Туркия ва Россиядаги сиёсат Ўрта Осиёлик муҳожирларга қандай таъсир кўрсатади?

Jeanne Féaux de la Croix
Image caption Jeanne Féaux de la Croix, Tübingen Университетидаги ёш олимлар гуруҳи мувофиқлаштирувчисидир

Муҳожирлик сиёсий ғояларингиз ва идеалларингизга қандай таъсир қилади? Марказий Осиёдан Туркия ёки, айниқса, Россияга меҳнат учун ҳижрат қилиш инсоннинг ҳукумат, миллат ёки дин ҳақидаги кўз қарашларини қанчалар ўзгартиради?

Шу йил январ ойида бир гуруҳ таниқли олимлар, фаоллар ва муҳожирлар айни саволларга жавоб топиш учун Истанбулда жам бўлдилар.

Собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган Ўрта Осиё республикалари фуқаролари энг кўп сафар қилувчи мамлакатлар Россия ва Туркия ҳисобланади. Бошқа юртлардаги муҳожирлар сони аниқ эмас. Аммо, бир неча миллион Ўрта Осиёликнинг Россияда мавсумий ишлаши ёки бутунлай ерлашгани аниқ. Туркияда эса бир неча юз минг Ўрта Осиёлик бор экани тахмин қилинади.

Меҳнатга яроқли инсонлар Туркия ва Россияни солиштиришга арзийдиган ягона омил эмас. Дунёдаги энг йирик империялар меросхўрлари бўлган бу икки мамлакатнинг Марказий Осиё билан бўлган алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Иккала мамлакат ҳам минтақа билан турли хил "биродарлик" ришталарига эга – "Туркий" ёки "Совет". Иккаласи ҳам яқинда ишчиларни "экспорт" этувчи мамлакатлардан "импорт" этувчи мамлакатларга айланишди. Иккала мамлакатда ҳам сўнгги йилларда иқтисодиёт ўсиши баробарида миллатчилик чуқур илдиз отди. Шу билан бирга Россия ва Туркия футлақо фарқ қилувчи сиёсий йўлни танлашган. Масалан, сиёсий Ислом масаласида. "Муҳожирлар муаммоси" ҳам икки жамиятда фарқли ўринга эга: 2013 йилда Москва ҳокимлигига бўлган сайловларда номзодлар Россия матбуоти орқали ўзларининг ксенофобик шиорлари билан танилдилар. Айни пайтда Туркияда, "ички душманлар" афтидан жамоатчилик эътиборини нафақат Марказий Осиё, балки Африкалик меҳнат муҳожирларидан ҳам узоқлаштирган.

Туркия ва Россияда яшаётган Марказий Осиёликлар бу жараёнлардан қандай хулоса чиқаришди? Ғурбатда яшаш уларнинг озодлик, давлатчилик ёки дин ҳақидаги тушунчаларини ўзгартирдими? Бир маънода, ҳижрат уларнинг сиёсийлашув жараёнини тезлаштирди, чунки уларда сиёсатнинг ўзгача жиҳатларини кўриш имкони пайдо бўлди. Янги муҳожирлар уларга манзур бўлувчи ёки уларни ваҳимага солувчи янги сиёсат, ўзгача соғликни сақлаш тизими ё бўлмаса иш топиш усулларини тажриба қилишлари мумкин. Ўрта Осиёликларда бирданига ўз ҳуқуқлари учун курашиш ё бўлмаса сокин ҳаёт кечириш имкони пайдо бўлди. Марказий Осиёлик муҳожирларнинг сиёсий тажрибалари ва муносабатларини тушуниш нафақат улар ватанларига йирик миқдордаги пулларни жўнатишлари, балки ватанларига янги ғоя ва тажрибалар билан қайтиб кетишлари мумкинлиги учун ҳам муҳим. Ҳозирга қадар, Истанбулдаги норозиликлар маркази бўлган - "Гези Парки"да бирорта Марказий Осиёликни учратмадик, бироқ Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси сингари хориждан туриб фаолият юритаётган бир неча мухолифат ҳаракатлари мавжуд. Туркидаги марказларидан туриб фаолият юрутувчи "Хизмат" ёки туркчилик ғояларини илгари сурган бошқа ҳаракатлар Марказий Осиёдаги муносабатларга кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Истанбулдаги Зейтинбурну тумани ҳокими муовини келиб чиқиши қозоқдир. Москва ёки Санкт Петербургда бир муҳожирнинг айни мақомга эришишини тасаввур қилиш деярли имконсиз. Шундай эса-да, икки мамлакатдаги хорижий ишчилар қонуний ишлаб юришларига тўсқинрлик қилувчи янги тартиб-қоидаларга тез-тез дуч келишади.

Оммавий муҳожират инсонларнинг маданий ва маиший ҳаётида ҳам ўзгаришлар ясаган: мисол учун, тожиклар ўз ота-оналари жанозаларига Skype орқали қатнашмоқдалар; ўрта синф турклар туркман, молдован ёки филипинлик уй хизматчиларини танлашда маош тайинлаш имконига эга бўлмоқдалар. Бундай оғриқли кўринишлар замонавий муҳожиратнинг бир қисми бўлса ҳамки, меҳнат муҳожирлиги Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин бўлмаган дейиш нотўғридир: 1989 йилга келиб чорак миллион Ўрта Осиёлик Россияда истиқомат қиларди. Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида муҳожир бўлган Ўрта Осиёликлар бошдан кечирганлари ҳақида турлича фикр билдиришади: баъзилар тотувликда яшаганликлари ва қонун устувор бўлгани ҳақида, баъзилар эса таҳқирланганликлари ҳақида ҳикоя қиладилар. Бир аср муқаддам, Марказий Осиёликлар Усмонийлар султонига (халиф сифатида) нажот сўраб мурожаат қилишлари мумкин эди. Аммо Усмонийлар давлати йўқсил Ўрта Осиёликларни ҳаж қилишдан тўхтатишга уринган, чунки улар ҳажга отланганлар ёрдамга муҳтож бўлиб қолсалар, давлат харажатлари ортишидан қўрққанлар.

Истанбулдаги учрашувда биз турли этник гуруҳларга қарашли бўлган муҳожирлар ташкилотлари ўртасида бирдамлик йўқлигидан ҳайратга тушдик. Бундай ташкилотларга сиёсий тафовутларни бир четга суриб қўйиб, экплуатацияга ва муҳожирларни учинчи даражали фуқаролар сифатида камситишга қарши самарали ҳамкорлик қилишларида олимлар ёрдами зарур бўлади. Муҳожирлик мавзуси Марказий Осиёда кенг мубоҳаса этилса-да, биз унинг Марказий Осиёдаги сиёсий ҳаётга қандай таъсир кўрсатиши борасида кўп нарса маълум эмаслигини аниқладик. Туркия ва Россиядаги жинсий тарбия, дин ёки тарихий даъволарга оид Марказий Осиёликлар тажрибасини ва уларнинг фикрларини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Келажакда бизда Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилишга ихтисослашган сиёсий партияларни кўриш имкони бўладими? Ёки Арманистон ва Гуржистон сингари "диаспораларлар вазирликлари" барпо этиладими?