Оврўпо раҳбарлари 2012 йил оғир келишидан огоҳлантирдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Муомалага киритилганидан 10 йил ўтиб Евро пул бирлиги мушкул вазиятга тушган

Оврўпо раҳбарлари кириб келган янги йил Евро пул бирлиги ҳудудида мушкул йил бўлишидан огоҳлантирганлар.

Евро қоғоз пули ва тангалари муомалага киритилганининг 10 йиллигида Олмония канцлери Ангела Меркел айтишича, ягона пул бирлиги Олмония иқтисодиётини кучли қилган, бироқ 2012 йил 2011 йилга нисбатан қийин бўлади.

Меркел хоним сўзларига кўра, Оврўпо "сўнгги ўн йилликлардаги энг қаттиқ синов"га рўпара келмоқда.

Олмония раҳбари бу мушкулликларни босиб ўтиш йўли узоқ бўлишини ва бу йўлда ортга кетиш истисно бўлмаслигини айтган.

Канцлер Ангела Меркел фикрича, бундай вазиятда Оврўпо қитъаси баҳамжиҳат бўлмоғи лозим.

Меркел хоним инқироз сўнггида Оврўпо бу инқирозга юз тутган пайтдагига нисбатан кучлироқ бўлиб чиқади, деган.

Ўзининг янги йил муносабатида Франция Президенти Николя Саркози айтишича, ҳали инқироз ортда қолгани йўқ.

2012 йил апрелида президентлик сайлови мўлжалланган, бу сайловда қайта сайланиш курашига киришган жаноб Саркози Франция иқтисоди ўсишини таъминлаш иқтисодиётда структуравий ўзгаришлар ясашни тақозо этганини айтган.

"Сиз йилни ўзингиз ва фарзандларингиз ҳақидаги хавотир билан якунлаяпсиз", деган телевизион мурожаатида Президент Саркози.

Евро пул бирлиги ҳудудидаги учинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланадиган Италия президенти қурбон бериш зарурлигини айтган.

Бу қурбонлик одамлар тарафидан "Италияни молиявий қулаш"и олдини олиш учун зарур, деган Президент Жорж Наполитано.

"Қурбонликлар ёшларнинг келажагини таъминлаш учун зарур. Бу бурч ва буни адо этмаслигимизнинг имкони йўқ", деган Италия президенти.

Январ ойи бошларида қитъа раҳбарларининг яна бир йиғилиши мўлжалланган, унда Оврўпо Иттифоқининг қарз инқирозини бартараф этиш йўллари яна муҳокама этилади.

Аксар иқтисодий таҳлилчилар фикрича, Оврўпо яна рецессияга қайтади. Ҳатто иқтисоди бақувват бўлган Олмонияда ҳам иқтисодий ўсиш 2012 йилда 1 фоизга ҳам етмаслиги мумкинлиги ҳақидаги башоратлар билдирилмоқда.

Бироқ иқтисодий таҳлилчилар Евро пул бирлиги муомалада бўлган мамлакатлар раҳбарларининг қарз инқирозини ҳал этиш борасида таклиф этаётган йўллари нақадар тўғрилиги борасида икки хил қарашдалар.

Олмония канцлери Ангела Меркел етакчилик қилаётган аксилинқироз режаси сиёсати тарафдорларига кўра, ҳукуматлар давлат бюджети харажатларини кескин камайтиришлари лозим.

Аммо айрим иқтисодчилар бундай сиёсат вазиятни янада оғирлаштиради, деган фикрдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ