Туркия уйғурларни Хитой вакцинаси ва сармоясига алмаша бошлайдими? Turkiya Xitoy Uyg'urlar Dunyo

Туркия ва Хитой ўртасидаги тобора яқин алоқалар уйғурларни ташвишга қўйган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Туркия ва Хитой ўртасидаги тобора яқин алоқалар уйғурларни ташвишга қўйган

Туркияда бошпана топган уйғурлар Хитой ва Туркия ўртасида жиноятчиларни алшмашиш келишувидан хавотирга тушганлар. Келишув уч йил аввал имзоланган бўлса-да, у ўтган ой Хитой конгрессида маъқулланди ва энди навбат Туркия парламентига.

Айни дамда Хитойнинг Туркиядаги иқтисодий таъсири тобора ошиб бориши билан уйғурлар турк ҳукумати учун қанчалар қадрли деган саволларни ҳам ўртага ташлаяпти.

Хавотирларга Хитой Туркияга етказиб бериш учун буюртма олган 50 миллион дозалик вакцинани етказишда кечиккани сабаб бўлди. Турк мухолифат сиёсатчиларига кўра, Хитойнинг бу босими остида расмий Анқара уйғурларни Пекинга топшира бошлайди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон 2017 йилда Пекинга ташрифи чоғида Хитой президенти Ши Жинпинг билан жиноятчилар экстрадицияси бўйича битимга имзо чекканди. Аммо, шу пайтгача икки давлат парламентларида тасдиқдан ўтмаганди. Туркия парламенти январь охирида илк сессиясига йиғилганида бу масала кун тартибида бўлиши кутилмоқда.

Сурат манбаси, Abdurehim Parach

Сурат тагсўзи,

Истанбулдаги Хитой консуллиги ташқарисида юзлаб уйғурлар ўз бедарак кетган яқинлари суратлари билан намойишга чиқадилар

Хитой ўзида «қайта тарбиялаш марказлари» деб атаётган, аммо Хитойдан ташқарида «концентрацион лагерлар» дея ном олган мажмуаларда 1 ярим миллионга яқин ёшу қари уйғурларни сақлаб турибди.

Уйғур фаоллар ва халқаро ташкилотларга кўра, Хитой уларни ўз дини, маданияти ва тилини унуттириб, хитойлаштириш дастурини ишга солган. Икки йил олдин Туркия бу лагерларни «инсоният учун уят» дея қоралаганди.

АҚШ Давлат котиби лавозимини топшираётган Майк Помпео ўзининг охирги баёнотида Хитойдаги уйғурлар қисматини «геноцид» дея баҳолади.

«Мен Хитой халқ республикаси Шинжонда уйғур мусулмонлар ва бошқа этник ва диний озчилик гуруҳлари аъзоларини нишонга олиб, геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни амалга ошираётгани борасида тўхтамга келдим,» деб ёзди Помпео ўз твитида.

Сурат манбаси, Twitter

Сурат тагсўзи,

Майк Помпео уйғурлар аҳволини «қирғин» дея баҳолади

Хитой турмасида ўтказган уч йили ортидан Истанбулда яшаётган фаол Абдуреҳим Парачнинг айтишича, Туркия-Хитой алоқалари тарихда ҳали бунчалар юқори паллага чиқмаган. У экстрадиция битимини тасдиқлаш ҳаракатлари тезлаштирилганидан бери кечалари ухламай чиққанини айтади.

Дарҳақиқат, Туркияда охирги йилларда иқтисодий ўсиш пасаяр экан, ҳукумат молиявий кўмак учун Пекинга юзланди ва Хитой банкидан 3,6 миллиард долларлик қарз олди. 2019 йил июнида Хитой Марказий банки Туркия хорижий валюта резервлари учун 1 миллиард доллар ўтказиб берди.

2019 йил июлида яна Пекинга борган Президент Эрдўғон Хитой матбуотида Шинжондаги сиёсатни тўғри деб атагани хабар қилинди, аммо унинг идораси «таржима нотўғри кетган» дея буни рад этди.

Анқарадаги Хажеттепе университети профессори Доктор Эркин Экремнинг айтишича, охирги йилларда Ғарб давлатлари билан совуган алоқалар ортидан Туркия янги шерикларга мухтож ва Хитой бундан фойдаланяпти.

Шунингдек, Хитой Туркия орқали Европага «Янги ипак йўли» транспорт йўлагини ўтказаётгани ҳам икки томонни бир-бирига яқинлаштирган.

Масаланинг нафақат иқтисодий, балки мафкуравий тарафи ҳам аҳамиятли. Жаноб Эрдўғон охирги йилларда ўзини Ислом оламининг янги лидери сифатида намоён қила бошлади. Унга, хусусан, Ўзбекистонликлар орасида ҳам хайрихоҳлар кўп.

Наҳотки Хитой молияси ва сармояси дея У ўзининг янги идеологик мақомидан воз кечса? Доктор Экремга кўра, Туркия иқтисодий кучни йиғиб олмас экан, унинг қандайдир мафкуравий ё диний лидерлиги пуч бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek