Россия: Томскда 10 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган - O`zbekiston

Фото муаллифлик ҳуқуқи Россия ФВВ Томск Бошқармаси
Image caption Шу ёғоч бинода ўзбеклар яшаб, ишлашган.

Томск вилоятидаги ўрмон кесиш хўжалигидаги бир қаватли эски ёғоч бино эрта саҳар олов ичида қолган.

Унинг ичида ўзбекистонлик мигрантлар яшашган.

Маҳаллий мулозимларга таянган Россия хабар агентликлари 11 инсонинг жасади топилганини, уларнинг камида 10 нафари ўзбеклар, эканини ёзишмоқда.

Икки киши қутулиб қолган.

Ҳодиса Томск вилоятининг Асинов туманидаги Причулим қишлоғида бугун 21 январь маҳаллий вақт билан саҳар 0400 атрофида содир бўлган.

Сизнинг бу ҳудудда яшовчи ёки ишловчи танишларингиз ёки ўзбекистонликлар бўлса, Би-би-си Ўзбек Хизмати Телеграм мунзилига мана бу рақам орқали боғланинг: +44 7858860002

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Ҳозир ҳам Россия масъуллари, ҳам Ўзбекистон вакиллари тирик қолганлар билан суҳбатлашиб, қурбонлар ҳақида маълумотга эга бўлишга интилишаётгани айтилади.

Айни дамда бу ўзбекларнинг номлари, Ўзбекистоннинг қайси вилоятидан эканлиги ҳали маълум эмас.

Фожиа ўрмон хўжалигидаги ёғоч ётоқхонада рўй берганидан уларнинг дарахт кесиш ишлари билан машғул бўлганини тушунилади.

Ўзбеклар яшаб келган ёғоч кулба аслида одамзод яшашига мос бўлмаган.

Риа-Новости хабар агентлигининг Томск фавқулодда ҳолатлар мулозимларига таяниб ёзишича, ёнғинда электр симларидаги қисқа туташув ёки иситгич сабаб бўлгани эҳтимоли бор.

Калаванинг учи Ўзбекистонда

Россия
Image caption Ўзбеклар Россиядаги энг ҳуқуқсиз мигрантлардан саналади.

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар энг абгор шароитларда яшашга мажбур.

Ватанда меҳнат бозорига кириб келадиган 600-700 минг ёш ўзбекистонлик учун тузук маошли иш йўқ, коррупция илдиз отган ва таълим сифати тушиб кетган.

Ёшларнинг олий ўқув юртларига кириши фоиз ҳисобида Афғонистондан ҳам у қадар фарқ қилмайди.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг ҳатто ўз пойтахтига келиб, бемалол яшашини ҳам тақиқлаб ташлаган.

Шу боис миллионлаб ўзбек ёшлари оғир шароитлар, ҳуқуқсизлик, ирқчилик ва камситишларига қарамай, Россияга бориб, ишлашга мажбурлар.

У ердаги қонунсизлик ва ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш йўлидаги тўсиқлар, топган пулини оиласига жўнатиш зарурати сабабли ўзбекистонлик мигрантлар энг оғир ва абгор шароитларда яшашга ҳам рози бўладилар.

Мигрантларнинг Ўзбекистон иқтисодига қўшаётган улуши бир неча миллиард доллар.

Аммо ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати на уларнинг Россиядаги шароитларини яхшилашга, на Ўзбекистонда иш ўрни яратишга жиддий интилган.

Фарзандим деган билан...

Ислом Каримов ўз вақтида Россиядаги ўзбекларни "дангасалар" деб атаб, улардан "жирканишини" очиқ айтган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, четдаги мигрантларга муносабат ижобий тарафга ўзгарди.

Президент Мирзиёев уларни "фарзандларимиз", деб атади.

Лекин амалда ҳалиям уларнинг Россиядаги ишлаш ва яшаш шароитлари яхшилангани йўқ.

Қозоғистонда икки йил олдин 52 нафар ўзбекистонлик мигрант автобусда ёниб кетганди.

Ўшанда Президент Мирзиёев "уларнинг оилаларига нима дейман?" деб айтган ва бу фожиада ҳатто аслида ҳукумат вакиллари айбдорлиги таъкидлаганди.

Аммо на қурбонларнинг оилаларига шахсан таъзия билдирилган, на мамлакатда мотам эълон қилинганди.

Шу боис ҳозир ёниб кетгани айтилаётган 10 ўзбекнинг ўлими ҳам бу борада катта ўзгаришларга йўл очиши амримаҳол.

Мавзуга алоқадор:

Россия: Иккинчи хотин бўлган мигрант аёл 2 боласи билан кўчада қолди - видео

Россия-Ўзбекистон: Насриддин Афанди ҳам мигрант бўлардими?

Россия, Ўзбекистон, мигрант: Ўзбек ҳукумати ишга юборган мигрантлар ойлик ололмай, Москвада иш излашмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ