Ўзбекистон-Тожикистон: Чегара постига ҳужум, қурбонлар бор...

Ҳужум сатҳи Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Tajikistan government

Ўзбекистон - Тожикистон: Ҳужум ИШИДнинг ишими? ИШИД нега жим? - Тожикистон томонининг даъвоси ҳозир худди шу каби саволларни пайдо қилмоқда.

Расмий Душанбега кўра эса, Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги "Ишкобод" чегара постига уюштирилган ҳужум ИШИДнинг ишидир.

Ўзбекистон томони эса, ҳали-ҳануз бу хусусда бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Ўнлаб жангарилар бу ишни қўшни Афғонистоннинг шимолий-шарқий Қундуз вилоятидан ўтиб, амалга оширишган.

Қундуз Афғонистоннинг энг беқарор шимолий-шарқий иккита вилоятидан биттаси бўлади.

ИШИД Афғонистонда ўзининг илк тайёргарлик жамлоқларига асос солган вилоят саналади.

Аммо, Қундуз масъулларининг Би-би-си Ўзбек хизматига билдиришларича, бирор бир жангари ўз ҳудудларини кесиб, Тожикистонга ўтмаган.

Ҳужумга тутилган чегара пости пойтахт Душанбедан 60 чақиримча узоқликда жойлашган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара ўтиш нуқтаси вазифасини ҳам бажарган.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан бевосита чегарадош ғарбий Рўдакий туманида жойлашган.

Туманда Тожикистон давлат чегарасини қўриқловчи чегара бўлинмаси ҳам фаолият олиб борган.

Бу чегара пости орқали пиёдалардан ташқари автомобиллар ҳам ўтган.

Чегаранинг шу қисмида жойлашган бошқа постларга қараганда, нисбата кичик бўлган.

Хабарларга кўра, ҳодиса ўтган тунда юз берган.

Жангарилар экани айтилаётган шахслар тўртта автомобилда бўлишган.

Ҳужум қилган 20 нафар жангаридан 15 таси ўлдирилган.

Бештаси қўлга олинган ва ҳозир сўроқ қилинмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган тожикистонлик яна бир журналистнинг ўз манбасига таяниб айтишича, ҳужумчиларнинг ҳаммаси қурбон бўлмаган, айримлари қочишга улгурган.

"Ҳужум давомида чегара постидан ўқотар қуроллар бу гуруҳ аъзолари қўлига ўтган".

Душанбедаги мустақил журналист Искандар Фирузнинг айтишича, ҳужум ортидан чегара постига элтувчи йўллар ёпилган.

Журналистлар илова у ерга бирор бир кишининг ўтиши, киришига изн берилмаётир.

Чегара пости ёпиб қўйилган ва ҳужум сатҳида текширув ишлари бормоқда.

Пойтахт Душанбе ва унга туташ туманларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Йўлларни қўриқлаш учун ҳатто зирхли машиналар ҳам ташланган.

шкобод" чегара пости...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asiaplus/official

Журналист суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар илиши ортидан, бу чегара пости, ҳатто, рамзий маънода амалда бўлган.

Худди шу боис ҳам, сўнгги йилларда, дейлик, тожик-афғон чегараси қадар кучли қўриқланмаган.

Ўтган тунги ҳужум манзарасида худди шу омил ҳам қатор саволларни пайдо қилмай қўймаган, дейди Искандар Фируз.

Яъни, унга кўра, шу каби чегара постини ҳужумга тутиш жангариларга нега керак бўлган?...

Бундан ташқари, суҳбатдошимиз наздида, ҳар икки томондан берилган қурбонларнинг сонига оид рақамлар ҳам қизиқ.

"Қандай қилиб, 15 жангари ўлдирилган бир манзарада Тожикистон томони талофати фақат битта чегарачи бўлган...Полиция ходимига келсак, ҳужум маҳали эмас, таъқиб жараёнида қурбон бўлган", - дейди у.

Журналистга кўра, сўнгги ҳужум Тожикистонда Конституция куни муносабати билан расман таътил бўлган бир кунга тўғри келган.

Бу ҳам бошқа муқобил манбалардан маълумот олишни умуман имконсиз қилиб қўйган.

Марказий Осиё, Тожикистон ва ИШИД

Агар, тожик масъуллари даъволари рост бўлса, бу ИШИД сўнгги икки йил ичида Тожикистон ҳудудида ўзи уюштирганини даъво қилган учинчи қонли ҳодиса бўлади.

Аммо бундан аввалги икки ҳолатдан фарқли тарзда ИШИД сўнгги ҳужум борасида ҳозирча жим, ҳалича масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.

ИШИД ўзи жавобгар эканини айтган илк ҳужум Тожикистонда ўтган йил ёз ойида Афғонистон билан бевосита чегарадош жанубий Хатлон вилоятида амалга оширилган.

Ҳужум бир гуруҳ хорижлик сайёҳларга қаратилган ва натижада улардан тўрт нафари қурбон бўлишган.

Бу - бир Марказий Осиё давлатида ИШИД гуруҳи ўзи уюштирганини даъво қилиб чиққан биринчи ҳужум бўлганди.

Бунинг ортидан, ИШИД шу йил май ойида пойтхат Душанбе шарқида жойлашган Вахдат қамоқхонасида юз берган исён ўз ишлари эканини иддао қилиб чиққан. Бу ҳодисада камида 29 маҳбус ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Аммо ўтган тунгиси илова ҳар уч ҳодисада ҳам ҳар икки томоннинг даъволари мустақил журналистлар ва таҳлилчилар томонидан анчайин скептик қарши олинган.

Улар бу каби иддаоларни, бир томондан, расмий Душанбенинг мухолифатга босимларни янада кучайтириш, бошқа тарафдан, ИШИДнинг ўзини пропаганда қилиш истаги билан изоҳлашганди.

Душанбедан мустақил журналист суҳбатдошимиз ҳам, Тожикистонда сўнгги йилларда инсоний талафотлар билан якунланган қандай қуролли воқеа юз бермасин, уни албатта ИШИДга нисбат бериш анъанага айланиб қолгани воқеълигига алоҳида диққат қаратади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, раҳбарларининг, айниқса, сўнгги йиллардаги ошкора ва жиддий хавотирларига қарамай, бунгача бирор бир Марказий Осиё давлати на-да Толибон ва на-да ИШИД гуруҳининг бу каби ҳужумига саҳна бўлган.

Бу жангари гуруҳларнинг бирор бир жиддий ҳужуми таҳдиди остида қолмаган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Тожикистон-Афғонистон чегараси шундоқ ҳам икки ҳафтадан буён кучайтирилган тартибда қўриқланаётган бўлган.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида вазият эса, барқарор, бошқа постлар орқали ўтиб-қайтишлар одатдагидек давом этмоқда.

Аммо Ўзбекистон томонига ўтаётган айрим тожикистонликлар шикоятда.

Уларга кўра, ўзбек чегарачилари ва ҳарбийлари одатдагисидан кўра анчайин талабчанлик қилишмоқда, дейди журналист.

Расмий Тошкент сўнгги ҳужум борасида ҳозирча жим.

Аммо, Россия ахборот агентликлари ёзишича, Ўзбекистон Тожикистон томони билан юз берган ҳодисани ўрганмоқда.

Тожикистон: ИШИД маҳбуслари қамоқхонада исён кўтарди, 32 киши ҳалок бўлди

Тожикистон: Хорижлик сайёҳларга ҳужум қилганлар устидан суд бошланди

Бу мавзуда батафсилроқ