Сардоба фожиаси: ИИВ чорва моллари ўғриланаётгани борасидаги хабарларга муносабат билдирди O'zbekiston

IIV

Сурат манбаси, IIV

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси билдиришича, 1 май куни Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида келиб чиққан сув тошқини оқибатида оғилхоналарда боғланган ҳолда қолган ёки сув тошқини орқали чиқиб кетиш имкони бўлмаган жойларда қолган 3743 та чорва моллари нобуд бўлган.

Айни дамда, бошқармага кўра, 4274 чорва моллари хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб ўз эгаларига топширилмоқда.

«Хозирда Мирзаобод туманинг Навбахор маҳалласи беда майдонида 200 дан ортиқ чорва моллари Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўриқловга олинган. Чорва молларини йўқотган (ўғирлатган) фуқароларимиздан ушбу манзилдан келиб чорва молларини олиб кетишларини сўраймиз» дейилади ИИБ матбуот хизмати тарқатган хабарда.

ИИБга кўра,и чорва моллари сақланаётган майдонда тўсиқ постлар ташкил қилинган.

«Мазкур постда чорва молларини олиб кетаётган ҳар бир юк машинаси ва пиёдалар назоратдан ўтказилиб, ушбу мулк айнан шу фуқарога тегишли эканлиги синчиклаб ўрганилиб, жараён фото ва видео тасвирга олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнгина чорва моллари ўз эгаларига қайтарилмоқда. Бу орқали чорва моллари ва бошқа нарса-буюмлар туман ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишининг олди олинаяпти.»

Бошқарма ўз баёноти билан ижтимоий тармоқларда, қолаверса, аҳоли орасида Мирзаобод туманида фуқароларнинг мол-мулки, чорва моллари талон-тарож бўлаётганлиги ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

Сурат манбаси, IIV

«Шу вақтга қадар фуқаролар томонидан ИИБга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган. Маълумот ўрнида, фалокат юз бериб, аҳолиси эвакуация қилинган ҳудудлар ички ишлар органлари томонидан тўлиқ назоратга олиниб, хавфсизлиги таъминланмоқда» дейилади расмий хабарда.

Том устидаги мол

Аввалроқ Би-би-сига гапирган сардобалик гувоҳлар ҳудудда чорва моллари кўп бўлганини айтганлар.

"Томнинг устигача сув эди. Мол томнинг устига чиқиб олганини видеода кўргандирсиз. Ўзимнинг итим ҳам шундай ўтирибди борсам", деди тошқиндан сўнг юзага келган аҳволга биринчилардан бўлиб гувоҳ бўлган эркак.

Гувоҳларнинг сўзлашича, айни вақтда аксар қишлоқларда сув анча тортилган, аммо тошқин аҳоли масканларини абгор ҳолатга келтириб қўйган.

"Мол ҳаддан ташқари кўп ўлган. Ҳозир солдатлар анча тозалаб ташлашди, лекин сув тортилгандан кейинги биричи аҳволни кўрганингизда… Бориб келган йигитлар ҳолатни видеога олиб келиб, бизга кўрсатишди. Кўчалар мол, ит, қўй, эчкининг ўлигига тўлиб кетган. Тошқиндан кейин кун бирдан исиб кетганига молнинг ўлиги ва балчиқнинг ҳидига чидаб бўлмайди,» - дейди улар.

"Менга ҳам уйимиз видеосини кўрсатишди. Сув уйимизнинг бурчагига катта молни олиб келиб, ёпиштириб кетган. Орқасидан узумларни хомток қиладиган шоти келиб урилган. Катта мол оғзидан шундай қони келиб, қотиб турибди-да.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek