Ўзбекистон: Миллий тикланиш партияси раҳбари Регистондаги зиёфатни қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/AlisherKadirov
Image caption "Миллий тикланиш" раҳбарининг баёноти мамлакатда парламент сайловларига тайёргарликлар бораётган паллада янграган

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров шу йилнинг 6 сентябр куни Самарқанднинг Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган тадбирни "миллий, маданий меросга ҳурматсизлик" деб атаган.

Бу ҳақда у ўзининг Фэйсбук саҳифасида ёзган.

"Самарқанд шаҳри Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган тадбирни миллий, маданий меъросимизга ҳурматсизлик сифатида баҳолаймиз. Шу билан бирга қуйидагиларни эслатишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига кўра "Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир".

Ўзбекистон Республикасининг "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган маданий меросга оид халқаро ҳужжатлар талабларига барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа юридик шахслар ва фуқароларни қатъий амал қилишга чақирамиз", деб ёзган Алишер Қодиров.

Ўзбекистон: Қадимий ипак йўлидан замонавий тамаддунга

Самарқанд "Шарқ тароналари"га қандай тайёрланмоқда

Самарқандда итларга шафқатсиз муносабат сайёҳлар оқимига қандай таъсир қилади?

Аввалроқ Самарқанднинг қадимий "Регистон" мажмуаси ички ҳовлисида ўтказилаëтган дабдабали зиëфат акс этган видео ижтимоий тармоқларда ғазабнок муносабатларга сабаб бўлганди.

Видеони улашган айримлар унда тўй ёки туғилган кун тадбири акс этганини айтишган.

Бунинг ортидан Самарқанд вилоят ҳокимлиги видеотасвирларга изоҳ берган.

Image caption Самарқанднинг қадимий "Регистон" мажмуаси ички ҳовлисида ўтказилаëтган дабдабали зиëфат акс этган видео ижтимоий тармоқларда ғазабнок муносабатларга сабаб бўлган

Ҳокимлик матбуот хизмати тарқатган расмий баёнотда айтилишича, 6 сентябрь куни Самарқандда "Америка ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик масалалари"га бағишланган бизнес форум ва бошқа тадбирлар доирасида 8 сентябрь куни "Регистон" ансамблида меҳмонлар учун қабул маросими ўтказилган.

Англашилишича, маросим АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси раҳбари Борис Кандов бошчилигидаги 80 кишилик ҳайъатнинг 2-9 сентябрь кунлари "Зиёрат туризми" дастури асосида Ўзбекистонга қилган ташрифи доирасида ўтказилган.

Ҳокимлик 8 сентябрь кунги зиëфат Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сўровига мувофиқ ўтказилганини маълум қилган.

Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг расмий тадбирларни танқид қилиши одатий ҳол эмас.

"Миллий тикланиш" раҳбарининг баёноти мамлакатда парламент сайловларига тайёргарликлар бораётган паллада янграган.

Декабр ойи охирида ўтадиган овоз бериш жараёнлари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён илк парламент сайловлари бўлади.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти илк бор Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юборишини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek