Қирғизистон Президенти қўшиғига яна клип олди

Ижтимоий тармоқларда Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг учинчи клипи пайдо бўлди.

KNEWS сайтининг хабар беришича, жаноб Атамбоев "Ўлим мен учун қўрқинчли эмас" қўшиғига олинган клипни намойиш қилган.

Қўшиқ Сергей Орлов қаламига мансуб бўлиб, иккинчи жаҳон уруши аскарларига бағишланган.

"Сўзларни хотирамда борича тикладим, шу боис қаердадир адашган бўлишим мумкин. Интернетда бу шеърнинг матнини топа олмадим", дейди Атамбоев.

Янги клипда Григорий Чухрайнинг "Солдат ҳақида баллада" филмидаги кадрлардан фойдаланилган.

Қирғизистон маъмуриятидан айтишларича, август ойида таътил пайтил пайтида президент қирғиз тилидаги беш қўшиқни ёзишни режалаштирмоқда.

Олдинроқ Атамбоев сентябр ойида нишонлайдиган 60 ёшлик юбилейида ўн қўшиқни ўзида жамлаган компакт диск чиқаришга ваъда берган, ундан бештаси қирғиз ва бештаси рус тилида бўлишини айтганди.

Видеоклиплар режиссёр Фурқат Турсунов томонидан эски совет кинолари кадрлари асосида монтаж қилинган.

Июл ойида Алмазбек Атамбоевнинг икки клипи интернетга чиққан. "Тақдирга қасдма-қасд" ва «Мен сенсиз яшай олмайман» номли қўшиғи дебют бўлган.

Бундан олдин бир нечта интервьюларида жаноб Атамбоев ўзининг президентлик муддати тугагач, давлат ишида қолишни режаламаётгани, балки ижод билан шуғулланишини билдирганди.

Собиқ Иттифоқ республикалари раҳбарлари ўзларининг сиёсатдан бошқа қобилиятларини намоён этиб туришади.

Деярли барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари омма ўнгида ўзларининг "санъаткорона" қобилиятларини намойиш этиб улгуришган.

Туркманистон Президенти Бердимуҳаммедов гитара ва аккордеон чалиб қўшиқ айтган.

Қирғизистон раҳбари Атамбоев "Тақдирга қасдма-қасд" қўшиғини ёзиш баробарида куйлаб ҳам берди. Энди эса албом чиқарадиган бўлди.

Қозоғистон Президенти Назарбоев дўмбира чалиши билан ажралиб турса, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса раққослигини ҳар байрам намойиш этади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қўшиқ ҳам айтади, рақсга ҳам тушади.

Социолог-тадқиқотчи Алишер Илҳомовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, президентларнинг ўз ижодий маҳоратларини намойиш этишлари ортида асосан икки омил ётади.

"Уларнинг бири қандайдир "пиар" стратегиялари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, агарда омма билан ишлаш бўйича маслаҳатчилар мамлакат раҳбарининг легитимлигини ошириш йўлида ишлаётган бўлсалар, "келинг бир нарса яратинг ёки омма ўнгида рақсга тушинг, обрўингизни ва шу билан бирга легитимликни ҳам оширади", дея маслаҳат беришлари мумкин.

Лекин бу каби амалдан бирон жиддий натижа чиқадими - йўқми ва ҳақиқатан ҳам юз берадими-йўқми, бунисини айтиш қийин. Чунки Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳақиқий сиёсий муқобиллик мавжуд бўлмаган йўлда қудратга эришган шахслар бўлиб, эркин сайловлар юз бермайдиган шароитда бу каби пиар стратегияларига у қадар ҳам муҳтож эмаслар.

Қайсидир маънода Қирғизистон раҳбари бундан мустасно, чунки у нисбатан эркин сайловлар натижасида қудратга келган. Энди бошқа томондан агардаки раҳбарлар халқ томонидан "содиқлик" кризиси рўй бераётганини ҳис қилсалар ҳам, бундай қадамларга боришлари эҳтимоли бор", дейди таҳлилчи.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.