ИШИДнинг улкан интернет кутубхонаси топилди: уни ёпиб бўлмаяпти

ИШИД тарғиботи

Сурат манбаси, iSD

Исломий Давлат ёки ИШИД ўз ғоялари, турмуш тарзи ва амалиётларини тарғиб ҳамда ташвиқ қилиш учун улкан интернет кутубхона очган.

Кутубхона шунчалик пухта ишланганки, у машҳур хонанда ё спортчиларнинг ижтимоий тармоқдаги ҳисобларига уланиб олиш йўлларини ҳам топган.

Ғарб буни фақат бир йил олдин билиб қолди.

Лекин ҳамон ушбу кутубхонанини йўқотолмаяпти.

Бу қандай кутубхона? Видео:

ИШИД ва интернет

Исломий Давлат гуруҳи бошқа жангари ташкилотлар каби интернетдан ўз мақсади йўлида фойдаланади.

Аммо аксар ёшлардан ташкил этган ва ўзи ҳам ёш бу гуруҳ бошқалардан бир қадам олдин кетгани аниқланди.

Стратегик мулоқот институти (СМИ) тадқиқотчилари Исломий Давлат ёки ИШИДга тегишли онлайн материаллар омбори ёки кутубхонасидан бирини топишди.

Бу рақамли кутубхонада 90 мингдан ортиқ материал бўлиб, ҳар ойда унга 10 минг одам кирган.

Экспертларнинг айтишича, айни кутубхона экстремистик мазмундаги материалларни давомий тарзда интернетга чиқариб туриш йўли бўлган.

Аммо бу тўпламни йўқотишнинг иложи йўқ, чунки маълумотлар бир жойда сақланмайди.

АҚШ ва Британиянинг терроризмга қарши мутасаддилари бу маълумотлар омбори ҳақида мунтазам хабардор қилинганига қарамай, у ўсиб, каттариб бормоқда.

"Яхшироқ террорчи"

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Кутубхонадаги мақола ва лавҳалар қандай террорчи бўлишни ўргатади.

Онлайн кутубхона ИШИД раҳнамоси Абу Бакр ал Бағдодийнинг 2019 йил октябрдаги ўлимидан сўнг топилган.

Ўша вақтда ижтимоий тармоқларда мазкур гуруҳни дастаклаб қўйилган аксар постларда қисқа линк бўлган.

Ана шу линклар орқали тадқиқотчилар турли тиллардаги видео ва ҳужжатларни топганлар.

Топилдиқлар орасида 2017 йилги Британиянинг Манчестер Аренасидаги, 2005 йил 7 июлдаги Лондондаги ва 2001 йил 11 сентябрь АҚШдаги террорчилик ҳужуми тафсилотлари ҳам бор.

"Бу ерда ҳужумни режалаш ва амалга ошириш учун билишингиз керак бўлган ҳамма нарса бор" - дейди СМИ директори ўринбосари Мустафо Аяд.

Мустафо Аяд архивни топган эди.

"Умуман бу нарсалар сизга қандай қилиб яхшироқ террорчи бўлишни ўргатади."

СМИ бу тўпламни "Халифат хазинаси" деб атади.

Институт тадқиқотчилари ойлар давомида унинг шаклланиши, қандай бошқарилгани, кимлар унга кирганини ўргандилар.

Маълумотлар ягона компьютер серверида эмас, балки марказлашмаган тизим бўйлаб тармоқланган.

Исталган одам бу материалларни турли ерларга жойлаштирилган серверлар орқали интернетда тарқата олган.

Бу эса уни офлайнга ўтказишни мураккаблаштиради.

Аммо "Халифат хазинаси" онлайн қолар экан, ИШИД уни давомий тарзда бойитиб боравериши мумкин.

Юлдуз хонанда

Сурат манбаси, iSd

Сурат тагсўзи,

ИШИД Жастин Бибернинг мухлиси аккаунтидан бу лавҳани тарқатган.

Тўплам материаллари ижтимоий тармоқлардаги изоҳ саҳифалари ва бот аккаунтларга қўшиб турилади.

Яна бошқа бир усул - турли машҳур шахслар, хонанда ё спортчиларга алоқадор Twitter аккаунтларини нишонга олиш.

Масалан, ИШИД жаҳонда машҳур поп қўшиқчи Жастин Бибер мухлисига тегишли аккаунтни эгаллаб олган ва ундан ўз махфий омбдори ё кутубхонасидаги материалларни тарқатиш учун фойдаланган.

Яна бир ҳолатда гуруҳ инглиз регби жамоасига тегишли аккаунтни ўзини гўё бу жамоани дастакловчи шахс қилиб кўрсатиб, ўзига эргашишга эришган.

"Улар нафақат платформалардан фойдаланишни яхши билишади, балки "Халифат хазинаси"даги материаллар кучини ҳам яхши тушунишади" - дейди жаноб Аяд.

Қочоқ келинлар

ИШИД махфий интернет омборидаги ҳамма материаллар ҳам зўравонлик ҳақида эмас.

Унга кирувчилар ИДнинг фалсафаси, диний матнлар ва ИШИД тарғиб қилган турмуш тарзи акс этган материаллар билан ҳам танишишлари мумкин.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, улар орасида ҳатто Шамима Бегим каби ИШИДга қўшилган британиялик қочоқ келинлар ҳақида маълумотлар ҳам бор.

Халифат хазинасига кирувчиларнинг аксари 18-25 ёшли араб йигитлардир.

Трафикнинг 40 фоизи ижтимоий тармоқлар, асосан, YouTube орқали келади.

Сурат манбаси, iSd

Сурат тагсўзи,

ИШИД онлайн кутубхонаси кенгайиб бормоқда.

Экстремист гуруҳлар

Шунингдек, СМИ Халифат хазинаси ягона шундай тўплам эмаслигини аниқлаган.

Бошқа экстремист гуруҳларга тегишли кичикроқ тўпламлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг кўпи номарказлашган асосда ишлайди.

"Жиҳодчилар учун бу платформаларнинг жозибадорлиги шундаки, бу номарказлашган платформаларни яратувчиларнинг ўзи ҳам фойдаланувчилар ишлатадиган серверларда сақланадиган ва фойдаланувчиларнинг тарқоқ тармоғи бўйлаб улашилган контентни назорат қилолмайди" - дейди Би би си Мониторингнинг жиҳодчилар бўйича бош мутахассиси Мина ал-Лами.

"Шахсий дахлсизлик, эркинлик ва шифрланганлик. Мана нима жиҳодчиларни ўзига жалб қилади".

Тадқиқотчилар Шарқий Нью Йорк округи прокурори идорасига ва шаҳар полициясига бу ҳақида маълумотларни тақдим этишган.

Бриоқ Нью Йорк расмийлари ҳозирча изоҳ беришгани йўқ.

Полиция маълумотни қабул қилгани ва ўрганиб чиқиш учун уни мутахассис зобитларга топширганини билдирди.

Широма Силва мақоласи асосида тайёрланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek