Ўзбекистон: Хўжайинларимиз билмайди - Қирғизистонда иш излаётган ўзбек аёллари

Ватанларидаги ишсизлик сабаб, асосан Россияга кетаётган ўзбекистонликлар сўнгги йилларда совуқ ўлкаларда, оиладан узоқда ишлагандан кўра, у ерда топадиган даромадини Қирғизистон сингари қўшни давлатларда ишлаб ҳам топиш мумкинлигини айтишмоқда.

Сўнгги йилларда Қирғизистон ҳудуди, асосан республиканинг жанубий вилоятлари - Ўш ва Жалолободга иш излаб келаётган ўзбекистонликлар сони тобора ортмоқда.

Ўшдаги "Дўстлик" қирғиз-ўзбек чегараси яқинида иш излаб турадиганларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар. Маҳаллий ишчилар озчиликни ташкил қилади. Улар ҳар куни тонг отмай, чегара яқинидаги бекатда, "мардикорлар бозорига" йиғилади.

"Дўстлик" чегарасига элтувчи йўлнинг бир тарафида эркаклар, иккинчи тарафида эса аёллар, маҳаллий иш берувчиларни кутиб турадилар. Олдиларига келган машина ёки одамни ўраб олиб, ўз хизматларини таклиф этишади. Харидор билан иш ва нархлар келишилганидан сўнг, манзилга отланадилар.

Нега Қирғизистонга бориб ўқишни истаётган Ўзбекистонлик ёшлар кўпаймоқда?

Қирғизистон: 'Ўзбек мигрантларга патент жорий қилинсин'

Ўзбекистон-Қирғизистон: “Дўстлик” чегара ўтиш маскани очилди

"Мардикорлар" журналистларни кўп ҳам хуш кўришмайди. Камерани кўрганда, юзларини ўгириб, ўзларини панага олиб қочишади. Баъзилари ҳатто таҳдид ҳам қилишга уринади.

Биз уларнинг раъйига қараб, аввалига иш берувчи сифатида олдиларига борамиз-да, ётиғи билан суҳбат қилиш ниятида эканимизни тушунтирамиз. Шунда ҳам бирон киши рози бўлмайди. Сабабини сўраганимизда, улар бу қилаётган ишларини ўзгалар билмаслигини исташларини айтадилар.

"Наҳот, сизлар қилаётган иш айб бўлса? Ахир, ҳалол меҳнат билан пул топаяпсизлар?", сўрайман .

"Тўғри, барибир ҳам уяламиз-да", жавоблар янграйди.

Охири андижонлик Феруза камерага юзини кўрсатмасдан суҳбат қуришга рози бўлади. У икки йилдан бери Ўшга келиб, ишлаб кетишини айтади.

"Нима иш бўлса, қилиб келамиз. Масалан, маккалар бўлса, чопамиз. Ғўзапоя йиғиб оламиз, пахта теримларига борамиз. Атиргулларни қирққани парникларга борамиз. Гектарлари кўп фермерлар ишлатгани олиб боради, ғўза чопиқларига борамиз. Ўзимизнинг пахталар тугагандан кейин, бу ерга ўтиб ишлаймиз. Кунига 80 -100 минг сўм ҳақ оламиз, ишимизга қараб беришади. Эрталаб Ўшга соат 8 да келамиз. Иш бўлишига қараб, соат 9дан 4 гача ишлайдиган пайтимиз ҳам бўлади. Қийналсак ҳам, иложи йўқ, яхши. Эрталаб уйимиздан соат 5 да чиқамиз, 6-7дан ўтиб, бу ерга келамиз. Кечки пайт 8.30, 9 ларда уйга қайтамиз. Ҳар куни ҳам иш бўлмайди. Бир ҳафтада икки кун ёки тўлиқ ишимиз бўлиб қолиши ҳам мумкин, ҳар-хил", дейди суҳбатдошимиз.

Феруза ўрта мактабни тамомлагач, олий ўқув юртида ўқишга имкони бўлмаган. Бир неча йил қоп чиқариш цехида ишлаган, бироқ цех кейинчалик ёпилган.

"Ўзбекистонда ҳам ишлаймиз, лекин у ерда 35 минг сўмдан ҳақ оламиз. Ўшда 50-60 минг кўпроқ ишлаcак бўлади. Қайтаётганимизда ошиқча пулимизга болаларимизга қандлар олиб кетамиз", дейди 37 ёшли Феруза.

У каби водийнинг бошқа аёллари ҳам фасл танламай, қишнинг изғирин совуғида ҳам Ўшга ишлагани келади. Айрим ҳолларда иш берувчилар аёлларнинг ҳақларини бермай ёки келишилганидан озроқ ҳақ тўлайди.

"Мен ўзим бундай ҳолатга дуч келмадим. Лекин бир-икки аёллар алдаб, пулимизни бермади, дейди. Масалан, 40 минг сўмга гаплашилиб, 30-20 минг пул берган кунлари ҳам бўлади. Индамасдан кетамиз, ҳеч кимга мурожаат қилолмаймиз", дея хўрсинади андижонлик аёл.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг очиқлиги Феруза ва у каби аёлларга ҳар куни Ўшга бориб, ишлаб, оила учун қўшимча даромад олиб, қайтишга имкон яратади.

"Хўжайинларимиз Ўшга келиб ишлаётганимизни билишмайди. Россияда ишлашади. Қаердасан, деса, уйда, деймиз", дея ёнидаги аёллар билан қаҳқаҳа отади суҳбатдошим.

"Россиядан кўра, Ўшда ишлаганимиз яхши"

Аёллар билан суҳбатлашиб бўлгач, эркаклар фикрини олишга ҳаракат қиламиз. Улар ҳам камерага гапиришни, қилаётган ишлари бўйича журналистларга интервью беришни кўп ҳам хоҳлашмайди.

Совет Иттифоқи даврида колхозга қарашли давлат ишхонасида трактор ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Андижонлик Алишер ака, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ишсиз қолган ва дурадгорлик билан шуғуллана бошлаган. Бир неча йиллар Россияда ҳам ишлаб келган.

"Ишлаш керак, пул топиш керак. Хунарим бор, устачилик қиламан. Ҳайдовчилик қўлдан келади. Сварка ҳам қилганман. Ўшда тирикчилик қиляпмиз. Бу ерда иш берувчилар айтган ишни, бетон, стяжка қуямиз, ғишт урамиз, том ёпамиз. Уйларни отделка қилиб, таъмирлаймиз. Ойлиги яхши, қулай. Кунига 150 минг сўмдан тўлайди. Ўзбекистонда маош оз. Ўзимизда 100 минг топсам, бу ерда 150 минг топаман. Қирғизистонда топган пул билан Россиядаги нарх бир бўлиб қолган. Россияга бориб, ишлагандан кўра, бу ерда ишлаган яхши. Ишларни оғир-енгиллигига қараб, нарх айтамиз ва ҳақ оламиз. Қишда, бошқа фаслларга солиштирганда, нархлар юқорироқ бўлади", -дейди суҳбатдошим.

Алишер ака ҳам икки йилдан буён Ўшга иш излаб келади. У ҳар куни эрталаб соат 7 да Ўшга келиб, кеч соат 5 да уйга қайтади. Агар узоқ муддатли ишлар бўлса, икки ойга қайдга қўяди ва шериклари билан ишлайди. Бироқ у Қирғизистон ҳудудида ишлаб, топган даромадидан республика ғазнасига солиқ тўламайди.

"Биз Ўшда ишлаб, топаётган даромадимиздан солиқ тўласак, қопламайди. Тирикчилигимиз учун зарар бўлиб қолади. Агар патент олиб ишлайдиган бўлсам, Россияга кетиб, ишлардим. Бу ерда патент сўрамагани учун, иш топиб, ишлаяпмиз",- дейди Алишер ака.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ