Кобулдаги портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган

Кобулдаги портлашдан сўнг Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғон расмийларига кўра, минглаб Ҳазора миллати вакилларининг намойишини нишонга олган худкушлик ҳужумида 60 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 200 киши яраланган.

Ҳодиса пойтахт Кобулнинг Деҳ Мазанг хиёбонида рўй берган.

Ҳазоралар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудни айланиб ўтиш режалаштирилган TUTAP электр линияси лойиҳасига қарши бир неча марта норозилик намойишлари ташкил қилишган, 23 июл куни ҳам марш режаланган эди.

Намойишчилар тўпланаётган пайтда кучли портлаш юз берган.

Ҳужум учун масъулиятни ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ олган.

Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид оммавий ахборот воситаларига йўлланган электрон мактубда ҳаракат ушбу ҳужум ортида турмаганини айтган.

Портлаш жойида бўлган гувоҳларнинг айтишича, атрофда қон ва инсон жасадлари парчалари сочилиб кетганидек даҳшатли манзарани кўрганлар.

Норозилик юриши боис пойтахт Кобулнинг марказида катта ҳудуд ўраб олинган эди.Осиё Тараққиёт банки ҳомийлик қилаётган TUTAP(Turkmenistan-Uzbekistan-Tajikistan-Afghanistan-Pakistan) лойиҳаси бир неча миллионли йирик инфраструктурали лойиҳадир.

TUTAP 500 киловатт электр қувватини Марказий Осиёдан Афғонистон орқали Покистонга ўтказишни назарда тутган.

Ҳозирги режага кўра, Афғонистоннинг Пули Хумри шаҳридан тортилган электр узатиш линияси Саланг довони орқали Кобулга етказилиши лозим.

Бироқ TUTAPнинг илк режасида электр линиясини аксар Ҳазора миллати яшайдиган Бомиён вилояти орқали барпо этиш кўзда тутилган эди.

Йирик лойиҳанинг ўтиш йўли Бомиёндан Салангга ўзгартирилгани Ҳазораларни ғазаблантирган.

15 май куни Бомиённинг ўзида норозилик амалиётлари ташкил қилинган.

Эртаси куни эса Афғонистон пойтахтида тўпланган Ҳазоралар айтишича, ўзларига нисбатан камситиш сиёсати юритилмоқда.

Ҳазоралар, Толибон ҳокимиятдан ағдарилган 2001 йилдан буён Бомиён вилояти тараққиётига мамлакат раҳбарияти эътибор бермай келаяпти, дейдилар.

Хабар қилинишича, TUTAP лойиҳасини Саланг орқали ўтказишга Афғонистон ягона электр тармоғини барпо этиш боис қарор қилинган.

Ҳозирги пайтда Афғонистоннинг 30 фоизи электр қуввати билан таъминланган ва мамлакатнинг турли қисмлари электр энергиясини турли мамлакатлардан олади.

Ғарбий ҳудудлар Эрон, шимолий вилоятлар Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келаётган электрдан фойдаланадилар.

Бир ҳудудда электр тақчиллиги юзага келган пайтда иккинчи ҳудуддан осонлик билан қувватни йўналтириш имкониятини берадиган Афғонистон ягона электр тармоғини барпо этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келинган ва шу сабаб Пули Хумридан электр узатиш линиясини Саланг довони орқали тортиш режаси тузилган.

Ҳазоралар эса Пули Хумридан линияни аввал Бомиёнга, сўнг Вардак вилоятига, сўнг Кобулга тортишни талаб қилмоқдалар.

Афғонистон ҳукуматига кўра, ҳозирги режа Бомиён ва Вардакка ҳам электр таъминиотини яхшилайди.

Дастлабки режа эса ўн миллионлаб доллар қимматга тушади ва қуриш кўп вақтни олади.

Ҳозирги режани 2018 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ҳазораларнинг норозилик намойишлари боис Афғонистон Президенти Ашраф Ғани TUTAP лойиҳасининг йўналишини қайта кўриб чиқишга фармойиш берган.

TUTAP билан бирга Афғонистон орқали CASA-1000 электр узатиш линиясини ҳам барпо этилмоқда.

12 май куни Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари Душанбе яқинида CASA-1000 лойиҳасини бошлаш тантанали маросимида қатнашдилар.

CASA-1000 лойиҳаси Қирғизистон ва Тожикистондан ёз ойларида ортиқча электр энергиясини Афғонистон ва Покистонга сотиш имкониятини бериш мақсадини кўзлаган.

CASA-1000 лойиҳасини Жаҳон банки, Исломий Тараққиёт банки, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британия Халқаро ҳамкорлик вазирлиги(DFID) ва Австралия Халқаро Тараққиёт агентлиги(AusAID) молиявий қўллаб-қувватлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondonb

• bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг