Ўзбекистон ва қора рўйхат: Нега журналист хорижга чиқиш паспортини ололмаяпти?

Кўплаб халқаро матбуот агентликлари билан ҳамкорлик қилувчи тошкентлик фотожурналист ва ҳуқуқ фаоли Тимур Карповнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон ҳукумати унинг хорижга чиқиш паспорт учун берган аризасини рад қилган.

Карповнинг айтишича, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Ички ишлар бошқармасидан берилган хатда унга бу каби паспорт берилиши "мақсадга мувофиқ эмас"лиги айтилган, аммо ҳеч қандай сабаблар келтирилмаган.

Тимур Карпов ўз аризасининг қондирилмаганини бевосита журналистик фаолияти билан боғлиқ деб билади.

Мазкур хабарни Карпов ижтимоий тармоқларда пайшанба куни тарқатиши ортидан кўп ўтмай Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов уни ўз ҳузурига чақирган ва вазиятни ўрганган.

"Биз Тимур билан учрашиб, ушбу масалани атрофлича ўргандик ва тегишли давлат органлари билан уни ҳал этиш чораларини кўрдик. Тимур эртагаёқ Яшнабод тумани хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргандан сўнг, унга белгиланган тартиб ва муддатда чет элга чиқиш паспорти берилади," - деб ёзди Алламжонов ўз Фейсбук саҳифасида.

"Шу ўринда яна бир карра таъкидламоқчиман - барча журналистлар, блогерлар, ижодкорлар Агентликнинг ишончли ҳимоясида. Биз уларни қўллаб-қувватлаш ва доим кўмак беришга тайёрмиз," - дея қўшимча қилган у.

Аммо, жума куни Би-би-си билан суҳбатлашган Тимур Карповнинг айтишича, ҳали масала ҳал бўлди дейишга эрта. "Менга бугун эрталаб телефон қилиб, соат 17:00да Республика ОВИРига келишимни айтишди. Ҳали муаммо ҳал бўлгани йўқ," - деди Карпов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Image caption Тимурнинг оммавий мурожаати ортидан уни Комил Алламжонов учрашувга чорлаган

Тимур Карпов халқаро мукофотлар совриндори бўлмиш фотограф ва ҳужжатли филмлар муаллифи Умида Аҳмедованинг ўғлидир.

Умида Аҳмедова ҳам марҳум президент Ислом Каримов даврида ўз фильмлари орқали "миллий қадриятлар"ни топташда айбдор деб топилиб, ОВИР қора рўйхатига тушганди.

Тимур Карпов 2016 йилда Тошкент вилояти Бўка туманидаги пахтакорлар шароитларини суратга олгани учун узоқ вақт милиция бўлимида ушланган ва дўппосланганди.

Фотограф пахтани филмга олгани учун дўппосланди

Мажбурий меҳнат кузатувчилари ҳибсга олинганлар

Умида Аҳмедова ва ўғли Тошкентда ҳибсга олинган

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek