Бишкек–Анқара алоқалари совуқлашмоқдами?

Image caption Қирғизистон ўзи аъзо бўла туриб, Туркияга халқаро ҳақларни тўлаш мажбуриятини бериб қўйгани уятли иш дейди, таҳлилчилар.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Метин Қиличнинг Туркия Қирғизистонни халқаро ташкилотлардаги тўловларини тўлаб келаётгани тўғрисидаги баёноти баҳсу-муҳокамаларга сабаб бўлди.

Элчининг бундай баёноти Туркияда амалга ошмай қолган "ҳарбий инқилоб" ортидан қирғиз-турк алоқаларини нозик бир палласида оловга бензин сочгандай бўлди.

Республикада фаолият олиб бораётган турк дин арбоби Фатҳуллоҳ Гуланга алоқадор таълим масканларини ёпиш тўғрисидаги Анқаранинг илтимосига Қирғизистон рад жавоби бергани икки давлат алоқаларига салбий таъсир этган эди.

Устига устак, турк элчиси Метин Қилич, 28 июлда махаллий маълумот агентлигига берган интервьюсида: "Туркия Қирғизистоннинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва Бишкекнинг БМТ, шунингдек бошқа ҳалқаро ташкилотлардаги аъзолик ҳақларини грант ҳисобидан тўлаб келмоқда" дея эслатган.

Турк элчисининг бу маълумоти ўз навбатида қирғиз жамиятида турли фикрларни, баҳсу-муҳокамаларгни пайдо қилди. У Туркия қачондан бошлаб Қирғизистон учун ҳақларни тўлаб келаётганини очиқламаган.

Қирғизистон ўзи аъзо бўла туриб, Туркияга ҳақларни тўлаш мажбуриятини бериб қўйгани уятли иш дейди тахлилчилар.

Собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Женшенқулов қирғиз ҳукуматини Туркия олдидаги қарзларини тўлашга даъват этади.

"Анқара ўз ихтиёри билан ёрдам қаторида ҳақларимизни тўлаётган бўлиши мумкин. Лекин, элчининг ҳозир бундай баёнот билан чиқиши, бизни қўрқитиш бўлиб ҳисобланади. Бунга зудлик билан жавоб қайтариб, сўнгги йилларда тўлаган пулларини қайтариб бериш керак. Менинг билишимча, аъзолик ҳақи юз минг доллар атрофида бўлса керак. Бу давлат учун унчалик ҳам кўп пул эмас" - дейди Аликбек Жекшенқулов.

Жаноб Жекшенқуловнинг фикрича, турк элчиси бу масалани қирғиз ҳукуматини "гуланчиларни тозалаш" илтимосига рад жавобини бергани учун ўч олиш мақсадида ўртага олиб чиққан.

2014 йили ўша пайтдаги молия вазири Ольга Лаврова парламентда маълумот бераётиб, Туркия Қирғизистоннинг ТУРКСОЙ ташкилотидаги аъзолик ҳаққини тўлаётганини маълум қилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2013 йил учун 202 минг доллардан ошиқроқ харажат Туркия Қирғизистонга ажиратган 6 миллион долларлик грант ва 100 миллион доллар қарз ҳисобидан тўланган. Шу йўл билан Анқара 2016 йилгача ҳақларни тўлашни давом эттириши, 2017 йилдан бошлаб эса Қирғизистон ўз ҳисобидан тўлаши кўрсатилган.

Қирғизистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси Мамбетжунус Абилов ўзи ишлаётган пайтда давлат ТУРКСОЙ ташкилотидаги аъзолик ҳаққини тўлашга қурби етмаганини тасдиқлайди.

"Биз мазкур ташкилотга ўзимиз кириб, ҳақни тўламай, бировдан илтимос қилганимиз тўғри эмас, уят. Ҳужжатлар имзоланаётганда, "мен аъзо бўлиб кирай,уни ҳақларини турклар тўласин" деган келишув бўлмаганда" - дейди собиқ элчи.

Туркиянинг Ташқи ишлар вазири Мевлут Чаваш ўғли 24 июлда қатор давлатлар қатори Қирғизистон ҳам Анқарани қўллаб-қувватлаб, "гуланчиларга" муносабатини ўзгартирмаса, бу икки давлат алоқаларига салбий таъсир этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

25 июлда Қирғизистоннинг Ташқи вазирлиги Мевлут Чаваш ўғлининг бу баёноти давлатни ички ишларига аралашув ҳаракати дея, рад жавобини берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.