Ислом ва мусулмонлар: Мен суҳбатлашган ҳар бир Роҳинжа аёл зўрланган - Шоҳида Ёқуб

Мустақил журналист Шоҳида Ёқуб Бирма (Мьянмар)даги Роҳинжа мусулмонлари қатлиоми ҳақидаги ҳужжатли фильмни суратга олган.

Шу кунларда дунё бўйлаб нуфузли фильм фестивалларига тақдим этилган "Сургун қилинганлар" деб номланган ҳужжатли картинада муаллиф Роҳинжа мусулмонларининг аянчли тақдирини Бирмадаги ҳарбий, сиёсий, диний ва ижтимоий воқеликлар силсиласида кўрсатишга уринади.

"Мен суҳбатлашган ҳар бир Роҳинжа аёли зўрланган эди", - дея ҳикоя қилади Шоҳида Би-би-си билан суҳбатда.

У Бирма жамиятида Роҳинжа мусулмонларига қарши нафрат ва зўравонликларнинг илдизларини таҳлил қилади.

Роҳинжа мусулмонлари: Ҳақиқат, ёлғон ва Аун Сан Су Чи

Аун Сан Су Чи: "Этник тозалаш" дейиш ҳаддан ошириб юбориш

"Улар (Роҳинжалар-таҳр.) жуда кўп, улар жўда кўп, уларнинг ҳаммасини ким ўлдиради?", дейди Шоҳида Ёқуб суҳбатлашган Бирмадаги буддавий руҳонийлардан бири.

Одатда ўзини тинчликпарвар деб тақдим қиладиган буддавийлар нега бу қадар зўравонликларга қўл урди?

Демократия рамзига айланган ва жаҳон жамоатчилиги томонидан кўкларга кўтарилган, тинчлик бўйича Нобель мукофотини олган Бирманинг ҳозирги фуқаровий ҳукумати раҳбарларидан Аун Сан Су Чи нега БМТ қатлиом деб тасвирлаган зўравонликлар қаршисида ҳануз сассиз қолмоқда?

Image caption Шоҳида Ёқуб Роҳинжа мусулмонлари фожиасини "бошидан охиригача" кўрсатишга ҳаракат қилган

Жаҳон ҳамжамияти Роҳинжаларни қутқариш учун нима қилиши керак?

Шоҳида ўз фильмида шу каби саволларга жавоб излайди.

Роҳинжа мусулмонлари кимлар?

Мянмарда роҳинжа мусулмонларининг сони бир миллионга етади.

Бирлашган Миллатларнинг Инсон Ҳақлари Қўмитаси Мянмар хавфсизлик кучларини Роҳинжа мусулмонларини оммавий қатл қилиш ва зўрлашда айблаган.

БМТ идорасига кўра, зўравонликлар инсониятга қарши жиноятга тенгдир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
'Роҳинжа мусулмонлари қатл этилган ва зўрланган'

2017 йилда минтақага сафар қилган Би-би-си мухбири Жонаҳ Фишернинг ёзишича, уларни яккалаш ва пастга уриш Бирмада бир неча ўн йилдан бери давом этиб келади.

Роҳинжаларга қарши зўравонликларни мустақил ёритишнинг имкони йўқ.

Чунки Аун Сан Су Чининг ҳукумати бу минтақага хорижликларни яқинлаштирмайди.

Айримлар Бирма армиясини минтақада этник тозалаш ўтказаётганликда айблайди.

Бошқалар "қатлиом" дейишади.

Бирма армияси ҳам, Хоним ҳам бу каби айбловларни рад этишади.

Минтақада террорга қарши курашаётганларини иддао қилади.

2012 йили рўй берган зўравонликлардан кейин ўн минглаб Роҳинжалар ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар, ҳозир улар Бирманинг ўзидаги, Бангладешдаги қўлбола қочқинлар жамлоқларида кун ўтказмоқдалар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek