Ўзбекистон: Президент фармони таксичиларни нега четлаб ўтди?

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи,

Ўзбекистонда пандемия даврида кўпчилик такси хизматларидан фойдаланмоқда.

Ўзбекистон президенитнинг 24 августдаги "Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан турли соҳалар бўйича фаолият юритиш лицензиялар ва рухсатномалар бекор қилинмоқда, тадбиркорлар ортиқча қоғозбозлик юкидан халос қилинмоқда.

Бироқ бу фармонда узоқ кутилган янгилик - шахсий автомашиналарда йўловчи ташишга рухсат бериш кўзда тутилмаган.

Фармон асосида 2021 йилдан бошлаб, йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш лицензияси жорий этилмоқда.

Бироқ фармонга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб юкларни автомашиналарда етказиб бериш, яъни "доставка" хизмати билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилмаслиги белгилаб қўйилган.

Президентнинг 2020 йил учун Давлат дастури тўғрисидаги фармонида жисмоний шахсларга автомобилда йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифларни киритиш топшириғи берилган эди.

Бундан ташқари май ойида ўтган видеоселектор чоғида президент Шавкат Мирзиёев ўзини-ўзи банд қилаётган 60 дан зиёд касб эгалари, жумладан, таксичилар даромад солиғидан озод этилишини маълум қилган, аммо бу кўрсатма ҳам июнь ойида эълон қилинган тегишли қарорда акс этмаган.

Бир кунда 7 ўлим

25 август куни давомида коронавирусга чалинган етти бемор ҳаётдан кўз юмди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

20 августдан бери Ўзбекистонда коронавирус туфайли юзага келаётган ўлим ҳолатларининг суткалик сони олтитадан пастга тушмаяпти.

26 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 289 та коронавирус ўлимлари қайд этилган.

Шу вақтга қадар мамлакатда қайд этилган коронавирус ҳолатларининг умумий сони 39,790 тага етган, 35,983 нафар бемор касалликдан соғайган.

Сурат манбаси, Facebook/UlugbekMeylikov

Сурат тагсўзи,

Пандемия шароитида кичик тадбиркорлик қилиб, оила боқиш - ўта қийин иш.

ССВ айни дам 3,518 бемор касалхоналарда даволанаётгани, улардан 294 нафари оғир, 110 нафари эса ўта оғир аҳволда эканини маълум қилмоқда.

"Замҳоким"лар танлови

Тошкент вилояти ҳокимлиги туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари танлов асосида ишга қабул қилинишини эълон қилди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент вилояти филиали Ангрен шаҳри, Бўка ва Янгийўл туманлари ҳокимликларининг бошқарув аппаратида мавжуд бўлган вакант лавозимларни малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида, очиқ танлов эълон қилади" дейилади ҳокимлик хабарида.

Хабарда номзодлар "Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали"да рўйхатдан ўтишлари, сўралган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишлари зарурлиги маълум қилинган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси қисқарди

Молия вазири Тимур Ишметов 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети ижросига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ялпи мажлисидаги маърузасида карантин даврида турли хизмат кўрсатиш соҳаларида сезиларли қисқаришлар юзага келганини маълум қилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, транспорт соҳасида 9,1 фоиз, яшаш ва овқатланиш хизматларида 17,1 фоизга пасайиш кузатилган.

У карантин чоралари туфайли апрель ойида жиддий қисқаришлар бўлганини таъкидлаган.

«Жорий этилган карантин чоралари ва чегараларининг ёпилиши натижасида жорий йилнинг апрель ойининг ўзида пуллик хизматлар 37,5 фоизга, шундан, умум овқатланиш хизматлари - 66,6 фоизга, транспорт хизматлари - 55,8 фоизга қисқарди», билдирган вазир.

Кириш имтиҳонлари репетицияси

Эпидемиологик хавфсизлик нуқтаи назаридан бу йилги олий ўқув юртларига қабул тест синовлари стадионларда ўтказилиши хабар қилинган эди.

Андижон вилояти ҳокимлиги кириш имтиҳонлари бошланиши олдидан Андижон шаҳрида ўқув машғулоти ўтказилганини маълум қилмоқда.

Ҳокимлик ўқув машғулотида 2 минг нафарга яқин абитуриент, 253 нафар гуруҳ назоратчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этганини билдирган.

Мамлакат бўйлаб қабул тест синовлари 2 сентябрдан бошланади ва 14 кун давомида ўтказилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek