BBC navigation

Энг йирик мусулмон юртида Исломий молия кучаймоқда

Сўнгги янгиланиш 5 декабр 2012 - 12:45 GMT

Ҳалол тижорат юритиш нафақат Ислом оламида, балки Ғарбдаги мусулмонлар орасида ҳам оммалашмоқда

Пушти ҳижобли, истараси иссиқ Нурҳидоятий ҳали 28 ёшда. Аммо у ҳарбий кийим-кечак ишлаб чиқарадиган ўз хусусий корхонасига эга.

Бу - сердаромад тижорат. Лекин уни кенгайтириш учун банкдан қарз олиш керак. Банклар эса устама фоизсиз қарз беришмайди.

"Мен тижоратимни ривожлантириш ва янги уй сотиб олиш учун қарз олишни истардим" - дейди Жаббор Бантин Сиёриё банкида мен учратган бу тақводор аёл.

"Аммо устама фоиз олиш ҳам, тўлаш ҳам Исломда ҳаром қилингани учун ҳеч қаердан кредит ололмасдим" - давом этади Нурҳидоятий - "Исломий банкларнинг яна бир авло жиҳати шундаки, қўядиган депозитинг кам бўлса ҳам, барибир, бу учун банкларга қўшимча пул тўламайсан".

Нурҳидоятий каби ишбилармонлар дунёнинг энг йирик мусулмон мамлакати - Индонезиянинг ўсаётган иқтисоди учун муҳим.

Аммо Индонезияда бугун нафақат иқтисод, балки Исломий тақво ҳам кучаймоқда.

Ишбилармонлар эса шариатга мос иш юритишни истайдилар. Шу асно Индонезиядаги Исломий молия тизими бир йилнинг ичида 40% ўсди.

Тақво ва тижорат

250 миллионли Индонезия аҳолисининг 90% мусулмон. Бу ўлка дунёвий бўлса-да, аммо Ислом инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йиллари эса Исломий амалларни бажараётган одамлар сони ҳам ошаётир. Шундай шароитда ҳалол молия тизими ўртага чиқди.

Бунда сиз олган қарзингиз учун устама фоиз тўламайсиз. Шунингдек, судхўрлик ҳам қилинмайди. Бироқ сармояни бемалол Исломда ҳаром қилинмаган бирон тижоратга киритиш мумкин.

Индонезияда иқтисод ҳам, шахс эркинлиги ва тақво ҳам кучаймоқда

"Индонезиядаги Исломий молия умумий банк тизимининг бор-йўғи 4%ни ташкил этади" - дейди Индонезия Исломий Банклар Уюшмаси раҳбари Риаван Амин - "Лекин бу тизим шиддат билан ўсмоқда. Бир йилда 40% ошди".

Исломий банк тизими ахлоқий сармояга таянади. Масалан, қуёш нуридан энергия олиш каби соҳалар шулар жумласидан.

Индонезия ороллари бўйлаб ишлаётган бешта йирик қуёш энергияси мажмуаси айнан Исломий банклар орқали молияланади.

Ҳозир бу каби лойиҳалар учун керакли пуллар бадавлат мусулмон ўлкалари - Яқин Шарқ ва Малайзиядан келмоқда.

Исломий молия тизими Малайзияда ривожланган. Лекин мусулмон аҳолиси катта Индонезия бу борада ўта улкан имкониятлар мамлакатидир.

Узоқ йиллар яккаҳоким ва зулмкор тузум ҳукмронлик қилган ҳамда диний гуруҳлар жазолаб келинган Индонезиянинг сўнгги бир неча йилда эришган ютуқлари кўпчилик учун ақл бовар қилмасдир.

Ушбу мамлакат диний партиялар билан мулоқотга борди, демократия устунларига таяна бошлади ва жадал иқтисодий ривожланиш йўлига ўтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.