Хитой ўзбек аҳолиси вакилларини ҳам қамоқларга ташламоқдами?

Image caption Марҳабо Турсунхўжа акаси ва жиянининг расми билан

Марҳабо Турсунхўжа Хитойлик ўзбеклардан. У ҳозир оиласи билан Европада яшайди, аммо бутун ҳаёли Шинжонда қолган яқинларида.

Унинг Ғулжада яшайдиган туғишган акаси ўз рафиқаси ва Туркияда ўқиб қайтган ўғли билан Хитой полицияси томонидан олиб кетилган.

Марҳабо Турсунхўжа Шинжондаги қариндошлари билан алоқани йўқотган. Телефон ё бошқа йўл билан боғланишнинг имкони йўқ. Онда-сонда учинчи шахслар орқали уйидан кичик хабар келган тақдирда ҳам, умумий манзарани билолмайди.

Турсунхўжа оиласи ҳеч қандай қонунларни бузмаганига ишонади, аммо оиланинг қатор аъзолари Хитойни тарк этиб бошқа давлатларда бошпана топгани ҳам Хитой наздида жиноят дея кўрилиши мумкин.

"Қариндошларимнинг айби ўғлини Туркияда беш йил ўқитгани, Европага саёҳат қилгани ва Ҳаж зиёратини адо қилгани бўляпти", - дейди Марҳабо Турсунхўжа.

Марҳабо Турсунхўжа ва Шинжондаги оиласи ҳақидаги видеолавҳамизни томоша қилинг.

2010 йилда Хитойда ўтказилган расмий аҳоли рўйхатига кўра, Шинжонда 10 ярим минг ўзбек яшайди. Ундан ўн йил аввалги рўйхатда бу кўрсаткич 12 мингдан ошиқ эди. Марҳабо Турсунхўжанинг айтишича, Ғулжа шаҳрининг ўзида 5 минг нафарча ўзбек яшайди. Улар асосан ўзлари ичида қуда-андачилик қилиб, байраму маросимларни нишонлайдилар. Марҳабо Турсунхўжанинг отаси фарзандларини ўзбек тили ва ўзбек анъаналарига ҳурмат билан тарбиялаган ва уларни ота юртига кетишга ундаб келган.

Аммо, мусулмон озчиликлар учун Хитойни тарк этиш ҳозир деярли имконсиз. Би-би-си сателлит орқали олган тасвирларда Шинжон ҳудуди бўйлаб пайдо бўлган лагерлар намоён бўлади.

Хитой юз минглаб мусулмонларни ана шу лагерларга қамашда айбланмоқда. Лагерлар аскарлар ва кузатув камералари томонидан қаттиқ қўриқланади. Хитой ҳукумати буларни "қайта тарбиялаш марказлари" дея атаб, унда маҳаллий халқни радикал диний ғоялардан тозалаб, уларга хитой тили ва турмуш тарзини ўргатаётганини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Хитой давлат матбуоти хабарига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Хитойнинг дерадикализация чораларини қўллаб-қувватлашини айтган

Қатор давлатлар бу каби мажбурий тутқунликни қоралаб чиқишди, аммо улар орасида Ўзбекистон йўқ. Шу ҳафта бошида Пекинга сафар қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Хитой расмий матбуотига кўра, Ўзбекистон Хитойдаги дерадикализация чораларини қўллаб қувватлашини ва ҳеч ким Хитойнинг ички ишига аралашишга ҳақли эмаслигини айтган.

Аммо, хитойлик ўзбеклар улар адолатсиз нишонга олинаётганларини айтишади.

Би-би-си Марҳабо Турсунхўжанинг бедарак қолаётган яқинлари борасида маълумот сўраб Хитойнинг Лондондаги элчихонасига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Хитой мусулмонлари: Шинжон қамоқ-мактаблари болаларни ота-онаси бағридан тортиб олмоқда

Хитой ва мусулмонлар: Қамоққа ташлаган 1 млн мусулмон бахтли яшаяптими?

Хитой уйғур маҳалла ва масжидларини қандай йўқ қилмоқда?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek