Тожикистон мухолифат фаоли экстрадициясига эришмоқчи

Image caption Муҳиддин Кабирий Тожикистондаги сиёсий вазият жуда мураккаблигини айтади.

Тожикистон ҳукумати мамлакатда тақиқланган "Ислом Уйғониш партияси" раҳбари Муҳиддин Кабирийни экстрадиция этилиши бўйича Интерполга аъзо барча мамлакатлар билан музокаралар бошлаган.

Бу ҳақда Тожикистон Ички Ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Душанбеда ўтган матбуот анжуманида билдирган журналистларга.

Ички Ишлар вазирлигимаълумотларига кўра, айни пайтда 1660 Тожикистон фуқароси Интерпол қидирувида, уларнинг 1400 таси терроризм ва экстремизмда айбланади.

Шу йилнинг ўзида мамлакатда Интерпол бўйича 342 киши қидирувга берилган, шундан 275 нафари яна терроризмда ва диний айбловларга юз тутганлардир.

Ислом Уйғониш партияси фаолияти Тожикистонда террористик ва экстремистик деб топилган. Олий маҳкама қарори билан 2015 йил партия фаолияти тақиқланган эди.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий ўтган йил март ойида ўтган парламент сайловларидан кейиноқ Тожикистонни тарк этган, ҳозирда муҳожиротда. Тожик ҳукумати унинг партиясини 2015 йил сентябр ойида давлат тўнтаришига уринишни молиялаштирган ва ташкиллаштирган деб айблаган.

Муҳиддин Кабирий бу айбловларни рад қилиб, уни сиёсийлаштирилгани, Имомали Раҳмон мамлакатдаги мухолифатни бирин-кетин йўқотаётганини айтади.

Тожикистон ҳукумати шу йилнинг ўзида юзлаб партия аъзолари ва тарафдорларини ҳибсга олган. Аксарияти ёпиқ ўтган маҳкама жараёнларида судланувчилар тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик ва терроризмда айбланиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилганлар.

Жаноб Кабирий фикрича, мамлакатдаги ҳозирги сиёсий вазият анча мураккаб ва таваккал қилиб бўлмайди.

Тожикистон ҳукуматининг мўътадил мусулмонларга нисбатан юритаётган сиёсати мўътадилларни бурчакка тақаб бормоқда ва радикал қарашдагиларнинг сони кўпайишига ёрдам бераяпти, дейди Муҳиддин Кабирий Би-би-сига.

Муҳиддин Кабирий Тожикистонда қолган оила аъзолари ҳақида хавотир билдирган.

Шу йил январ ойида Муҳиддин Кабирийнинг 95 ёшли отаси Истанбулга йўл олган учоққа қўйилмаган.

Бундан ташқари Youtube видеопорталида қариндошларининг Кабирийга "давлат сиёсатига аралашмаслик ва нотўғри йўлга кирмасликни" маслаҳат бераётганлари туширилган видео пайдо бўлган.

Бу амал ижтимоий тармоқлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан танқидларга учраган.

Баъзилар бу амалларни президент Раҳмон ҳукумати томонидан "мухолифларни гаровга олиш" дея баҳоладилар.

Муҳиддин Кабирий яқинларидан бирининг Би-би-сига айтишича, хавфсизлик хизмати ходимлари бу ҳодисалар тафсилотларини ошкор қилсалар, "оқибатлари ёмон бўлиши" билан огоҳлантирганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.