Тожикистонлик ёшлар учун ўқишдан мардикорлик афзалми?

Image caption Муҳожирлар

Россияда меҳнат қилаётган тожикистонлик муҳожирлар орасида ўрта мактабни эндигина тамомлаган ёшлар кўпчиликни ташкил қилаётгани айтилади.

ФМС идорасида муҳожирларнинг аризаларини қабул қилиш бўйича масъул ходим бу борадаги ўз кузатишларини баён қилади:

"Ҳужжатларини патентга топшираётган тожикистонлик муҳожирлар орасида 18-19 ёшли йигитлар жуда кўп. Баъзилари 18 ёшни Россияда тўлдиришмоқда. Улар мактабни битиргач, олий ўқув юртларида ўқишса, бирор касбни эгаллашса бўлмайдими? Уларнинг қўлидан нима иш келади? Шу ёшдан оғир меҳнат билан шуғулланишлари тўғрими?"

Шимолий Тожикистон ўрта мактабларининг бирида ўқитувчилик қилаётган Улуғбек Ҳайдаров бу фикрни қувватлаб шундай дейди:

"Дарҳақиқат, бугунги ўқувчилар орасида олийгоҳларга ўқишга киришни мақсад қилаётганлар жуда оз. Кўплари мактабни битирган йилиёқ мардикорликка кетиб қолишяпти. Ўқувчиларнинг билим олишга интилишлари ҳам шунга яраша. Қуйи синфларда фанларни яхши ўзлаштираётган бола юқори синфларга кўчгач, олий ўқув юртига киришга шароити йўқлигини тушуниб етган заҳоти ўқишни йиғиштириб қўйяпти.

"Барибир Россияга бориб ишлашимга тўғри келади", деган фикр болаларнинг миясига ўрнашиб қолган".

Хўжанд давлат университетини 2009 йил тамомлаган, бугун эса, кўп қатори Москва шаҳрида муҳожирликда бўлган Бойиржон Ниёзов ўқишга сарфланган вақти зое кетган ҳисоблайди.

"Олий маълумотли бўлсак ҳам кўпга қўшилиб мардикорликка келдик. Ўйлаб қарасам, ўқишга кетган беш йил давомида Россияда ишлаганимда, анча ўзимни тиклаб оларканман. Бола-чақали бўлдик, энди уларни ўйлаш керак. Ўртоқларим улгурган кўп ишларга мен улгурмадим", дейди у.

Россиянинг турли шаҳарларида меҳнат қилаётган ёшларнинг айримлари билан ҳам шу мавзуда суҳбатлашдик.

"Дадам бир неча йил Россияда ишлаб акамни ўқитди. Акам ҳуқуқшуносликни битириб, тузукроқ ишга киролмади. Кейинроқ мактабда икки йилча ишлаб, уям Россияга келди. Дипломи бекор ётибди. Яхши жойга ишга киролмасанг, ўқишни нима кераги бор? Ундан кўра бу ерда пул топганимиз яхши эмасми?" дейди Ростов шаҳрида ғишт терувчи устага ёрдамчилик қилаётган Амиржон исмли йигит.

Сочида мардикорликда бўлган Шоҳрух эса, олийгоҳда ўқиш оилавий шароитларига тўғри келмаслигини айтади.

"Мактабда яхши ўқиганман. Университетга киришни орзу қилардим. Афсуски, шароитимиз кўтармайди. Беш йил бошқа шаҳарга бориб ўқиш учун пул керак. Ўқиганларга ҳавасим келади. Агар пул йиғишнинг иложи бўлса, кечроқ бўлса ҳам ўқишга кираман", дейди у ишонч билан.

Хўжанд давлат университети докторанти Мунаввара Ойматова абитуриентларнинг олийгоҳларга имтиҳон топширишларини назорат қилиш мақсадида Тожикистон президенти ҳузурида ташкил этилган Миллий тест маркази аҳволни ижобий томонга ўзгартиришига умид қилади.

"Энди ўқишга кириш учун абитуриент "пуштипаноҳ" изламай, ўз билимига таянган ҳолда, ўзи истаган олийгоҳга миллий тест маркази орқали кириши мумкин. Бундан ташқари, миллий тест маркази билимли ёшлар бир эмас, бир неча ихтисос бўйича имтиҳон топшириб, йиғилган баллар кўрсаткичи қайси ўқув юрти талабларига жавоб берса, ўша ерда таҳсил олишлари учун имконият яратади. Миллий тест марказининг ташкил этилиши оилавий шароитини ҳисобга олиб, ўқишдан кўра чет элларда мардикорлик қилишни афзал кўраётган кўплаб билимли ёшларнинг олий ўқув юртларига киришлари учун йўл очса ажабмас", дейди Мунаввара Ойматова.

•Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.