Капитализм ўлдими? Миллиардерлар нега уни қоралашмоқда? - Иқтисод, молия, бозор янгиликлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Капитализмнинг нақадар адолатли экани саволга олинмоқда

Ғарбда капитализмни ислоҳ қилиш чақириқлари яна кучайди. Фақат бу сафар улар одатий танқидчилармас, балки дунёнинг энг етакчи капиталистлари тилидан янграяпти.

«Капитализм синган, у ё ривожланиши ё ўлиши керак!» Ҳеж фонд миллиардери Рей Далио.

«Капитализмни мафкура булғаган ва уни 21 аср учун қайта ихтиро қилиш керак.» Unilever собиқ директори Пол Полман.

«Биз билган капитализм ўлиб бўлди!» Интернет миллиардери ва Salesforce директори Марк Бениофф.

Ўтган сентябрда Financial Times янгича дастури амалини эълон қилди - "Капитализмни ўчириб ёқиш вақти келди". Капитализм мақсади фақат фойда кўриш бўлмаслиги керак, дейилади унда. Нуфузли колумнист Мартин Вульф айни нашрдаги мақоласида ҳозирги тизимни "қалбаки капитализм" дея тамғалади. Унга кўра, у истеъмолчи, ишчи ва жамиятнинг манфаатини кўзламайди, балки фақат йирик корпорациялар ва кичик элитанинг даромади ошишига хизмат қилади.

Ундан аввалроқ эса, августда, АҚШнинг энг катта 181 компанияси директорларидан тузилган Business Roundtable гуруҳи ўз баёноти билан кўпларни ларзага келтирди. Унга кўра, корпорациялар фақат ўз ҳиссадорларини ўйлаш ва даромадни ошириш маданияти энди ўзгариши керак ва бундан буёғига барчанинг - истеъмолчилар, ишчилар, таъминловчилар, маҳаллий аҳоли ва ҳиссадорлар турмушини яхшилашга бел боғлаши керак.

Нега миллиардерлар бу каби меҳрибон бўлиб қолишди, дерсиз?

Баъзи таҳлилчилар, масалан Британиядаги "Private Eye" нашрига кўра, 2008 йилги глобал молиявий инқироздан сўнг либерал демократиялардаги аҳолининг ғазаби сўнмаяпти ва бунинг оқибатида популист сиёсатчилар қудратга келди. Бу популистлар, тенгсизликдан шикоятлар таъсирида, ўз навбатида, корпорацияларга солиқни ошириши ва молиявий назоратни кучайтиришлари мумкин. Яъни, босим ошмоқда.

2018 йилнинг ўзида 2 миллиард доллар ишлаган Рей Далио одамлар норозилиги йирик ғалаён ёки "қандайдир инқилоб"га етаклаши хавфи бор, деди.

2018 йил шахсий даромади 31 миллион доллар бўлган JP Morgan раҳбари Жейми Даймон эса соатига 15 доллардан кам ҳақ оладиган 40 фоиз америкаликлар ҳақида гапира туриб, "аксар америкаликлар ўзларини унутилган ҳис қиляпти", деди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Financial Times screenshot
Image caption Мартин Вульф бугунги тизимни "қалбаки капитализм" дея тамғалади.

Британияда 1998 йилда ўртача директорнинг маоши ўртача ишчиникидан 48 марта катта бўлган. 2016 йилга келиб директор маоши ишчиникидан 129 марта ошди.

Америкада эса 1980 йилда ўртача директорнинг маоши ўртача ишчиникидан 42 баравар катта бўлган бўлса, 2017 йилга келиб 347 баравар ошган. Тафовут кескин кенгайган.

Бу каби воқеълик капитализмнинг Ғарбда «жиловсиз», «ғирром», «адолатсиз», «ғайриинсоний» каби тамғалар ила қораланишига сабаб бўляпти.

Financial Times билан интервьюсида Nostrum Laboratories директори Нирмал Мулье "Имконият бўлганда пул қилиш - аҳлоқий вазифамиз", деб айтди. У ўшанда антибиотик нархини 400 фоизга оширди. Ўтган йили у яна бир тумов дори нархини 300 фоизга оширди. Демак, дорига муҳтож одамдан имконқадар кўпроқ пул ундириш унинг учун "аҳлоқ"ни англатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Justin Sullivan
Image caption Миллиардер Марк Бениофф бойлар кўпроқ солиқ тўлаши керак, демоқда.

Дарҳақиқат, одамлар орасидаги тенгсизлик ҳисси баъзи сиёсатчиларни сайловларда ғалаба билан тақдирлади. Бу Трампга қўл келди. Борис Жонсонга ҳам. Аммо, ҳозирча янгича капитализм пайдо бўлишига қатъий ишора йўқ. Масалан, корпоратив солиқларда ўзгариш сезилмайди. Трамп, аксинча, корпоратив солиқни камайтирди. Google, Amazon, Facebook va Apple каби компаниялардан ҳар бир давлатда тўлаган солиғини батафсил очиқлаш талаб қилинмоқда. Агар бўйсунишса, бу уларнинг янгича, юмшоқ капитализмга қанчалар хайрихоҳ эканларини кўрсатади. Ҳукуматлар ҳам миллиардерларни безовта қилишга унча шошилишмаяпти, чунки, масалан, Британияда солиқ тўловчиларнинг энг юқори 1 фоизи - бу 310 минг одам - мамлакатдаги даромад солиғининг учдан бир қисмини тўлайди.

Тобора кўп янграётган чақириқларда энди ҳамма ўз улушини олишига ишонч берадиган янгича капиталистик иқтисод тилга олинмоқда. Унда кўп пул топган одам кўп солиқ тўлаб, даромадини кўпроқ улашиши кўзда тутилади.

Миллиардерлар Жорс Сорос ва Уоррен Баффет қолган миллиардерларга, келинг, кўпроқ солиқ тўлайлик дейишяпти, лекин уларнинг сафдошлари ҳозирча хўп дейиш билан чекланишяпти. Даромадни жамиятга қайтаришнинг бошқача усулини Salesforce директори Марк Бениофф аллақачон қўлламоқда. У ва ҳар бир муовини, масалан, ўзларига мактабларни ҳомийликка олиш мажбуриятни қўйганлар. Улар ҳомийлигидаги 170дан ортиқ мактаб компютер ва бошқа технологиялар билан таъминланган ва улардаги илм фан ривожига пул берилган. Бениофф, шунингдек, уйсиз оилаларни уй билан таъминлашга пул ажратмоқда. Унга кўра, ҳар бир СЕО, яъни ҳар бир директор жамият олдидаги масъулиятини ҳис қилиши шарт. У ўзининг Trailblazer номли янги китобида ёзишича, келажакда фақат дунёни яхши томонга ўзгартириш ҳақида қайғурадиган бизнеслар гуллаб яшнайди. Капитализмнинг янги шаклида бизнес яхшиликка хизмат қилади, дейди у.

Либерал демократиялар айнан либерал қонунлари, яъни пул қилиш устидан назоратнинг камлиги билан тараққий топганлар. Аммо бу тараққиёт, Бениофф наздида, тартибсиз капитализмга асосланишда давом этса, тизим буткул қулаши хавфи бор.

Ўзбекистон: ялпи ички маҳсулот ошгани сизнинг ҳаётингиз яхшиланди деганими?

Ўзбекистон ё Ангола: президент қизлари жиноятларида Ғарб қўли нақадар катта?

Ўзбекистон инвесторлар учун етарли қонунчилик яратдими? Қисқа жавоб: ҳали йўқ - Британия юристи

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek