Қозоғистон: Ер Кодекси ижроси тўхтатилди

Image caption Ер Кодексига ўзгартишлар оммавий норозиликларга сабаб бўлган эди

Қозоғистон Сенати Ер Кодексидаги айрим нормаларнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қонун қабул қилган.

Унга мувофиқ, жамиятда норозиликларга сабаб бўлган ерни хорижликларга 25 йилга ижарага бериш ҳақидаги бандларнинг ижроси тўхтатилади.

Ўтган ой Президент Назарбоев янги таҳрирдаги Ер Кодексига мораторий киритиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.

Янги таҳрирдаги Ер Кодекси 2015 йил ноябрида қабул қилинган ва жорий йилнинг 1 июлидан кучга кириши кўзда тутилганди.

Ўзгартишларга мувофиқ, хорижий давлатларнинг фуқаролари ва умумий капиталининг 50 фоиздан ортиғи хорижликларга тегишли бўлган ҳуқуқий шахсларга қишлоқ хўжалигидаги ерларни 25 йилга ижарага олишлари мумкин эди.

Шунингдек, янги Ер Кодекси ерларни давлатдан хусусий мулк сифатида сотиб олиш имконини ҳам берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Назарбоев янги Кодекснинг мазмун-моҳияти аҳолига тўғри тушунтирилмаганини айтган

Президент Назарбоев Ер кодексининг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган нормаларига кейинги йилгача мораторий қўйилишини айтган.

У янги кодекснинг мазмун-моҳияти аҳолига тўғри тушунтирилмаганини айтган.

"Тушунмаган аҳолига етказиш керак эди, ерларимизни, айниқса, қишлоқ хўжалик ерларини сотиш ҳақида гап бораётгани йўқ", деган жаноб Назарбоев.

Апрел ойида "Ер кодекси"га қарши олма-Отада бошланган норозилик намойишлари бутун Қозоғистон бўйлаб ёйилган.

Фаолларга кўра, намойишларда минглаб кишилар иштирок этишган.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Қозоғистон ҳукуматини намойишчиларга нисбатан қаттиққўллиги учун танқид қилган.

Намойишлар чоғида ҳибсга олинганлар кейинроқ қўйиб юборилган.

Қозоғистонни ларзага солган намойишлар ва Оқтўбедаги ҳодисалар ортидан Президент Назарбоев ўз маъмурияти ва ҳукумат таркибида қатор ўзгаришлар қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.