Каримов даврида ухлаган матбуотни Мирзиёев қизи уйғотадими?

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари, айниқса интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда сўнгги йиллардаги жонланиш нафақат маҳаллий журналистлар, мухлисларни, балки президент Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёевани ҳам қониқтирмаётган кўринади.

"Нима учун ОАВ тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга кўп омиллар қатори вазирлик ва идоралар ахборот хизмати фаолиятига нисбатан эътиборсиз муносабатни ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин", деб айтган Саида Мирзиёева сешанба куни Тошкентда кечган конференцияда.

"ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари" мавзусида анжуманни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкиллаштирган.

Агентлик директори Комил Алламжонов ҳам ўз чиқишида "давлат ташкилотларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликлар ўз вақтида ёритилмаяпти", деб афсус қилган.

"Шуни ҳисобга олиб, Агентлик томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари мақоми ва мавқеини ошириш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланди", деб айтган Комил Алламжонов.

Ҳамма гап ҳужжатда ...ми?

Саида Мирзиёева чиқишида таҳлил ва ўрганишларга таяниладиган бўлса, энг йирик муаммо бу бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги консептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқдир. Аммо гап фақат ҳужжатдами?

Би-би-си билан суҳбатлашган тошкентлик журналистнинг айтишича, "ҳужжат ва қонунларнинг қабул қилиниши уларнинг амалда тўла ишлашини англатмайди".

"Оммавий-ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарилиши учун журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўла кафолатланиши керак. Албатта, сўнгги йилларда матбуот жонлаганини эътироф этиш керак, аммо ёдингизда бўлса, Каримов ҳам журналистларни жасоратли бўлишга даъват этар, жамиятдаги камчиликларни бўй-басти билан кўрсатмасликда уларни номига "тергаб" қўярди. Лекин вазият мутлақо ўзгармас эди. Тошкентда "жонлироқ" деб билган исталган интернет нашрининг муҳаррири билан гаплашиб кўринг, аминман, деярли ҳар бири "янада жонлироқ" бўлиш йўлида қўйган қадами учун мулозимлар томонидан ҳеч қурса бир марта юмшоқ қилиб айтилса... тергалган", дейди журналист.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin/Getty Images
Image caption Президентнинг икки қизи ҳам ҳукуматда нуфузли лавозимларга тайинланган

Би-би-си Ўзбек хизмати ўтмишда Ўзбекистондаги турфа ҳукумат идоралари билан деярли ҳар ҳафта у ё бу масалада боғланишга ҳаракат қиларди. Барча ҳаракатлар зое кетар, телефонлар ўчириб қўйилар ва айрим ҳолатларда мулозимлар ўта қўпол муносабатда бўларди.

Сўнгги икки йил ичида вазият бир мунча ўзгарганига қарамай, Ўзбекистон расмийларидан журналистлар кўтараётган мавзулар юзасидан муносабат олиш ҳали ҳам мушкул.

Айрим ўзбекистонлик мулозимларнинг энг хуш кўрадиган жавоби салом-аликдан кейин телефонни ўчириб қўйиш бўлиб қолган.

Саида Мирзиёева ўз чиқишида қатор давлат ва хўжалик ташкилотлари веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ахборотлар етарли даражада эмаслигини ҳам танқид қилган.

"Уларнинг веб сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаларига мурожаат қилувчилар сони 150 минг, Telegram тармоғида аъзолар 300 минг нафардан ошмайди," - деди Саида Мирзиёева.

"Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ортиқ эканини ҳисобга олсак, юқоридаги кўрсаткичлардан ўзингиз хулоса олишингиз мумкин," - дея қўшимча қилди у.

Отасининг қизлари...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin/Getty Images
Image caption Президент Мирзиёевнинг бир ўғли ҳам бор

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизлари маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тобора кўп кўриниш бермоқда.

Президент Мирзиёевнинг икки қизи - Шаҳноза ва Саида Мирзиёевалар бугунда ҳукумат амалдорлари бўлиб фаолият юритишмоқда.

Ўтган апрель ойида президентнинг тўнғич қизи - Саида Мирзиёева Ахборот оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновга ўринбосар этиб тайинланди.

Саида Мирзиёева маҳаллий матбуотдаги чиқишлари билан бир қаторда ўзининг Фейсбукдаги расмий саҳифасини ҳам фаол юритади.

Президентнинг иккинчи қизи - Шаҳноза Мирзиёева опасидан аввалроқ Мактабгача таълим вазирлигида иш бошлаганди.

Телевидение орқали намойиш этилувчи хабарлар ва вазирлик сайтида Шаҳноза Мирзиёеванинг боғчалар очилиши, мактабгача таълим борасидаги анжуман ва тадбирларда иштирок этаётгани акс этади.

Президент Мирзиёевнинг бир ўғли ҳам бор. Миралишер ҳали вояга етмаган.

Ўзбекистон: Мирзиёев тўнғич қизи ҳам ишга олинди

Мирзиёевнинг қизи вазирликда масъул лавозимга тайинланган

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02