Бундан ташқари, рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар қатнашчиларига бинолар ёки бошқа мулк (алоқа воситалари, кўпайтирадиган ва бошқа хил техник ускуналар, транспорт)ни бериш ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун бошқа шароитларни яратиш фуқароларга 20 млн 273 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 30 млн 409 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин", - дея огоҳлантирган вазирлик Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" каналида.

Охирги ҳафталарда Тошкентда аҳолининг йирик миқёсдаги уй-жойлар бузилиши ва ипотека фоизларининг бирданига кўтарилишидан норозиликлари кузатилган.

10 апрель куни пойтахтнинг Сергели мавзейида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган "арзон уйлар" яшовчилари уйлар нархининг асоссиз равишда кўтарилганидан норозилик изҳор қилиб чиқишган.

Бош вазир Абдулла Арипов нархларни қайта кўриб чиқишга буйруқ берган.

Тошкент марказидаги уйлари бузилаётган одамлар ҳам ўзларининг розилигисиз уйларидан чиқарилаётгани ва пойтахт четидаги мавзеларга кўчирилаётганликларини айтишган.

Хабарларга кўра, 22 апрель куни Сергели туманида қурилган арзон уйлар масалалари бўйича тузилган ҳукумат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган.

Унда ижтимоий уйлар қурилишини "бизнесга айлантириб юборишга йўл қўйилмаслик" таъкидлангани хабар қилинади.

'Қўрқитиш'

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Адлия вазирлигининг ахборотини ғазаб билан қаршилаганлар.

Улардан айримлари буни "давлат томонидан қўрқитиш" деб баҳолашган.

"Қўрқитиш. Одамлар қўрқавериб чарчашди. Қачонгача халқнинг мулкини ўғирлашади?" деб ёзган Фэйсбук фойдаланувчиси Farida Charif.

"Қандай ажойиб мамлакат. Ҳукуматга қарши юриш қилиш учун ҳукуматдан рухсат олишингиз керак. Яшанглар" дея истеҳзо қилган Davron Halikov.

"Чорасиз одамларнинг норозилик билдириши тақиқланган. У ҳолатда ўзингизни қандай ҳимоя қиласиз?" дея ҳайронлигини изҳор қилади Rimma Devlikamova.

Sergey Abduraufovich исмли Фэйсбук фойдаланувчисига кўра, "одамларни норозилик қилишга мажбурлаган қурилиш ширкатлари жазоланиши керак".

"Агар одамларнинг қонуний талаблари эшитилмаса, нима қилишлари керак?" дея савол берган Andrey Hozin.

Petr Arsenyevнинг ёзишича, одамлар қандайдир мавҳум ҳужжатлар асосида уйларидан чиқарилмоқда.

"Ҳеч қаерга шикоят қилолмайсиз. Ҳатто Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам кўз юммоқда" деган Arsenyev ҳозирги даврни марҳум Каримов даври билан солиштиришган уринган.

"Каримов давридан бери ҳеч нарса ўзгармади. Одамларнинг овози ўчириб қўйиб, ҳуқуқларини поймол этиш янада осонроқ".

Ўзбекистонда одамларнинг норозилик чиқишлари камдан-кам кузатиладиган ҳолат.

Ислом Каримовнинг ўлими ортидан ҳукумат фуқароларнинг шикоятлари билан ишлаш тизимини такомиллаштирган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида халқ билан мулоқотнинг муҳимлигини урғулаб келади.

Аммо мамлакатда фуқароларнинг ўз норозиликларини изҳор қилишларига доир тартиб ўзгаришсиз қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek