Касалхонадан чиқдим, лекин нафас олишни эслашим керак бўляпти – коронавирус бемори - Britaniya O'zbekiston

Ria Lakhani

Сурат манбаси, Ria Lakhani

Касалхонадан чиқдим, лекин нафас олишни эслашим керак бўляпти - коронавирус бемори

Нафас олиш инсоннинг энг табиий рефлексларидан бири бўлса керак. Ким нафас олишни атайин эслаши керак бўлади?

Риа Лахани уни эслашга мажбур бўляпти.

Коронавирус билан оғир аҳволга тушиб тузалган бу тадбиркор Лондоннинг шимоли-ғарбидаги уйида биз ҳеч эътибор бермайдиган қобилиятни қайтадан ўрганяпти.

«Бу шунақанги табиий нарса эди, лекин энди эса мен қандай қилиб нафас олиш ва чиқаришни эслашим керак бўляпти», - дейди у.

Ўзини уйда яккалашда давом этар экан, Риа турмуш ўртоғига яқинлаша олмайди ва ота-онасию оила аъзоларини кўра олмайди.

Кечалари эса нафас олишга қийналганидан уйғониб кетади.

Риа аввалдан режаланган жарроҳлик амалиёти учун касалхонага ётқизилгантидан кейин ковид-19 аломатларини сеза бошлаган. Етти йил аввал у одамларда камдан-кам учрайдиган касалликка йўлиққан - у еган овқатини ютишга қийналиб тез-тез қусадиган бўлиб қолган.

Жарроҳлик амалиётидан мақсад - қизилўнгачдаги ахалазия деб номланган бу касалликни юмшатишни эди.

Унинг айтишича, мана шу касаллиги туфайли у ҳар доим ўз соғлигига жуда эҳтиёткорлик билан қараган.

Сурат манбаси, Ria Lakhani

Касалхонада жарроҳлик амалиётидан кейин ўзига келиш учун ётганида Риа нафас олишга қийнала бошлаган. Сўнг унинг тана ҳарорати ошган.

Ҳамма бу операциядан кейинги реакция бўлса керак деб умид қилса-да, ҳар эҳтимолга қарши ундан ковид учун ҳам анализ олишди.

Риа хавотирга тушди. Ўз аҳволи ҳақида телефонида кундалик юрита бошлади ва фейсбукда ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

«Касалхонадаги палатам атрофини чегаралаб ўраб олишди ва бўлимдаги ҳаммани кўчириб чиқаришди. Мени деб бутун бошли бўлим ёпилсая? Оиламни шундай соғиндим… Ковид-19 тестлари етишмай турган ва унга мендан-да кўпроқ муҳтож одамлар бор бир вақтда, мендан шундай тез анализ олишганига уялдим. Менда коронавирус йўқлигига ишончим комил эди, ахир мен ҳамма йўл-йўриқларга риоя қилгандим.»

Афсуски, унинг ишончи оқланмади. Риадан олинган анализ унда вирус борлигини аниқлади.

Аҳволи оғирлашиб, тобора кўп кислородга зарурат пайдо бўлар экан, уни Лондондаги энг катта ковид-19 муолажаси марказларидан бирига кўчиришди.

Риа, ўз жуссаси бу вирусга қарши жон-жаҳди билан курашар экан, қийин кечган икки кун ва бир тун давомида уни мунтазам кузатган шифокорлар юзидаги хавотирни эслайди.

Коронавирус инсон танасига тушгач, нима қилади? Видео:

У ўша даврда бошидан кечирганлари уни бутун умрга ўзгартирганини айтади.

«Аҳволим ёмонлашгандан ёмонлашди - нафас олиш худди тоққа чиқиш каби қийинлашиб қолди. Менга қараётган кўплаб қаҳрамонларнинг юзларидаги ташвиш ортиб борарди. Тобора кўп шифокорлар келиб, бир-бирига шивирларди - ҳар дақиқада ниманидир ёзиб текширишарди. Қўрқинчли, мавҳум вазият, эҳтиросларим ва бошимдаги саволларим шундай кўп, лекин уларга жавоб олишдан қўрқардим.»

«Ўлишимга сал қолди, у ердан чиқмай қолишимга сал қолди. Оиламга видолашув хатларини ёза бошладим. Ўлим ёқасидан қайтдим. Энди эса тирикман. Қандай қилиб ҳаётим яна ўз изнига қайтсин?» - дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Риа унда пневмония бўлган ё бўлмаганини билмайди, лекин уйида соғайишни давом этаркан, ҳозир ҳам ўпкасидан «хириллаган товушлар»ни эшитаётганини айтади.

Унинг соғайиши тез бўлмади. Касалхонадалигида аввалига ҳатто қимирлай олмасди, оғриқ кучлилигидан унга кислород билан қўшиб морфин ҳам берилди. У гапиришга мадори бўлмаганини айтади.

Сурат манбаси, Ria Lakhani

«Оғзимдан бир жумлани чиқариш нақ марафон югуришдек қийин эди.»

Бу зулмат ичида ёруғ ва умидбахш онлар ҳам бор эди. Риада қўшни каравотда ётган 96 яшар Айрис исмли қулоғи кар аёл билан ришта пайдо бўлди. Улар бир-бирига қайғура бошладилар.

«У менга қанчалар муҳтож бўлса, унга мен ҳам шунчалар муҳтож эдим» - дейди Риа.

У ўзи «асл қаҳрамонлар» дея атайдиган тиббий ходимларнинг кичик амалларида ҳам меҳрни илғади.

«Кичик-кичик амаллар… Ҳамширалар Айрисга тўхтамай иссиқ чой етказиб туришарди, ва баъзида яширин ортиқча торт бўлагини олиб келишарди, буни кўриб жилмаярдим.»

Уйида Риа эридан масофа сақлаши шарт бўляпти ва ҳали ҳам йўтал ҳужумларига учраб турибди.

Лекин, шунча одамлар ўлиб кетаётган бир даврда вирусдан омон қолганига шукур қилади.

«Бу воқеалар ичра мен яна ёруғ кунни кўрарканманми деган онларим бўлди. Ҳамма нарса мавҳум эди, оиламни жуда яхши кўрсам-да - ўша вақтларда улар менга қанчалар керак эканини англадим. Касалхонадан чиққан кунимни сўз билан таърифлашга ожизман - мен энди ҳеч қачон ҳеч нарсага беписанд бўлмайман.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek