Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди

Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди - биргина бу эмас, ҳатто бодринггача қимматлаб кетган.

Кунига бор-йўғи икки-уч доллар топсам, бу пулни уйимдаги етти жоннинг қай бирига, нимасига етказаман, деган ўйга тушиб қолган одамларнинг сони ортган.

Ўзингиз ҳам мусулмон бўла туриб, нарх-навони кўтаришингиз нимаси, деган саволлар бот-бот қулоққа чалина бошланган.

Қўшни Афғонистон аксарият минтақа давлатлари каби бу йил ҳам Ислом аҳли учун муқаддас Рамазон ойини ана шундай қарши олган.

Ўзбекистон, Россия ва Рамазон: Муҳожирлар Исломни ёйишмоқда ёки мусулмонлашаётган Россия

Дунё ва мусулмонлар: Рамазон шукуҳи суратларда

Ислом олами ва Рамазон: Ўзбекистон, Европа ва дунё нигоҳида

Афғонистон минтақадаги нафақат аксарият аҳолиси мусулмон, балки-да, давлатчилиги ҳам исломий бўлган саноқли давлатлардан бири бўлади.

Узоқ йилдан буён тиним билмай келаётган урушлар, қуролли низолар манзарасида ҳам одамлар бу ойга алоҳида ҳозирлик кўришади.

Рамазон арафасида имкон қадар бозор-учар қилишади, қурблари етганлари, ҳатто, бутун бир ойга мўлжаллаб озиқ-овқатларини ғамлаб қўйишади.

Аммо мамлакатда ишсизлик, қашшоқлик жуда чуқур илдиз отган.

Толибон тузуми қулатилиши ортидан Афғонистонга берилгани айтилган ва айтилаётган миллиардлаб долларлик ёрдамлар ҳам бу муамммоларни арита олмаган.

Аксинча, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқни янада кенгайтирган.

Бадавлатлари ўзига ҳатто четдан уй-жой олишни эп билаётган пайтда, ночорлари кунига иккита нон топишга қурблари зўрға етадиган аҳволга тушиб қолишган.

Минтақа, Рамазон ва нарх-наволар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Сўнгги йиллардаги глобал иқтисодий бўҳронлар эса, шундоқ ҳам минтақада, айниқса, озиқ-овқат нархларининг жиддий ва изчил равишда кўтарилиб боришига сабаб бўлган.

Дўкон ва бозорлардаги бугунги аҳвол эса, бунга қўшимча бўлган, ҳукуматни нарх-навони назорат қилишнинг ўрнига толиблар ва ички низолар билан ўралашиб қолганликда айблаётган афғонларнинг сони ортган.

Айрим дўкондорлар мавжуд вазиятга Рамазон баҳона фойда кўришни кўзлаётган бир қисм тужжорлар айбдор, эканини айтишган.

Тожирлар эса, дод-вой солиш, ваҳима қилишга ҳожат йўқ, қабилида муносабат билдиришган.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўзининг Рамазон табригида одамларни баҳамжиҳат бўлиш ва муҳтожларга ёрдам беришга ундаган.

Маҳаллий мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, рўза Рамазон кунларида аксарият ночор аҳолининг куни ёлғиз айрим саҳоватпеша ва хайрияпарвар инсонларнинг ҳимматларига қараб қолиши Афғонистонда одат тусига кириб бўлган.

Буларнинг барчаси манзарасида афғонлар бу йилги Рамазонни ҳам зўравонликлар билан қарши олишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бугун ҳам Афғонистондаги энг йирик қуролли жангари гуруҳ бўлган Толибон Олий кенгаш ва афғон президентининг бу муқаддас ойда жанглардан тийилиш таклифини рад этган.

Рамазоннинг илк кунларида ҳам рақиб томонлар ўртасида қуролли тўнашувлар юз бергани, ҳар икки тарафдан ҳам талафотлар борлигига оид хабарлар олинмоқда.

Толибларнинг АҚШ томони билан олиб борган ва афғон урушига батамом чек қўяди, деган умидларни уйғотган бир эмас, олти босқич музокаралар ҳам, афтидан, вазиятни ўзгартира олмаган.

Айнан тиним билмаётган зўравонликлар боис, бу йил ҳам юз минглаб афғонлар Рамазонни дарбадарликда, яна миллионлаби муҳожиратда қарши олишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek