Туркиядаги вазият қирғизистонликларга таъсир қилди

Турк ҳукумати ёпган олий ўқув юртларида ўқиган ва ташкилотларда ишлаган қирғизистонликларни қайга борари номаълумлигича қолмоқда.

Уларнинг айримлари ўз ихтиёрлари билан Қирғизистонга қайтаётгани айтилмоқда. Шунингдек турк ҳукумати ёпилган университетларнинг студентларига бошқа таълим масканларида ўқишларини давом эттириш имкониятини бериши ҳақида эълон қилган.

Қирғизистоннинг Ташқи Ишлар вазирлиги ишсиз қолган ва ўқишдан чиққан қирғиз фуқароларидан мурожаатлар келмаганини билдирмоқда.

Туркияда Фатҳуллоҳ Гуленга тегишли 15 университет ёпилган. Мазкур олий ўқув юртларида 161 қирғизистонлик талабалар таҳсил олиб келган. Бу ҳақда Туркия ҳукумати қошидаги Олий таълим бериш мауссасининг расмий сайтида маълумот жойлаштирилган.

Сайтдаги эълонга мувофиқ, ҳукумат тарафидан ёпилган хусусий университет талабалари энди давлат ўқув юртларига ўта оладилар. Уларга бунгача тўлаган ўқув ҳақларини энди давлат ўқув юртларига тўлаш шарти қўйилган.

Ёпилган ўқув юртлари орасида Истамбулдаги «Фотиҳ» университети ҳам бор. Мазкур ўқув юрти қошидаги тиббиёт клиникасида ишлаб, бироқ у ёпилганидан кейин ўз давлатига қайтишга мажбур бўлган қирғизистонлик Алмаз Акибаев ҳукумат талабаларга олис ҳудудлардаги билим савияси паст ўқув юртларида ўқишларини тавсия қилган.

«Мисол учун, талабаларга Туркиянинг Диярбакир вилоятидаги давлат ўқув юртида ўқишлик таклиф қилинибди. Турк ҳукумати «шундай имконият бўлади, бироқ Истамбулдаги «Фотиҳ» университетидаги йиллик ўқув ҳаққини тўлайсизлар» деган шарт қўйди. Бироқ, «Фотиҳ» университети билим бериш сифати бўйича Туркиядаги олдинги энг яхши ўн ўқув юртига кирарди. Энди бундай таклиф бўлганидан кейин, талабалар қаерга боришларини ўзлари ҳал қилсалар керак» - дейди Алмаз Акибаев.

Туркия ҳукуматининг Олий таълим бериш муассаси маълумотига мувофиқ, бу давлатда 1994 қирғизистонлик талаба таҳсил олади.

Туркияда таҳсил олган хорижлик талабалар сони бўйича энг кўп кўрсаткич Озарбайжонга таълуқли. Бу давлатнинг 12 минг талабаси Туркияда ўқийди. Талабаларнинг сони бўйича Қирғизистон Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Туркманистон, Сурия ва Грециядан кейин 7 ўринда туради.

Қирғизистон таълим вазири муовини Тўқтўбубу Ашимбаев ўқишдан чиққан қирғизистонлик талабалардан расмий мурожатлар келмаганини айтади.

"Бизга Туркияда ўқиган талабалардан мурожат бўлса, албатта у масалани ўрганиб чиқамиз. Расмий маълумотларда қирғизистонликлар тахсил олаётган аниқ ўқув жойлар номлари айтилгани йўқ. Ҳозирча ёпилган университетларнинг сони бўйичагина маълумотлар берилмоқда. Шунинг учун, қайси ўқув юртларида қандай талабалар ўқиган таълим даргоҳлари ёпилгани ҳақида ҳозирча бизнинг хабаримиз йўқ. Агар у маълумот аниқланса, уни албатта, ҳар бир талабанинг мурожаати асосида ўрганиб чиқамиз. Уларнинг аҳволига биз эътиборсизлик қилолмаймиз. Сабаби, улар бизнинг фуқаролар. У ерда асосан ҳусусий ўқув юртларида билим олаётганлар бор. Ҳар бир холатни алоҳида ўрганиш керак" - дея тушунтиради Тўқтўбубу Ашимбаев.

Туркия ҳукумати 15 июлда амалга ошмай қолган "ҳарбий инқилоб"да Фатуллоҳ Гулен ҳаракатини айблаб, унга алоқадор ўқув юртларини ёпган. Ташқи Ишлар вазири Қирғизистонни ҳам ҳудди шундай қарор қабул қилишга чақирган. Бироқ, расмий Бишкек Анқаранинг бу талабига жавобан, бу давлатнинг ички иши эканинг айтиб, унга четдан аралашувга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ҳақида огоҳлантирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.