Дунё, янгиликлар: Россия Кореяга бостириб кирганини тан олди ва Атамбоев Россияга қочиб кетмоқчими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи VYACHESLAV OSELEDKO/Getty Images
Image caption Атамбоев Россияда қолиши мумкин

Атамбоев Россияга кетмоқда; у қайтиб келмаслиги мумкин

Қирғизистон собиқ президенти Олмосбек Атамбоев бугун - 24 июль куни ўз уйи олдида тўпланган тарафдорларига Россияга учиб кетаётгани ва 25 июль куни ортга қайтишини маълум қилган.

Шундан сўнг сафар сабабини очиқламаган собиқ президент Кант шаҳридаги Россия авиабазасига кириб кетган.

Бир вақтнинг ўзида қирғиз матбуоти коррупцияда айбланаётган ва бир ой аввал президентлик иммунитетидан маҳрум қилинган жаноб Атамбоевнинг Россияга қочиб кетаётган бўлиши эҳтимолини тилга олмоқда.

Олмосбек Атамбоевнинг ўзи ҳам Қирғизистондан чиқиб кетгунча ҳибсга олиниши ёки мамлакатга қайтиб киргазилмаслиги мумкинлигини инкор этмаган.

Собиқ президентга нисбатан таъқиблар Қирғизистоннинг жорий раҳбари Сооронбай Жеэнбековнинг ҳокимиятга келишидан ҳеч қанча вақт ўтмай бошланган эди.

Жанубий Корея: Россия ҳаво ҳудудимизни бузганини тан олди

Сешанба куни Жанубий Корея мудофаа вазирлиги Россияга тегишли ҳарбий учоқ мамлакат ҳаво ҳудудига икки бор рухсатсиз кириб келгани ва жанубликлар огоҳлантириш тарзида пулемётдан юзлаб ўқ узганини хабар қилган эди.

Бироқ кўп ўтмай Россия бу хабарни қатъиян инкор этган.

Аммо чоршанба куни расмий Сеулнинг маълум қилишича, Москва ўз учоғининг техник носозлик туфайли мамлакат ҳудудига исталмаган ҳолда кириб қолганини тан олди ва бундан «чуқур таассуф» билдирди.

Бу хабар ҳозирча Россия расмийлари томонидан тасдиқланмаган.

Наркотик тўла машина полициячиларга урилиб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Борис Жонсон

Австралиянинг Сидней шаҳрида ғаройиб воқеа юз берди.

Қиймати $140 миллион долларга тенг наркотик моддани яширинча олиб кетаётган 28 ёшли ҳайдовчи тасодифан кўчада турган полиция машинасига урилиб кетган.

Полиция наркоташувчининг катта тезликдаги машинани бошқара олмай қолганини тахмин қилмоқда.

Ҳодисадан сўнг ҳайдовчи қочиб кетган ва бир соат ўтиб, шаҳар четида қўлга олинган.

Полиция машина ичида 273 килограмм метамфетамин моддаси борлигини кўриб, ҳайратга тушган.

Британияда янги бош вазир қудратга кўтарилмоқда

Чоршанба куни Борис Жонсон Буюк Британиянинг янги Бош вазири сифатида ўз вазифасини бажаришга киришади.

Шу муносабат билан Лондонда кичик расмиятчилик маросимлари бўлиб ўтади: энди собиқ Бош вазирга айланаётган Тереза Мей тушдан сўнг Даунинг-стритдаги ўз қароргоҳи олдида хайрлашув нутқини ўтиб эшиттиради, сўнг Букингем саройига бориб, қиролича Елизавета IIга лавозимидан кетаётганини маълум қилади.

Ўша ондан бошлаб Тереза Мей Бош вазирликдан расман кетди, дея ҳисобланади.

Орадан, тахминан, бир соат ўтиб эса, Борис Жонсон айни ўша жойда нутқ сўзлайди ва қироличага юқори лавозимни бажаришга киришаётганини хабар қилади.

Жаноб Жонсон Елизавета II ҳукмронлиги даврида хизмат қилган ўн тўртинчи Бош вазирга айланмоқда.

Дунё, янгиликлар: Ишдан чиққан рус АЭСи, АҚШни хавотирга солган FaceApp ва солиқлар «Худо истаги»га зидми?

Дунё, янгиликлар: Еврокомиссияда илк аёл раҳбар, АҚШда ҳибсга олинган президент ва Туркияни НАТОдан ҳайдаш керакми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek