Ислом олами ва Рамазон: Ўзбекистон, Европа ва дунё нигоҳида

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Бугун мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойининг илк куни. Аммо аллақачон дунё бўйлаб Рамазонга боғлиқ турли хабарлар юзага чиққан. Уларнинг баъзилари ушбу муқаддас ой тароватини ўзида акслантирса, бошқалари киши дилини хира қилади.

Бир қатор давлат раҳбарлари ва таниқли шахслар дунё мусулмонларини аксар мамлакатларда бугун кириб келган муқаддас Рамазон ойи билан табриклаб, ўз тилакларини билдирганлар.

Хусусан, президент Доналд Трамп АҚШ ва дунё мусулмонларини чин қалбдан табриклаб, Рамазон ойи давомида биргаликда янада аҳил ва иноқ жамиятга айланишдан умид қилишини билдирган.

Лондон шаҳар мери Содиқ Хон эса бутун Рамазон бўйлаб рўзасини барча эътиқод ва ижтимоий қатламга мансуб лондонликлар билан очиш ниятида эканини маълум қилган.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо ўзининг Рамазон табригида сўнгги ойларда аксар мусулмонлар исломофобия аталмиш нафратомуз қарашга дуч келганини хотирлаб ўтган ва Исломга эркин эътиқод қилиш учун шароитлар яратилиши зарурлигини эътироф этган.

Шунингдек, БМТ Бош Котиби Антонио Гутерреш ўзининг Twitter'даги саҳифасида ҳам инглиз, ҳам араб тилларида Рамазон табриги қолдирган.

Буюк британиялик таниқли сиёсатчи, Лейбористлар партияси ва мухолифат етакчиси Жереми Корбин мусулмонларни Рамазон билан табриклай туриб, Крайсчўрч масжидларига уюштирилган қонли ҳужум, Британияда ўсиб бораётган исломофобиядан таассуф билдирган ва ҳар қандай эътиқодга нисбатан амалга оширилган хуруж бутун инсониятга бирдек хавф бўлиб ёғилишини таъкидлаб, биргаликда ажралмас ҳамда иноқ бўлиб яшашни тилаган.

Рамазон Ҳайитининг энг машҳур таомлари қайси?

Рамазон: Фитр садақа кимга берилади? Муҳтожгами ё ҳукуматга?

Мирзиёев Рамазон Ҳайити муносабати билан 226 маҳбусни авф этди

Янгиликлар

Рамазон чақириқлари Афғонистон ва Ливияда тинчликни таъминлай олмади.

Толибон Лоя Жирға томонидан таклиф этилган Рамазон оташкесимини рад этди. Президент Ашраф Ғани катта кенгаш томонидан илгари сурилган оташкесим ғоясини маъқуллаган, аммо Толибон бу таклифни қабул қилишдан бош тортган.

3,200 нафар диний раҳнамо, сиёсатчилар ва ҳудудий вакиллардан иборат кенгашда сўзга чиққан президент Ғани мамлакатда мавжуд муаммоларни фақатгина Ғарбнинг ўзи ҳал этолмаслигини таъкидлаб, Афғонистонда ҳам онгли жамият мавжудлигини билдирган.

У Лоя Жирғанинг талаби билан, оташкесимга эришиш мақсадида, 175 нафар Толибон маҳбусни озод этишга розилик билдирган. Бироқ Толибон гуруҳи ўз одамларининг ҳибсдан чиқарилиши борасида хабарга, ҳозирча, муносабат билдирмаган.

Толибон жорий афғон ҳукуматини Ғарбнинг қўғирчоғи, дея ҳисоблайди ва гуруҳ оташкесим таклифини илгари сурган катта кенгашни ҳам «сотқин» ҳукумат билан ош-қатиқ бўлишда айблаган.

Толибон сўнгги бор ўтган йили - Ҳайит байрами муносабати билан - уч кунлик оташкесимга розилик билдирган эди.

Айни вақтда Ливия Миллий Армияси қўмондони генерал Халифа Ҳафтар Рамазон ойини муқаддас уруш ойи ўлароқ тасвирлаб, ўз қўшинларига пойтахт Триполини эгаллаш учун янада шиддатлироқ жанг олиб боришни буюрган.

Унинг бу даъвати БМТ томонидан таклиф этилган бир ҳафталик оташкесим лойиҳаси эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, юзага чиққан. Аввалроқ, БМТ Рамазон ойидан фойдаланиб, генерал Ҳафтарни муросага чақиришни кўзлаётгани маълум бўлган эди. Бироқ ўз кўрсатмасида БМТ таклифини бевосита тилга олмаган Халифа Ҳафтар Рамазоннинг муқаддас кунларида янада «шиддаткорона ҳаракат олиб бориб, душманга олдингилардан ҳам каттароқ дарс ўтиш»ни ўз аскарларига тайинлаган.

Ливия шарқида назорат ўрнатган Халифа Ҳафтарнинг Триполи шаҳрини эгаллашга уриниши оқибатида 400 га яқин инсон ҳалок бўлган, 50 минг одам ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Бироқ генерал Ҳафтар, ҳозирча, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Ливия ҳукумати мудофаасини ёриб ўта олмаган.

Ғазода қуролли ҳаракатлар тўхтатилди

Рамазон ойи кириб келиши билан сўнгги уч кундан бери Ғазо бўлгасида давом этаётган қақшатқич ҳужумлар тўхтатилган. Бўлгани назорат этувчи Ҳамас гуруҳига қарашли телеканал икки томоннинг ўзаро тинчлик сулҳига эришганини эълон қилган.

Хабарларда тинчлик музокараларида Миср, БМТ ва Қатарнинг воситачилик қилгани айтилади.

Исроил ҳали сулҳга эришилганлик тўғрисидаги хабарни тасдиқламаган бўлсада, мамлакатнинг Ғазо билан чегарадош ҳудудларида жорий этилган хавфсизлик чекловлари олиб ташланган.

Охирги 48 соат ичида ғазолик жангарилар Исроил жанубига 690 та ракета отгани хабар қилинмоқда. Якшанба куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ўз ҳарбийларига Ғазода мавжуд «террорчи унсурларга қарши кенг кўламли ҳужумлар уюштириш»га кўрсатма берган эди.

Икки томонлама ҳужумлар оқибатида Ғазо бўлгасида 23, Исроилда эса 4 нафар инсон бевақт ҳаётдан кўз юмган.

Брунейда гейлар тошбўрон қилинмайдиган бўлди

Рамазон муносабати билан халққа мурожаат қилган Бруней султони Ҳассанал Болкиаҳ гейларнинг тошбўрон қилинмаслигини эълон қилди.

Бундан бир ой муқаддам Бруней қонунчилигига киритилган ўзгартиришларда шариат қоидаларига кучли урғу берилиб, гей одамларнинг бундан буён тошбўрон ёки сўйил билан калтаклаш орқали ўлдирилиши белгилаб қўйилган эди.

Мазкур хабар бутун дунё бўйлаб қаттиқ танқид ва хавотирларга сабаб бўлган эди. Айни вақтда, ана шундай муносабат султоннинг ўз фикридан қайтишга мажбур қилгани тахмин этилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek