Қимматбаҳо "Бентли" машиналари савдоси 37 фоизга ошди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қимматбаҳо "Бентли" машиналарини ишлаб чиқарувчи ширкатнинг маълум қилишича, 2011 йилда савдо глобал инқироздан аввалги даражага қайтди.

Ўтган йил 31 декабрга қадар 7003 та "Бентли" сотилган. Бу машиналарнинг нархи қарийиб 200 минг америка долларидан бошланади.

"Бентли"ларнинг энг кўпи ўтган йил давомида АҚШда сотилибди, иккинчи ўринда эса Хитойлик мижозлар.

"Бентли" ширкати раиси Волфганг Дюрхеймернинг айтишича, бу машиналарга қизиқиш аввалдан мавжуд бўлган бозорларда савдонинг қайта тикланиши, шунингдек янги бозорларнинг очилиши ўта ижобий ҳолатдир ва 2011 йилги ижобий молиявий натижаларга олиб келган.

"Бентли"лар савдоси 2011 йил декабр ойида ундан аввалги йилнинг декабр ойи билан солиштирганда 69 фоизга ошибди.

Бунга асосий сабаб октябр ойида тақдим этилган "Бентли"нинг янги Continental GTC моделининг тақдим этилиши, дея айтилмоқда.

"Бентли" ширкатига 20 аср бошларида Британияда асос солинган, лекин ҳозирда ширкатга Олмониянинг Volkeswagen ширкати эгалик қилади.

Лекин ширкат муваффақиятига қарамай ишчилар билан маошлар юзасидан тортишув ҳануз давом этмоқда.

Ширкат ўзининг 2700 ишчиси учун бу йил маошларни 4 фоизга ва янаги йил 3 фоизга оширишни таклиф қилган. Ишчилар бу таклифни етарли эмас, дея рад этганлар.