Ўзбекистон: Интеграцияларга қўшилсак, мустақилликни қўлдан бермаймиз - Шавкат Мирзиёев

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident Matbuot Xizmati
Image caption Мирзиёев 26 декабр куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейига ташриф буюрган

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилса, мустақилликни қўлдан бой беради, деган хавотирларни рад этган.

Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейга ташрифи чоғида гапирган.

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилмоқчи - Матвиенко

Ўзбекистон: Ассалом, Совет Иттифоқи ёҳуд ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга нима беради?

"Халқлар устида тажриба ўтказилмайди" ёки Ўзбекистон Россия ва Ғарб орасида қолдими?

Президент ЕОИИ номини тилга олмаган, аммо Ўзбекистон "интеграцияларга қўшилиш масаласи"ни кўриб чиқаётганини айтган.

"Мана, интеграцияларга қўшиляпмиз. Айримлар айтадики, бу билан биз мустақиллигимизни қўлдан бой бериб қўямиз...биз бу масалаларда қарор қабул қилишда халқимиз, халқимиз сайлаган депутатлар билан маслаҳатлашамиз", деб айтган Мирзиёев "O'zbekiston 24" телеканали орқали намойиш этилган чиқишида.

Президент бу "маслаҳатлашиш" қандай кўринишда амалга оширилишига аниқлик киритмаган.

Мирзиёев ёзувчи ва зиёлилар олдидаги чиқишида Сталин қатағонларини ҳам тилга олган ва ўша йилларда кўплаб ўзбек зиёлилари қатағон қилинмаганида, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти буткул бошқача бўлур эди, деган фикрни билдирган.

Шахсан "За"

Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш юзасидан музокаралари "жадаллашган" ва бу борадаги ниҳоий қарор яқин келажакда эълон қилинишини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz

"РИА Новости" агентлиги Неъматовдан иқтибос келтиришича, "Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдан фойда кўриши мумкин".

"Ҳозир бу масала ўрганилмоқда, синчковлик билан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари кейинчалик тарозига қўйилади ва қарор қабул қилинади", - деб айтган Илҳом Неъматов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари унинг шахсан ўзи Иттифоққа киришни ёқлашини айтган.

"Ўзбекистон иқтисодиёти, саноати, қишлоқ хўжалиги ўсиб бормоқда. Экспорт кўпаймоқда. Бизга бозор, макон керак. Бу макон қаерда? Қозоғистонда, Россияда, Қирғизистонда, улар ҳам ЕОИИ аъзоси. Шунинг учун тўғридан-тўғри айтаман - қўшилиш тарафдориман", - дея Илҳом Неъматовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда агентлик.

"Фақат иқтисодий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда", - дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ га киришга ундаётган яна бир "муҳим омил", бу - демография.

"Аҳоли сони ўсмоқда, ҳар йили 700 минг кишига кўпаймоқда. Табиийки, биз 700 минг одамни мутаносиб равишда иш билан таъминлай олмаймиз. Бу нимага олиб келади? Миграцияга. Халқимиз қаерга кетмоқда? Россияга, Қозоғистонга. Бу омил ҳам Ўзбекистонни ЕОИИ билан яқин алоқаларга ундайди. У ерда аъзо давлатлар, мигрантлар учун бошқача шароитлар мавжуд. Шунинг учун, мен ўйлайманки, ушбу шартлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишимиз керак", - деган Неъматов.

Унинг сўзларига кўра, бу борадаги музокаралар яқин келажакда якунланиши кутилади.

"Ҳозирда, менимча, (масала) жадаллашмоқда... Ўйлайманки, яқин келажакда якунланади", - деган Неъматов.

Мустақилликка таҳдид

Евросиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартнома 2014 йилда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Астана (ҳозирги Нур-Султон)да имзоланган.

2015 йил 1 январидан кучга кирган иттифоққа Россиянинг собиқ ЕвразЭСдаги ҳамкорлари Қозоғистон ва Беларусдан ташқари Арманистон ва кейинчалик Қирғизистон аъзо бўлиб кирган.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов Евросиё иттифоқини "мустақилликка таҳдид", деб атаганди.

"Улар фақат умумий бозор яратаётганлари, ўз мустақилликлари ва суверенитетларидан воз кечмасликларини айтишаяпти. Аммо қани айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?", деб айтганди Каримов 2014 йил июнида Тошкентда ўтган анжуманда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ